ЭНГ ЯХШИЛАРДАН БИРИ
“Hamkorbank”АТБ Каттақўрғон универсал банк хизматлари офиси Чакана бизнес бўлими бошлиғи Хуршид Раҳмонов 2023 йил якунига кўра “Йилнинг энг яхши чакана бизнес бўлими бошлиғи” номинацияси ғолиби деб топилди. Янги режалар билан ишлаётганини эшитиб, у билан мулоқотда бўлдик.
— “Йилнинг энг яхши чакана бизнес бўлими бошлиғи” номинацияси ғолиби бўлганлигингиз билан қутлаймиз! Айтингчи, шундай шарафга лойиқ топишларини кутганмидингиз?
— Очиғини айтганда, ушбу номинацияда ғолиб бўлишни хоҳлагандим, лекин кутмагандим. Сабаби, банкимиздаги чакана бизнес бўлими бошлиқлари ичида мендан кўра тажрибали ва устоз бўлим бошлиқлари талайгина. Табиийки, улар билан рақобатлашиш осон эмас. Номинация ғолиби бўлганлигимни йил якунларига бағишланган йиғилишнинг такдирлаш қисмида эълон қилинганида ҳамма қатори билдим ва озроқ ҳаяжон босди. Шундай катта жамоани бирлаштирган банкда энг яхшилар қаторида бўлиш ёқимли ва қувонарли.
— Мазкур номга сазовор бўлиш осонмас, албатта. Билишимизча, чакана бизнес бўлимида иш юритаётганингизга икки йилдан ошди, холос. Қисқа вақт ичида бўлим фаолиятини юксак натижалар сари мувофиқлаштириш анча меҳнат талаб қилади.
— Бўлим бошлиғи лавозимида икки йилдан бери фаолият олиб бораман. Лекин чакана бизнес бўлими мен учун бегона эмас. “Hamkorbank” даги 12 йиллик фаолиятимнинг катта қисми ушбу бўлимда ўтган. Шу жойда малака оширдим, тажриба тўпладим. Натижаларга келадиган бўлсак, менгача ҳам бўлимимизда яхши иш ташкил қилинган. Шундай бўлсада, менга билдирилган ишонч бекорга эмаслигини кўрсатиш учун катта иштиёқ билан ишлашга тўғри келди. Кейинги 2 йил давомида Каттақўрғон УБХО да чакана бизнес йўналишидаги мижозлар сони 4 баробарга ошди ва мос равишда олаётган даромадларимиз йилдан йилга ортиб бормоқда. Масалан, 2021 йил якунларига кўра, 7900 та мижозга миллий валютада ва 3 600 та мижозга хорижий валютада пластик карточкалар очиб берилган эди. 2023 йил якунлари бўйича ушбу кўрсатгич мос равишда 29 000 ва 9 900 тани ташкил қилди. 2021 йил давомида чакана залга ойига ўртача 1000 та мижоз халқаро пул ўтказмаларидан фойдаланиш учун ташриф буюрган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони ўртача 1700 тани ташкил этмоқда. Бундан ташқари, банкка ташриф буюрмасдан пул ўтказмасини қабул қилувчи мижозлар сони кундан кунга ортиб боряпти. Пировардида, қанча кўп мижозни банкнинг онлайн хизматларига уласак, универсал менежерларда янги мижозларни жалб қилиш имконияти шунча ошмоқда.
— Тошкент молия институтини тамомлагач, нега айнан “Hamkorbank” тизимида ишлашни танлагансиз? Бу жойда ишлашнинг нимаси ёқади?
— Биласизми, биз ўқишни тамомлаётган йилда институтимизга 10 га яқин нуфузли банкдан вакиллар келиб, келгусида ишга қабул қилиш учун суҳбат ўтказишганди. Ана шу мулоқотларда иштирок этдим ва “Hamkorbank”нинг вакиллари билан суҳбатдан кейин “айнан шу банкка ишга кираман”, деб ният қилган эдим. Сабаби, суҳбат асносида ушбу банкда қанчалик билимли ва ўз ишининг усталари фаолият юритишига амин бўлганман. Ишга қабул килинганимдан кейин дастлабки хулосаларим хато бўлмаганлигини тушуниб етдим. Билимли ва салоҳиятли жамоа, жамоавий муҳит, карьеравий ўсишда барча ходимларда тенг имкониятларнинг мавжудлиги, ходимларга ўқиш, маънавий ва маданий ҳордиқ чиқариш учун барча имкониятлар яратилганлиги ёқади.
— 12 йил давомида банк тизимида турли вазифаларда ишлабсиз. Қайси вазифада ишлаш сизга кўпроқ самара берди?
— Кўпроқ хизмат кўрсатиш йўналишида ишлаш, қўлимдан келса инсонларга ёрдам бериш ёқади. Шу сабабли, айнан сотиш ва хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият олиб борган даврим менга кўп тажриба ва сабоқ берган.
— Тажриба орттиришингизда кимлар сизни қўллаб-қувватлади, устозлик қилди, дўстона маслаҳатлар берди?
— Уларнинг сони кўп, ҳар бири ҳурматга лойиқ. Менга шу кунгача устозлик қилган, қўллаб-қувватлаган инсонлар сифатида Абдували Мўминов, Зафар Холияров, Чингиз Улашев ва Синдор Алимардановларнинг номларини алоҳида таъкидлашни истардим. Шунингдек, мен билан бирга битта сафда ишлаётган жамоа ҳам нималарнидир ўрганишимга сабабчи бўлиб, қўллаб-қувватлаб, қайсидир маънода устозлик қилиб келмоқда. Ҳаммаларига миннатдорлик билдираман.
— Ишдаги шиорингиз?
— Халқ мақолида айтилганидек, “Меҳнат — меҳнатнинг таги роҳат”.
— Ҳар қандай мукофот бу — рағбатгина эмас, балки масъулият ҳамдир.
— Тўғри айтасиз, эътирофдан қанчалик хурсанд бўлсам, масъулият шунча ортди. Жорий йилда ниятларим шунга яраша: мен бошчилик қилаётган чакана бизнес бўлимидаги ҳар бир ходим энг яхшилар қаторида тилга олиниб, номинацияларда ғолиб, УБХОмиз йилнинг энг яхшиси бўлсин. Бунинг учун, албатта, катта меҳнат, изланиш талаб қилинади.
— Эзгу ниятларингиз ушалишига биз ҳам тилакдошмиз.
Суҳбатдош: Ҳалимжон ТОҲИРОВ