ЯНГИЛИККА ИНТИЛУВЧАН ВА ТАШАББУСКОР
Жамият ҳаётида хотин-қизларнинг мавқеини ошириш, уларга ўз иқтидори, интеллектуал салоҳиятини намоён этишга имкон яратиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бугун ҳар бир ташкилот олдидаги устувор вазифалардан бири. Бу ўз-ўзидан уларнинг фаоллигини ошишига хизмат қилмоқда.
Айтиш мумкинки, юқоридагилар “Hamkorbank”АТБ тизимида ишловчи хотин-қизлар фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бош офисдан тортиб жойлардаги БХОларда ишловчи барча аёллар ўз касбининг чинакам эгалари. Банкнинг ривожида уларнинг муносиб ҳиссаси бор.
Биргина Нукус минтақавий БХОда 35 нафар хотин-қиз фаолият юритмоқда. Соҳанинг мураккаблигига қарамай эришаётган ютуқлари эътиборли. Кассада ишлаш бир қарашда хотин-қизлар учун қулай деймизу, масъулиятли. Мижозлар кўнглига йўл топишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Билим, тажриба ва ташаббус зарур. Улар бунинг уддасидан чиқмоқда.
Мазкур БХО очилган илк даврлардан буён ишлаб келаётган Хурлиман Уразбаева айни вақтда корпоратив хизматлар бўлими транзакцион менежерлари етакчи менежери. У қандай вазифада ишламасин, ўзига билдирилган ишончни оқлашга ўрганган. Деярли барча бўлимларда тажриба орттирди. Шу сабаб жамоадошлари “устоз” дея унинг маслаҳатларига таянади. Айниқса, ёшлар қийналган вақтда унга юзланадилар.
Периза Камалованинг банк тизимида иш бошлаганига 22 йил бўлди. Бу давр ичида у касб сирларини пухта ўрганди, ютуқларга эришди. Янгиликка интилувчанлиги ва ташаббускорлиги билан ҳамкасблар ва мижозлар ишончини қозонди.
— Аввалига бошқа банкларда фаолият юритдим. 2010 йил “Hamkorbank”дан таклиф бўлганда иккиланмай бу ерга ўтдим, — дейди П.Камалова. — Сабаби, «Hamkorbank»да ишлашни кўпдан орзу қилиб юрардим. Адашмаган эканман, қадр топдим, касбимни чинакам эгасига айландим. Айниқса, аёлларга бўлган эътибордан хурсандман.
Касса мудири Мийрим Ажекова, Хўжайли банк хизматлари офиси етакчи менежери Марал Уразимбетовалар ҳақида ҳам ҳамкасблари фахр билан гапирадилар. Сабаби битта: улар ўз касбининг фидоийлари. Жамоадаги эркаклар уларни ўз опаси ва синглисидек кўради. Бир оила аъзоларидек бир-бирларини қадрлайдилар. Минтақавий БХО аёллари эришаётган ютуқларнинг сири ҳам мана шунда.
Бекзод Муталлибов.

