ЭНГ ЯХШИ БОШ БУХГАЛТЕР

Ангренда 7 та тижорат банки мавжуд бўлиб, “Hamkorbank” АТБнинг Ангрен филиали хизмат кўрсатиш сифати юқорилиги билан ажралиб туради. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, мижозлари бошқа молия муассасаларига нисбатан анчайин кўп. Жамоада тартиб-интизом, муомала маданияти биринчи навбатга қўйилган. Айни кунда 35 нафар ходим бўлиб, уларнинг барчаси ана шу талабларга амал қилади. 455 нафар юридик, 275 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамкорлиги мавжуд. Филиаллар орасида ҳам кўрсаткичлари юқори. 2021 йилни ҳам белгиланган 7 миллиардлик режа кўрсаткичидан ошириб 7,4 миллиард, яъни 105 фоизга бажариб намуна кўрсатди.
Фазлиддин Эшмуратов 2019 йилдан буён мазкур филиалда фаолият юритади. Абдурашид Байматов, Шуҳрат Юнусов, Шоира Нигматовалар қаторида халқимизга хизмат қилаётганидан мамнун.
— Муваффақиятлар масъулиятни кучайтиради ва инсоннинг ўзига нисбатан талабчанлигини оширади, — дейди Фазлиддин.
— Демак, қалбингизда касбингизга бўлган иштиёқ янада ортди…
— Албатта. Кундан-кунга банкларга бўлган талаблар ортяпти. Мижозларга ҳурмат ва сифатли хизмат кўрсатиш, уларнинг ишончини йўқотмаслик учун замон билан ҳамнафас яшаш даркор.
Камтарин, камсуқум, аммо ўз ишининг устаси бўлган Фазлиддинни қарашлари ҳам ўзгача. Устозлик даражасига етмоқда.
— Тажрибамдан келиб чиқиб ёшларга устозлик қиламан. Бироқ ўзим ҳам улардан янгиликларни ўрганаман, — дейди у.
Изланиш, ўқиб-ўрганиш замирида муваффақиятлар ётади. Меҳнаткаш инсонлар эса, албатта, зафар қучади. Фазлиддин ҳам ана шу ақидага амал қилади. Шу сабаб Бош банк томонидан ўтказилган танловда “Энг яхши бош бухгалтер” номинацияси ғолиби бўлди.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.