ЮТУҚЛАРИ ЯРАШГАН ҲАЗОРАСП
2018 йил Ҳазорасп туманида “Hamkorbank”нинг навбатдаги муассасаси ўз фаолиятини бошлаган эди. Янги тармоқнинг ташкил этилиши омадли кечди. Қисқа вақт ичида кўрсаткичлар ўсди, мижозлар сони кўпайди.
Сўнгги йилларда Ҳазорасп УБХО ўз натижалари билан “Hamkorbank” тизимида эътиборга тушди. Жамоа 2024 йил якунлари бўйича 4-гуруҳга мансуб 11 та филиал орасида ғолибликни қўлга киритган эди. 2025 йилда ҳам гуруҳдаги етакчиликни сақлаб қолиб, биринчиликни эгаллади.
Юқори самарадорликнинг омили ҳудуднинг тадбиркорликка ихтисослашганлиги ҳамда йирик улгуржи бозорнинг фаолият кўрсатиши. Хоразмдаги энг йирик бозорлардан бири — Ҳазорасп универсал савдо мажмуасида 3 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 35 фоизи УБХО билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Жамоа йил мобайнида асосий эътиборни мижоз жалб қилишга қаратди, кредит режаларини бажариш пайида бўлди. Аҳоли орасида олиб борилган доимий тарғиботлар туфайли жами 23 515 та пластик карта тарқатилиб, энг кўпини “Xumo”, “Visa”, “Moment”, “Uzcard” ташкил қилди.
УБХО даромадининг катта қисми жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш орқали қўлга киритилди. Пул ўтказмалари, валюта айрибошлаш, пластик карталар, банкомат ҳамда терминал хизматларидан йирик фойда кўрилди. Шу тариқа чакана йўналишларда белгиланган режаларнинг деярли барчаси 100 фоиздан ошириб бажарилди.
— Йил якунларига бағишланган йиғилишга борганимда бу йил ҳам биринчилик бизда эканлигини кўнглим сезди. Тақдирлаш маросими бошланганида УБХОмиз номи ғолиб сифатида айтилади, деб ишониб ўтирдим. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Тўлқинланиб кетдим. Ахир жамоамизнинг бир йиллик саъй-ҳаракатлари самараси бу. Меҳнатимиз орқали банкимиз ривожига ҳисса қўшаётганлигимиздан фахрландим, — дейди УБХО бошқарувчиси Дилшод Абдуллаев.
Жамоа 2026 йилни ҳам кўтаринки кайфият билан бошлади. Олдинга қўйилган энг катта мақсад — етакчиликни яна давом эттириш. Бу борада режалар тузилиб, вазифалар тақсимланди.
Қўлга киритилган ютуқларга рағбат сифатида жамоага юртимиз бўйлаб саёҳат қилиб, маданий ҳордиқ чиқариши учун 20 миллион сўм миқдорида, 48 нафар ходимга эса маошининг бир баробари миқдорида мукофот пули тақдим этилди. Бундан ташқари, чакана бизнес департаменти томонидан чакана бўлим бошлиғи Шоҳруҳ Маҳмудов ва универсал менежер Камолбек Мавлоновлар фаоллиги ҳамда юқори кўрсаткичлари учун алоҳида тақдирланди. Бундай рағбат ходимларнинг ишга бўлган мотивациясини аввалгиданда ошириб, моддий фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу ўринда даромадларнинг ўсишига ҳисса қўшаётган “Botir texnik”, “Madrim darg’a”, “Хorazm pitnak plast” МЧЖ каби йирик мижозларни ҳам эслаб ўтишни жоиз деб топдик. Уларга ажратилган катта миқдордаги кредитлар ҳамда кўрсатилаётган бошқа банк хизматлари фақат фойда келтирмоқда.
Бугун узоқ Хоразм ўлкасида тадбиркорлик, савдо, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларининг тараққий топиши, чет элдан инвестиция маблағларининг кириб келиши ҳамда иш ўринларининг яратилишида Ҳазорасп УБХОнинг ўрни беқиёс. Чунки у бераётган молиявий кўмак ортида шаклланиш, ўсиш, юксалиш бор.
Нигора МИРОЛИМ қизи

