ЮТУҒИМ — БЕХАТО ИШЛАГАНИМ

“Hamkorbank”да масъулият ва сидқидилдан ишласангиз, албатта, меҳна­тин­гизнинг роҳати­ни кўра­сиз. Бизнинг банк каби илғор иш услубига эга, ходимлар учун керакли шароит яратиб берган бошқа молия муассасасини билмайман. Юқори маош, бепул тушлик, доимий ўқув-тренинглар. Тўғриси, ишлаш учун қулайлик, имконият бундан ортиқ бўлмайди. Энг муҳими, касбим фарзанд­ларимга ёқади. “Ойи, яхши жойда ишлайсиз, бундан фахрланаман”, дейди тўнғич қизим. Шунинг ўзи мен учун катта рағбат.
Кассада бир кунда ўртача 2 миллиард сўмгача нақд пул билан муомала қиламиз. Бирон марта пул борасида мижозлар билан зиддиятга бормадик. “Hamkorbank”ка сиз нима бера олдингиз?” деган саволга ҳам жавобим шу. Бехато, ҳалол ишлаганимнинг ўзи шу банк ривожига қўшган ҳиссам бўлса керак.
Ўқишни битирибоқ шу тизимга келганман. 2000 йилда Чиноз филиалида компьютер мутахассиси сифатида иш бошлаган бўлсам, кейинчалик пул ўтказмалари, бухгалтерия, омонатлар бўлимида фаолиятимни давом эттирдим. Бу орада турмушга чиқиб, уч нафар фарзанд кўрдим. Ҳар сафар таътилдан иш жойимни соғиниб қайтардим. 2010 йилдан касса мудирлигини ишониб топширишди. 2018 йилдан яшаш жойимиз ўзгарганлиги муносабати билан Шайхонтоҳур филиалига ўтдим ва вазифамни давом эттирдим. Насиб қилса, яна узоқ йиллар шу жамоа билан бирдамликда иш олиб бораман, деган умиддаман.
Гулноза АЗИЗОВА,
Шайхонтоҳур филиали касса амалиётлари бўлими мудири.