ЯНА ЮҚОРИ НАТИЖА КЎЗЛАНМОҚДА

Ғиждувон аҳолиси азал-азалдан тадбиркорлик билан шуғулланади ва бу борада машҳур. Бозорлари тўкин, гавжум, тижорий ривожланиши ҳам бошқа туманлардан анча фарқ қилади. Қўшни туманлар, ҳаттоки қўшни вилоятлардан келиб савдо қилиб кетувчиларнинг кўплиги боис ҳам банклар хизматларига бўлган талаб кун сайин ортмоқда. Бу албатта, якка тартибда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг Ғиждувон БХОга эҳтиёжини оширади.
Бухоро минтақавий банк хизматлари офисининг тўнғич БХОси ҳисобланган Ғиждувон 2009 йилда фаолиятини бошлаган. Илк даврларда банкнинг барча мавжуд хизматлари кўрсатилавермас эди. Ўша кезларда атиги 3 нафар ходим ишлаган, хизматлари ҳам оддий бўлган. Ҳозирда “Hamkorbank” АТБда жорий қилинган барча хизмат турлари жорий қилинган. Иш ҳақи учун очиладиган пластик карталаридан тортиб йирик пул ўтказмалари, микрокредит ва катта-катта кредит маблағлари, турли омонат турлари ва банкда жорий қилинган онлайн хизматларнинг барчаси шу кичик молия муассасасида жорий қилинди. Бу банк ходимларининг иш жадвалига ўзгартириш киритди, яъни қўшимча кадрларга эҳтиёж сезилди. Айни пайт­да муассасада 8 нафар ходим фаолият юритяпти.
— 400 га яқин юридик ва мингдан ортиқ жисмоний мақомга эга мижозларимиз бор, — дейди БХО бошлиғи Фарруҳ Баротов. — Шунингдек, кредит порт­фели юридик мижозлар учун 40 млрд. сўмдан, жисмоний шахслар учун эса 25 млрд. сўмдан ортди. “Ишонч юлдузи” МЧЖ каби кўп йиллик мижозларимиз бор. У хорижий давлатлардан техник асбоб-ускуналар олиб кириб, сотиш билан шуғулланади. Банк кўмаги ва бир неча бор олинган кредитлар эвазига иқтисодий салоҳияти юксалган ташкилот.
“Кристал-авто-транс-логистикс” МЧЖ ҳам жамоа­нинг 10 йиллик қадрдони. Ҳисоб рақами айнан шу молия ташкилотида шаклланган. Ҳозирда кўплаб давлатларга юк етказиб бериш имконига эга. “Фортуна бизнес микромолия ташкилоти” масъулияти чекланган жамиятини ҳам намунали ҳамкорлар сирасига киритиш мумкин.
Банк хизматлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш ҳамда молиявий очиқлик даражасини ошириш – чакана банк хизматлари бозорининг янада ривожланишига, банк мижозлари билан ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатиш маданияти ва уларнинг банк тизимига бўлган ишончини оширишга замин яратади. Бу борада яратилган шароит­лар, олиб борилаётган тарғибот ишлари замон талабларига жавоб беради. Банкнинг оммавий кредит етакчи менежери Жобир Сафаров, истеъмол кредити менежери Шоҳбоз Музаффаров каби изланувчан, тиришқоқ ходимлари борки, барчага ўрнак кўрсатяпти. Ҳар иккиси 2022 йилда ўз йўналишида муваффақиятларга эришди — “Hamkorbank” тизимида 1-ўринни қўлга киритишди. Жамоа ўтган йилда белгиланган барча йўналишдаги бизнес-режа кўрсаткичларини ортиғи билан бажарди. Жумладан, 1 ва 2-чоракда БХОлар ўртасида 1-ўринни, 3 ва 4-чоракларда эса 2-ўринни эгаллади. Шу кунга қадар бизнес-режа кўрсаткичларида муваффақиятлари кўриниб турган банк жамоа­си астойдил ҳаракатда. Улар йил охирида яна юқори чўққиларни забт этишни кўзлашган.

Нилуфар Иброҳимжон қизи.