ЯНГИ ЙИЛНИ ЯНГИ ЖАМОА БИЛАН
Инсон орзуларининг ушалиши, келажакка ишонч, севган касб, чин дўстлар, яшаш учун яхши шароитларни яратиш, буларнинг ҳар биридан таскин топиш мумкин. Бироқ шуларнинг барчаси яқинлар ва дўстлар билан бўлса янада мароқли. “Hamkorbank” АТБда фаолиятимни бошлаганимга 9 йил бўлди. Дастлаб Хўжаобод универсал банк хизматлари офиси жамоасида ишладим, касб сирларини ўргандим. Кейин Бош банкда бир қатор лавозимларда фаолият юритдим. Мени шахс сифатида шаклланишим, жамиятда ўз ўрнимни топишимда банк жамоасининг алоҳида ўрни бор.
Шу йилнинг июнь ойида Юнусобод универсал банк хизматлари офисида корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи лавозимида иш бошладим. Янги муҳитга мослашишда жамоадаги аҳиллик, бирдамлик катта ёрдам берди. Кайфият қанчалик яхши бўлса иш унумдорлиги юқори бўлар экан. 3-чорак якунлари бўйича 1- гуруҳ филиаллари ичида фахрли 1-ўринни қўлга киритдик. Йиллик режаларни ҳам юқори кўрсаткичларда якунлашимизга ишонаман.
Банкдаги устоз-шогирд анъаналарининг яхши йўлга қўйилганлиги ҳар бир ходимни етук мутахассис бўлишида катта ёрдам беради. Бизда муболағасиз ҳамма бир-бирига ўргатади. Айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш орқали мотивация беради.
Шахсий ҳаётим ҳам қувонарли. Қизим Шодиёнахоннинг 1-синфга бориши қувончли ва ўз навбатида масъулиятимни оширди. Отам, онам ва яқинларим шодлиги, уларнинг ишончи мени янада кучли бўлишга ундайди. Ҳаётим мазмуни бўлган оиламнинг мустаҳкамлиги, ўзимга ёққан соҳада ишлашим туфайли бугун хотиржамман. Якунланаётган йил яхшиликлар, янгиликлар билан хотирамга муҳрланди.
Алишер ОТАЖОНОВ

