ЭНГ КЎП ФОЙДА БИЗДА
Аҳоли фаровонлигини ошириш, хизмат кўрсатиш ва умуман, мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни таъминлашда тижорат банкларининг роли катта. Жумладан, “Hamkorbank” АТБ республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларда самарали иштирок этиб, катта инвестициявий ва ижтимоий лойиҳаларни молиялаштирмоқда.

Андижон минтақавий банк хизматлари офисимиз тизимдаги минтақавий ҳамда универсал БХОлар орасида етакчи ҳисобланади. У режа кўрсаткичини бажариш, ташаббускорлик ёхуд янгиликларни жорий этиш борасида илғор. Корпоратив, чакана, кичик ва ўрта бизнес банкни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳисобланади. Шу боис, корпоратив мижозларга юксак даражада хизмат кўрсатиш бугунги кун талабидир. Улар билан иқтисодий билимга эга менежерларимиз иш олиб боради. Ўтган йили кичик ва ўрта бизнес йўналиши бўйича янги хизматлар жорий қилинди. Айни дамда банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар тезлиги ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

80 дан ортиқ ходим фаолият юритаётган жамоамизнинг Андижонда ўрни ва мавқеи анча юқори. Буни унинг йиллар давомида эришиб келаётган ютуқлардан ҳам билиш мумкин. Дарҳақиқат, ҳар бир натижанинг ортида жамоавий куч ва бирдамлик туради. Молия муассасамизда иқтисодий салоҳиятга эга, ўз ишига масъулиятли Музаффар Назаров раҳбарлигида ютуқларга чанқоқ ходимлар меҳнат қилади. Айниқса, корпоратив хизматлари бўлими бошлиғи Баҳромжон Бойбуваев, унинг ўринбосари Носирбек Одилов, КХБ етакчи менежери Дилмуроджон Мухторжонов, чакана бизнес бўлими бошлиғи Қудраджон Исроилов, ундирув хизмати бўлими бошлиғи Фарҳоджон Нўъмонов, бэк офис бўлими бошлиғи Шоядбек Маматқулов каби ҳамкасбларимнинг банкимиз ривожига қўшаётган ҳиссалари катта.
Қаторимизда 15 нафар аёл ходим ҳам меҳнат қилади. Улар орасида Фароғат Мирзакаримова, Ольга Матвеева, Наргиза Юнусова, Нигора Ғоппорова, Сангина Ҳамдамова, Гулузро Қодирова, Зуҳрахон Каримоваларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этиш ўринли.
Ўтган 2023 йил банкимиз тарихида иқтисодий юксалиш жиҳатидан ўзига хос унутилмас ва такрорлаш қийин бўлган йил сифатида якунланди, дея айта оламан. Бош банк томонидан қўйилган бизнес режа кўрсаткичларининг барчасини бажаришга эришдик. Жумладан, юридик ҳамда жисмоний шахсларни кредитлаш йўналишида ўстириш режаси 328 фоизга бажарилди. Бу ҳолат йил якунида кредит қўйилмаларидан олинган фоизли даромадлар учун белгиланган режани 124 фоизга ошириш имконини берди. Шунингдек, аҳоли омонатларини ўстириш режаси, юридик шахсларнинг муддатли ва жамғарма депозитларини ўстириш режалари кутилганиданда ортиғи билан бажарилди. Ҳисоб-касса хизматидан олинган даромадлар асносида йил якунида фойда кўрсаткичи 112 фоиз чиқди.
Эришган натижаларимизни “Hamkorbank” АТБ миқёсида солиштирганда чакана мижозлар ҳамда корпоратив мижозларни кредитлашда ўстириш режасининг бажарилиши бўйича 1-ўринни эгалладик. Абсолют қийматда банк бўйича энг кўп фойда олдик. Ва бу раҳбарият томонидан муносиб эътироф этилди. Шунингдек, вилоят марказларида жойлашган Минтақавий банк хизматлари офислари ичида фахрли 2-ўринни эгалладик. Бу жамоамизни қувонтириш билан бирга ўзимизга бўлган ишончимизни янада оширди.
Жамоадаги ишчан муҳит ва фаол ҳаракатлар туфайли Носирбек Одилов ўтган йил якунлари бўйича “Йилнинг энг яхши корпоратив хизматлар бўлими сотиш менежери (йирик сегмен)” ҳамда Муҳаммадали Саттиев “Йилнинг энг яхши банк хизматлари офиси кассири” (Чўлпон БХО) номинациясига сазовор бўлди. 2024 йилда ҳам жамоа совриндорлари анъанасини давом эттирган ҳолда энг юқори ўринларни олишни мақсад қилганмиз ва янги зафарларни забт этамиз.
Назиржон ИЗБОЕВ,
Андижон минтақавий банк хизматлари офиси бошқарувчиси ўринбосари.

