ЭЗГУ ИШЛАРГА БЕЛ БОFЛАДИК

Мижозлар ишончини оқлаш, уларнинг давомийлигини таъминлаш, ҳуқуқларини суиистеъмол қилмаслик, имтиёз ва имкониятларини кенгайтириш замонавий банк маҳсулоти ҳамда хизматларида ўз аксини топади. Хусусан, онлайн хизматлар кўрсатишни жорий қилиш ва ривожлантириш орқали аҳоли эҳтиёжлари қондирилади. Урганч универсал банк хизматлари офиси жамоаси 20 йилдирки, ана шу мақсад йўлида меҳнат қилиб келмоқда. Илк фаолият даврида 20 га яқин ходим ишлар эди. Ходимлар сонининг ўсиши банк маҳсулотларига талабнинг ортиб бораётганлигини англатади.

Жамоамиз аҳил-иноқ. Ўз касбини севадиган, меҳнатдан қочмайдиган ва малакали ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Улар орасида корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи Оғабек Искандаров ҳам бор. Оғабек қатори бўлимда яна 9 нафар шижоатли ёшлар 2024 йил давомида 4200 га яқин мижозга хизмат кўрсатди. Яна бир масъулиятли, энг кўп мурожаатлар бўлими ҳисобланган ЧХБ бошлиғи Руслан Қобулов 20 мингдан зиёд мижозга банк хизматларини тақдим этди. Ҳар икки бўлимнинг салоҳияти туфайли 2024 йил якунлари бўйича, ўз гуруҳимизда 2-ўринни эгалладик. Бу, албатта, қувончли.
Бугун глобаллашув жараёнларида ҳар қандай банк тизимида катта ўзгаришларни кўриш мумкин. Айнан “Hamkorbank”да юқори сифат ва тезкорлик, банк маҳсулотларини мижозларга етказиш тамойили яратилган. Ҳар бир ходим ушбу тамо­йил асосида фаолият юритиб, юқори натижаларга эришмоқда. Масалан, банк ҳисобварақларини масофадан бошқариш, онлайн алоқаларни ривожлантириш мақсадида кейинги йилларда эришилган юқори ва барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари, макроиқтисодий барқарорлик ва уни мустаҳкамлаш, кредиторлар, омонатчилар ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилинишини кучайтиришга эришилди.
2024 йил мобайнида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида “Маҳалла банкири” тизими яратилди. Чакана бўлими вакиллари тарғиботни кучайтириш учун стажёрлар хизматидан фойдаланиб маҳаллаларга кириб борди. Аҳолининг эҳтиёжига қараб кредитлар белгилаш тартиби яратилди. Бу борада янгиликлар, қўшимча маслаҳатларни Улуғбек Абдуллаевдан мукаммал билиб оламиз.
Бош банкнинг сотув бўлими томонидан тайинланган икки нафар ходим реклама бозорини яратиш, мижозларга хизмат турларини таништириш билан шуғулланмоқда. Мақсад — тарғибот орқали имкониятлар, имтиёзлар ва янги тартибларни аҳолига етказиш ва банкка мижоз олиб кириш. Масалан, Хурсандбек Ёқубов 2025 йилнинг январь ойида 25 нафар мижоз олиб кирди. У ҳар ойда 50 тагача ҳамкор жалб этишни режа қилган.
Жамоамиз юртимиз келажаги, аҳоли фаровон турмуши йўлида астойдил хизмат қилмоқда. Мақсадимиз 2025 йилда сифатли хизмат кўрсатишни янада кучайтиришдир.
Умида АБДУЛЛАЕВА,
маъмурият бўлими ходимлар билан ишлаш етакчи менежери



Муҳаммад РЎЗИБОЕВ,
Йилнинг энг яхши банк хизматлари офиси кассири.

— Ҳамкасбларим банк ходими кассирлик “мактаб”ида шаклланади, маҳорати ошади, дея кўп такрорлашади. Чиндан-да кассир бўлиб ишлаш асносида ана шундай чиғириқлардан ўтдим, деб бемалол айта оламан.
Олийгоҳни тамомлаб, ҳеч иккиланмай Урганч УБХОга ҳужжатларимни топширдим. 2021 йилнинг март ойида ишга қабул қилиндим. Ўшандан буён кассир сифатида фаолият юритиб келяпман.
Ҳисоб-китобда салгина адашсангиз, чўнтагингизга зиён. Эндигина иш бошлаган пайтимда кассанинг бир миллион пулини адашиб бериб юбордим. Ҳеч қанча вақт ўтмай, мижоз ортиқча бериб юборганимни айтиб қайтариб берди. Бу ҳолат менга бир умрга сабоқ бўлди. Балки, ҳамкасбларим айтган “мактаб” шудир.
Кутилмаганда 2024 йил якунига кўра “Йилнинг энг яхши банк хизматлари офиси кассири” номинацияси ғолиби бўлдим. Очиғи, бу вазифада ғолиблик хаёлимга келмаганди. Вазифанинг катта-кичиги бўлмайди. Муҳими, уни сидқидилдан бажариш. Демак, ҳар қандай вазифада ҳам ютуққа эришиш мумкин экан. Ишим ўзимга ёқади, ҳар лаҳзада бу вазифани қанчалик масъулиятли эканини ҳис қилиб келмоқдаман. Бироқ ўзимни банкнинг бошқа йўналишларида ҳам синаб кўрмоқчиман. Айни дамда универсал менежерликка тайёрланяпман.