ЭНГ ЯХШИ ХОДИМЛАР МЕНЕЖЕРИ
Сарлавҳадаги номинация Навоий минтақавий банк хизматлари офиси ходимлар билан ишлаш менежери Нодира Муқимовага тегишли. Қаҳрамонимиз бу номга касбига бўлган муҳаббати орқали эришди. Рағбат — энг яхши мотивация. Бору йўғини ишига бағишлаган инсон учун эса янги мақсадлар дебочасидир.
— Ютуқларингиз бардавом бўлсин. Кайфиятлар қанақа?
— Жуда хурсандман. Ғолиб бўлишимни кутмагандим. Чунки ҳар доимгидек кўрсаткичларни бажаришга ҳаракат қилгандим холос. Мени шу номга маъқул кўрган банк раҳбариятига ўз ташаккуримни билдираман.
— Қачондан бери бу соҳадасиз?
— 2012 йил илк бор “Hamkorbank”ка ишга келдим ва ходимлар билан ишлаш менежери бўлдим. Ўшандан буён шу банкда ва шу вазифадаман. Офисимизда 114 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. 76 нафари доимий штатда.
— Мукофотлашда қайси кўрсаткичларга қаралди?
— Хабарингиз бор, банкимиз KPI тизимига асосланган. Биринчи навбатда ҳужжатлаштиришдаги кўрсаткичларимиз, бўш иш ўринларини ўз вақтида ёпишимиз, заҳира кадрлар ва рағбатлантириш бўлимлари билан ишлаш самарадорлигимизга баҳо берилди. Кадрларнинг қўнимига ҳам эътибор қаратилади. 2024 йилда Навоийда ходимлар қўнимсизлиги кузатилмади.
— Самарадорликка қандай эришдингиз?
— Режа асосида, тартиб билан ишлаганим, натижа келтирадиган усулларга кўп мурожаат қилганим учун. Энг муҳими, ишимни, касбимни жуда яхши кўрганим сабабли.
— Эрта тонгда келиб қиладиган биринчи ва кетаётгандаги энг охирги ишингиз?
— Эрталабки биринчи ишим ходимларни кўздан кечириш бўлади. Ҳамманинг иш жойида эканлигини билгандан сўнг кун тартибимдаги вазифаларимни бошлайман. Иш вақтимнинг охирги дақиқаларида эса кун бўйи амалга оширган фаолиятимни таҳлил қилиб, сўнг эртанги кун учун режа тузаман.
— Жамоа сизга қандай туйғу бағишлайди?
— Жамоамизда ўзаро ҳурмат ва дўстона муҳит ҳукмрон. Бу менга кайфият ва куч бағишлайди.
— Кумирингиз борми?
— Бирон инсонни мана шу кумирим деб яққол айта олмайман. Аммо ҳамиша яхшиликка интилиб яшайдиган позитив инсонлардан ўрнак олишга ҳаракат қиламан. Улардан бири онам. Онам мен учун улкан мотивация манбаи.
— Аёл киши учун энг керакли характер…
— Сабрлилик ва вазминлик. Бу хислатларнинг ортидан жуда кўп нарсага эришиш мумкин.
— Муомала ва тил топишишнинг калити нимада?
— Ширинсўзлик ҳамда хушмуомалаликда. Яхши гап билан ҳар қандай одамнинг кўнглига йўл топса бўлади.
— Ғолиблик янги мақсадларни ҳам уйғотгандир?
— Албатта. Ишга бўлган иштиёқим янада ортди. Ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, HR йўналишида янги марраларни забт этмоқчиман.
— Жамоадаги ютуқлар, тартиб-интизом кадр менежерига қай даражада боғлиқ?
— Тартиб-интизом жамоа ютуғидаги асосий омиллардан. Ходимнинг ишчанлик кайфияти ҳам муҳим. Тўғри, ҳар бир ходим ўз бўлими томонидан назорат қилинади. Лекин бўлим бошлиқларининг иши кўп бўлгани учун ҳар доим ҳам ходимга етарлича эътибор қарата олмаслиги мумкин. Иш жараёни энг илғор технологиялар асосига қурилган бўлса ҳам ходимда ишчанлик кайфияти бўлмаса, самарадорлик пасаяди. Банкимизда бу жиҳатдан жуда намунали меҳнат тизими йўлга қўйилган. Биз кадр менежерлари ҳар бир ходимнинг психологик ҳолатига диққат қаратамиз. Керак бўлса, шахсий муаммоларига ҳам биргаликда ечим топишга ҳаракат қиламиз. Чунки “Hamkorbank” бир бутун, аҳил, бирдам жамоа дегани.
Н. ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди