ЮРАКДАГИ ШИЖОАТ ЎША-ЎША
— Вақт ўтди, тана кексайди. Лекин юрак 20-30 ёшдаги каби шижоат билан урмоқда — шаҳрихонлик банк фахрийси Абдумалик Мирзаев таҳририятимизга кириб келар экан, салом-аликдан сўнг айтган илк сўзлари шу бўлди. — Имкон бўлса, ҳозир ҳам аввалгидек ёниб ишлашга тайёрман.
Бу инсонни илк бор 2017 йилда Асака филиалида кўрганман. Ўшанда филиал фаолияти билан танишиш мақсадида борган эдим. Абдумалик ака у ерга мураббий қилиб бириктирилган экан. Бир зумда ишни ташкиллаштириб, мени ходимлар билан таништириб қўйди. Ташкилотчилигига қойил қолгандим. Кейинчалик у ҳақида кўп илиқ гапларни эшитдим. Мана бугун ўзи билан суҳбатлашиб, фикрларини тинглаш фурсати етди.
— Иш фаолиятимга илк тамал тошини 1981 йил “Халқ банки”да қўйганман, — дейди суҳбатдошим. — 21 ёшли ўт-олов йигит эдим. Ушбу банкдаги 15 йиллик фаолиятимдан сўнг 1996 йил 1 январда устозим Ҳалима Аҳмедованинг таклифи билан “Hamkorbank” АТБ Шаҳрихон филиалининг жамғарма бўлимида иш бошладим. Банк энди оёққа тураётгани учун камчиликлар кўп эди. Атиги битта компьютерга 6 нафар ходим кўз тикиб ўтирардик. Нақд пул деярли бўлмаган. Шаҳрихон туманида бўлимимизга қарашли 11 та жамғарма кассада аҳолидан нақд пул йиғиб олинарди. Шу йўл билан нақд пул муаммосини ҳал қилганмиз. “Hamkorbank”да пул борлигини эшитгандан сўнг тадбиркорлар оқиб кела бошлаган. Кейинчалик жамғарма бўлими негизида аҳоли билан ишлаш бўлими, ундан сўнг чакана хизматлар бўлими шакллантирилди.
Абдумалик Мирзаевнинг 24 йиллик фаолияти асосан мана шу бўлимларни бошқариш ва халққа ҳалол хизмат қилиш билан ўтди. 2020 йил нафақага чиққач, 3 йиллик шартнома асосида фаолиятини яна давом эттирди. Ҳозир ҳам Шаҳрихон УБХО мутассадилари муҳокамали масалаларда тажрибали мутахассиснинг маслаҳатларига таяниб туришади. Ҳеч бир тадбирда эътибордан четда қолмайди.
Суҳбатдошимиз фаолияти давомида 40 дан ортиқ шогирд чиқарганлигини айтди. Бугун “Hamkorbank”нинг Ҳусниддин Йўлдошев, Дурбек Абдураҳмонов, Абдуқодир Турғунов, Шерзод Йўлдошев, Иқболжон Кимсанов каби етакчи раҳбар ходимлари Шаҳрихон филиалида Абдумалик Мирзаевнинг устозлигида шаклланди. Беминнат хизматларига миннатдорчилик рамзи сифатида шогирдлари доим йўқлаб туради.
Ёш ходимларга мижозлар билан муомала қилишдан тортиб, банк ишининг ўзига хос мураккаб жиҳатларигача ўргатиб келган бу инсон “Hamkorbank”ka салоҳиятли мутахассисларни етиштириб берган бўлса, банк унга ҳаётдан мамнунлик, хотиржамлик ҳиссини инъом этди. Шу боис келажакда набиралари ҳам “Hamkorbank”да ишлаб, унинг ривожига ҳисса қўшишини истайди. Ўз вақтида турли синовларга дуч келган банк фахрийси бугун осуда ҳаёт гаштини сурмоқда. Уч нафар фарзанд, саккиз набира, бир нафар чеварага қараб кўзлари қувнайди. Табиатан тиниб-тинчимаслигидан қўй парвариши билан ҳам шуғулланади. Қарамоғида бир неча бош зотдор қўйлари бор. Ёшларга айтадиган ўгити — ҳар қандай қийинчилик ва оғир кунларда сабр қилмоқ кераклиги. Сабр ортида, албатта, мукофот бўлади.
Оддийгина йўқловимиздан боши кўкка етган бу самимий инсонга соғлик, омонлик тиладик. У эса қадрдон жамоаси ва барча ҳамкасбларини кириб келаётган мустақиллик айёми билан қутлади.
Нигора Миролим қизи

