ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДАН БОРЯПМИЗ

Музаффар Хўжанов,

Термиз минтақавий банк хизматлари офиси бошқарувчиси

Фахр билан айта оламиз “Hamkorbank” АТБ республикамизнинг барқарор ривожланишига муносиб  ҳисса қўшиб келаётган банклардан бири. Тижорат банкларининг иқтисодиётимизни юксалтириш ва молия бозорини ривожлантиришдаги ролини бизнинг банкимиз мисолида кўриш мумкин. Бугун айни шу йўлда бизнинг минтақавий банк хизматлари офисимиз дадил одимлаб бораётгани қувонарли.

 Бундан 20 йил аввал Термизда “Hamkorbank”нинг филиали ташкил топганда унинг келажагига ишончсизлик билан қараганлар ҳам бўлган. Шу сабаб ишни тарғиботдан, ўз имкониятларимиз ва хизматларимизнинг қулайлигини тушунтиришдан бошладик. Мижозни кутиб ўтирмай уларнинг олдига ўзимиз кириб бордик. Натижада Бош банкнинг амалий кўмаги, тизимда ислоҳотларни амалга оширишдаги иштирокимиз ва ходимларнинг фидокорона хизматлари билан ўз ўрнимизни топдик. Йиллар оша ҳамкорларимиз ва мижозларимиз сафи кенгайиб бормоқда.

Айни вақтда вилоят марказида 16 та банк муассасаси фаолият юритмоқда. Бу ўз-ўзидан ижобий рақобат майдони дегани. Қолаверса,  хизмат сифатини ошириш, тезкорлик ва мижозлар кўнглига йўл топишни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, жамоамиз доим изланишда. Ҳар бир мижоз биз учун қадрли. Банк муассасасига кириб келганлар эътибор ва юксак муомала маданияти билан кутиб олинади. Мақсад-ҳамкорлигимизнинг  пойдевори мустаҳкам бўлсин.

Ортга назар ташласак йиллар бизни янги ютуқлар ва юксалиш сари бошлагани кўзга ташланади. Энг тезкор ва сифатли хизмат фаолиятимиз асосини ташкил этдики, бунда жамоа етакчиларининг алоҳида ҳиссаси бор. Шу ўринда Ғайрат Жумаев, Бобомурод Саидмаликов, Зиёдулло Усмонов, Музаффар Оромидинов ва Умид Маликовлар номини тилга олиш ўринли. Улар мижозлар билан ишлаш ва ҳамкорлар сафини кенгайтиришда ўзига хос мактаб яратдилар. Бугун биз ана шу тажриба мактаби асосида иш олиб боряпмиз.

Айни вақтда устоз даражасига етган Шаҳло Жўраева, Зафар Холназаров, Юсуфжон Абдужалилов, Зафар Қудратов, Марина Верховых ва  Улуғбек Саидна­заровлар бошчилигида ходимларимиз масъулият билан иш олиб бормоқда. Янги иш бошлаган ёш ходимлар ана шу устозларга бириктирилади. Бу ходимнинг касб сирларини тез ўрганиши ва малакасини ошишига олиб келади.

 Ҳозирда 4 мингдан ортиқ юридик ва 48 минг 520 та жисмоний мижозларга эгамиз. Термиз шаҳрида ишлаш билан чекланмай туманларга ҳам кириб боряпмиз. Мақсад-мижознинг узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш. Бу борада жойларда банк хизматлари офисларининг ташкил этилгани ижобий самара бермоқда. Наврўз ва Жарқўрғон БХО юқори кўрсаткичга эришиб, биринчи ярим йилликда  ғолиблар қаторидан ўрин олгани бунинг ифодасидир.

Яқинда вилоят марказидаги банк муассасалари қаторига ўтдик.  Қўлга киритилаётган ютуқлар зиммамиздаги масъулиятни ҳам оширади. Йил якуни билан ўз гуруҳимизда биринчиликни кўзлаб турибмиз. Бунинг учун ҳар бир йўналишда аниқ режа билан иш олиб боряпмиз. Асосийси, доимо халқимизнинг фаровон ҳаёти ва манфаати йўлида хизмат қилишга тайёрмиз.


ТАНЛОВДА АДАШМАГАНМАН

Шаҳло Жўраева,

Корпоратив хизматлар бўлими транзакцион менежерлари етакчи менежери.

“Hamkorbank” АТБ ташкил топганининг 32 йиллиги арафасида Термиз ва Қувасой универсал банк хизматлари офислари 20 ёшга тўлди. Ўтган йиллар ҳар икки молия муассасаси учун ривожланиш ва юксалиш даври бўлди, деб айтсак муболаға бўлмайди. Бу ҳамкорлар ва мижозлар сонининг ортиб бораётгани, соҳа ходимлари қўлга киритаётган ютуқларда ўз ифодасини топмоқда.

Банк соҳасига 1996 йил кириб келганман. У даврдаги холатни бугун тасаввур қилиш ҳам қийин. Тезкорлик ва сифатли хизмат ҳақида гап ҳам бўлмасди. Мижозлар билан ишлашда муаммолар, эътирозлар кези келганда бошқа соҳага ўтишга ҳам бошларди.

Кейинроқ   “Hamkorbank” ҳақида эшитгач шу банкка қизиқиш уйғонди менда. Қарангки 2004 йилда унинг ходимига айландим. Ҳаммаси бошқача, ишлаб чарчамайсан. Иш ўргатади, ўқитади. Менга энг ёққан жойи ходим доим раҳбарият эътиборида. Малака ошириш, ташаббус­корлик, янги лойиҳалар борасида чеклов йўқ. Қайтангга, сизни қўллаб-қувватлайди.

Жамоадаги муҳит ҳам ўзгача. Эрталаб ишга шошаман. Ҳамкасбларимни кўриб, ўзимга куч оламан. Бирон бир масалада қийналсангиз қараб туриш йўқ, тажрибали ходимлар ёрдам қўлини узатади. Айниқса, янги иш бошлаган ходим учун бу катта кўмак.

Бугун ортга қараб танловда адашмаганимга амин бўламан. Шу жойда қадр, ҳурмат топдим. Энди ўрганганларимни ёшларга илиняпман. Уларнинг кичик бир ютуғидан ҳам қувониб кетаман. Асосийси,  “Hamkorbank”нинг эртасини янада баланд чўққиларда кўраман.

ОРЗУИМДАГИ ЖАМОА

Элбек Жўраев,

Корпоратив хизматлар бўлими иш ўрганувчиси

Талабалик йиллари мени бир савол қийнарди: ўқишни тамомлагач қайси йўлни танлайман? Очиғи бу саволга жавобни ана шу вақтда излай бошладим. “Hamkorbank” ҳақида ўргандим, бўш вақтим бўлди шу жойга келиб иш жараёнини кузатишга одатландим.

Банк ходимларига жуда ҳавас қилардим.  Мижозларга муносабат, молиявий кўмак борасида таклифлар, иш ҳужжатларининг юритилиши қизиқишимни оширди. Бу борада берган саволларим жавобсиз қолмасди. Тажрибали ходимлар ўз маслаҳатларини берарди.

Бу йил Термиз давлат университетининг бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналиши бўйича тамомладим. Омадим келиб жамоа сафига қўшилдим. Биринчи иш кунимни сира унутмайман. Мустақиллигимизнинг 32 йиллигини устозлар билан қарши оляпман. Яна минтақавий банк хизматлари офисимиз 20 ёшга тўлди. Бугун мен энг бахтли ёшлардан бириман. Келажакда малакамни ошириб, соҳа ривожига ҳисса қўшишни  ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Саҳифа муаллифи Акбаржон НАЗАРОВ,

Андижон-Термиз-Андижон.