ШУКРОНАЛИК

Мустақиллик тенгдоши бўлган “Hamkorbank”нинг 30 йиллиги арафасида фидойи соҳа ходимлари ҳақида ёзиш истаги туғилди-ю, қаҳрамон сифатида банкнинг Тошкент филиалида анчайин меҳнати синган, айни пайтда нафақада бўлган Шаҳноза Шокаримовани танладим. Телефонда боғланар эканман, опанинг овозидаги энтикиш, ҳансираш, қийналиб гапираётганидан хавотир олдим-у, “сизни безовта қилмай кейинроқ гаплашсак бўладими?”, дея сўзимни қисқа қилдим. Опа рози бўлдилар. Бир-бир қўнғироқ қилиб ҳол сўраб турдим, кундан кунга соғая бордилар. Суҳбатимиз “Hamkorbank”нинг “Андижонбанк” пайтидаги “ҳаёти”дан бошланди.
— Ўтган йилнинг озори ҳали қалбларимиздан кетмай туриб танамда оғриқ, сал-сал йўтални сездим, касаллик хуруж қилиб қолди. «Тез ёрдам» билан шифохонага ётқизилдим. Ҳозир анча яхшиман. Биласизми, шифохона мен учун ортга назар ташлаш — иш, турмуш, фарзанд­лар… ўтган умрнинг сарҳисобини англатди.
Болалигимда таржимон бўлишни орзу қилганман. Онам раҳматлик узоқ йиллар банк соҳасида фаолият юритгани боис касбини жуда-жуда севарди ва фахрланарди. “Мени касбимда ишла, банк ходими ҳам халқ хизматида бўлади-савоб иш” дея такрорлардилар. Шу сабаб бу соҳани танладим.
Илгари Тошкент шаҳридаги “Савдогарбанк”да ҳисобчи бўлиб ишлаганман. 1998 йилда Марказий банк томонидан ташкил қилинган тадбирда ўзини Нигора Тешабоева дея таништирган аёл билан ёнма-ён ўтириб қолдим. У “Андижонбанк” ходимаси экан. Худди эски қадрдонлардай суҳбатимиз қизиди ва андижонлик экани, шу кунларда уйга қайтмоқчилигини айтди. Нигора Тешабоева сабаб ҳаётимда туб бурилиш бўлди, десам мақтанишга йўйманг…
Юрий Леонидович Ли раҳбарлик қилаётган Тошкент филиалининг кичкина жамоаси Шаҳноза Шокаримовани илиқ кутиб олди, раҳбар ўринбосари лавозимида фаолиятини бошлади.
— “Халқлар дўстлиги” саройи ёнида биз каби яна 3 та банк жойлаш­ганлиги боис рақобат кучли эди. У вақтларда кредит ажратилар, бироқ қайтарилишида муаммолар қийнарди. Роса бир йил курашдик, иккинчи йилда фойдага кирдик…
Астойдил меҳнат, изланишлар самараси кўринди. Ходимларнинг тартиб-интизомлилиги, хушмуомалалик, тез ва сифатли хизмат асносида мижозлар кун сайин кўпайди. Кредитор ва омонатчиларига эга бўлди. Аста-аста банкнинг нуфузи ҳам орта бошлади. Табиийки, бу вақтга келиб мутахассисларга эҳтиёж сезила бошлади. Иқтидорли, билимли, изланувчан ёшлар саралаб олинди. Уларга Шаҳноза опа сингари тажрибали устозлар касб сирларини ўргатдилар.
— 2006 йилда нафақага чиқдим. 2 йилдан сўнг банкнинг бош офисига ички тафтиш хизматига таклиф қилишди. Вазифамиз филиалларга юриб, текширувлар олдидан хато -камчиликларни бартараф этишдан иборат эди…
2017 йилга қадар ушбу вазифани сидқидилдан бажарган опа тажрибаси юқорилиги боис банкнинг омонат текширувлари гуруҳига ўтказилади ва бу вазифани ҳам аъло даражада уддалайди.
— Ёшингиз улғайган сари яқинларингиз меҳрини кўпроқ ҳис қиларкансиз ва уларга талпинар экансиз. Ишлаш оғирлик қилмади, бироқ набираларимга буви сифатида ўгитларим зарурлигини тушундим.
Банкда ўтган ҳар бир куним бир — тарих, ширин хотиралар. Эслаш мароқли. Фарзандларим, айниқса, набираларимга сўзлаб бериш завқини айни дамда кўп ҳис қилмоқдаман, — дея салмоқ билан сўзлаётган Шаҳноза Шокаримованинг қарашларида ҳаётдан мамнунлик, тинчлик-хотиржам кунларга шукроналикни сезиш мумкин.
Н. Тўрақулова.