ЯНГИ ДИЗАЙН РАҒБАТЛАНТИРИЛАДИ

Бугун ички бозорда «Navoiy smart plast» бренди остида ишлаб чиқарилган пластмасса маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда. Сабаби аниқ: сифатли, рақобатбардош ва арзон. Харидорлар учун, албатта, бу катта аҳамиятга эга.
Шу маънода айтиш мумкинки, саноат ва ишлаб чиқаришда пластмасса маҳсулотлари кенг ўрин эгалламоқда. Бу бежиз эмас. Пластмассадан тайёрланган буюмлар, таъкидлаганимиздек, ҳам сифатли, ҳам арзон. Дизайни ва кўрки ҳам ўзига мос. Ишлаб чиқарган маҳсулотингизни буюртмачига сифатли ҳолда етказиб бериш учун қулай.
Тадбиркор Муҳаммад Тошев раҳбарлигидаги «Navoiy smart plast» масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти ҳам шунга йўналтирилган. Айни вақтда 170 турдаги буюмлар тайёрланаётган корхонада иш қизғин. 60 нафар ишчи томонидан ҳар ойда ўртача 150 тонна хом ашё қайта ишланяпти. 2019 йил ташкил топганда атиги бир неча турдаги уй-рўзғор ва хўжалик моллари ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирда бу рақам 200 дан ортди, 8 та вилоятда ўз дилерларига эга.



— Ички бозор билан бир қаторда Тожикистон ва Россия давлатларига экспортни йўлга қўйишга эришдик, — дейди тадбиркор М.Тошев. — Бунинг учун жаҳон бозорини мунтазам ўрганиб боряпмиз. Талаб ва таклиф доим эътиборимизда. Айниқса, рўзғорда фойдаланиладиган идишларга талаб юқори. Замонавий дастгоҳларни бошқариш учун кадрларнинг малакаси ошириб бориляпти. Янги дизайн учун рағбат йўлга қўйилган.
Муҳаммад Тошев изланувчан ёшлардан. Ўз йўналишида хитойлик ҳамкорлар фаолиятини мунтазам ўрганиб, малакасини ошириб боришдан тўхтамайди. 2025 йил ҳар чоракда Хитой давлатида бўлгани натижасида ўндан ортиқ турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришди. Бу харидорлар сонининг ортишига ҳам олиб келмоқда.
Шу ўринда айтиш мумкинки, республикамизда тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар ижобий самара бермоқда. Бир вақтлар қўшни давлатларга ҳавас қилишдан нарига ўтмаган ташаббускорлар бугун дунё кезиб, ўз фаолиятларини замон талаблари даражасида йўлга қўйяпти.
Ҳар қандай лойиҳанинг ривожи, истиқболи молиявий таъминот билан боғлиқ. Мазкур кичик корхона учун бу борада муаммога ўрин йўқ. Ғиждувон УБХО жамоа учун доим молиявий кўмакчи. Банк томонидан икки бор берилган кредит ишлаб чиқаришни ривожлантиришга асос бўлди.

А. Насирдинов,
Б. Муталлибов
(фото)