ЯНГИ МАРРАЛАР ЙЎЛИДА ИЗЛАНИШДАМИЗ,

— дейди филиал бошқарувчиси
Бухоро вилояти марказида йигирмадан ортиқ тижорат банклари ва банк хизматлар марказлари мавжуд. Улар орасида “Hamkorbank” АТБнинг Бухоро филиали ҳам бор. Кўҳна шаҳарда рақобатлаша олиш учун “бу майдон ичра туриб берадиган” филиал даражасига етиш осон бўлмади, албатта. Ходимларнинг астойдил меҳнати, изланишлари туфайли эришилди бу ҳурматга. Бугун ушбу филиал 20 ёшга тўлди. Унинг тарихи, муваффақиятларига назар ташлаш асносида филиал бошқарувчиси Шерзод Мергулов суҳбатига қулоқ тутишни жоиз билдик.
— Филиалимиз 2002 йилнинг октябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган. Дастлаб тажрибали, банк соҳасини пухта ўзлаштирган Фазлиддин Самадов раҳбар этиб та­йинланди. Ўша кезларда 18 нафардан иборат ходим филиал ривожи учун астойдил ишга киришади.
Биринчи раҳбарнинг ўзига хос ишлаш услуби бор эди. Кимни нимага қодирлиги ва салоҳиятига қараб вазифа юкларди. Чунки вақтни бе­самар кетмаслигини истарди. Масъулиятли, иқтидорли ва изланувчан ходимларни тез илғаб оладиган зийрак раҳбар бўлган. Билганлари ва тажрибасини улар билан баҳам кўрар, соҳа сир-асрорларини ўргатишдан чарчамасди. Теран фикрли, самимий ва хушчақчақлиги билан ҳамкасблари ҳурматини қозонади. Ҳар ишда биринчи навбатда ўзи ўрнак бўлади.

Ишонч ва янги иш ўринлари
Бухоро Халқаро юк ташиш хизматини амалга ошириш бўйича алоҳида ўрин тутади. Айнан транспорт корхоналарига берилган кредитлар орқали бухороликларни иш билан таъминлашга эришил­япти. Жумладан, фаолиятимизнинг дастлабки вақтларидан ҳамкорлик қилиб келаётган Жамшед Мурадов “Bahor hamkorlik ittifoqi” корхонаси раиси, Шуҳрат Шеров “Charos sher omad” МЧЖ раҳбари ва Миршод Шарапов “Cool-shop” МЧЖ таъсисчилари -доимий ҳамкоримиз. ВИП мижозимиз бўлган “Bahor chance textile”, “Siyaniye vostoka”, “Zolotaya derevo”, “Road star trans” масъулияти чекланган жамиятлари садоқат рамзи сифатида алоҳида ҳурматга эга.
“Bahor chance textile” пахтачилик кластери ва “Mebel progress servis” МЧЖ каби йирик мебель ишлаб чиқарувчиларга ажратилган кредитлар туфайли кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Аҳолига кредитлар, банк кафолатлари бериш, омонат­лар, депозит ячейка, халқаро пул ўтказмалари каби молиявий хизматлар кўрсатиш асносида бандлиги таъминланяпти, мижозларнинг банкка бўлган ишончини оширишга эришиляпти.
“Bahor hamkorlik ittifoqi” корхонаси таркибига кирувчи “Bahor chance textile” МЧЖга 2016 йилда асос солинган бўлиб, дастлаб ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 2019 йилда корхона негизида пахта етиштириш кластери ташкил этилди ва тўлиқ ишлаб чиқариш занжири яратилди, вилоятда энг йирик корхонага айланди. Ҳозирда унинг ихтиёрида 5 минг гектарга яқин ер майдони бўлиб, пахта етиштириш ва қайта ишлаб толага айлантириш, ип-калава маҳсулотлари олиш каби босқичларни амалга оширмоқда. Жамият фаолияти давомида 20 мартадан ортиқ банк кредитидан фойдаланган. У филиалнинг энг йирик ва муболағасиз ижобий кредит тарихига эга мижоз ҳисобланади.

Илк қалдирғочлар
Филиал кадрлар салоҳиятини ошириш борасида ўз мактабига эга. Хусусан, бош банкка раҳбар ходимлар етказиб бериш бўйича ҳам етак­чи. Ҳозирда бошқарув раисининг 2 та ўринбосари — Саиджон Шамсиддинов ҳамда Алишер Мухтаровлар Бухорои шариф фарзандлари. Улар жамоамизнинг фахри, ғурури ҳисобланади. Ишлаган даврларида филиал ривожи учун катта ҳисса қўшишган. Айни вақтда жамоа­да Мурот Казоков, Фирдавс Собиров, Вазира Гайбуллаева, Феруза Хабибуллаева каби фидойи ходимлар самарали фаолият юритмоқда. Улар каби изланувчан, иқтидорли 80 дан ортиқ ҳамкасбларим банкимизни энг йирик ва намунали филиаллардан бирига айлантириш йўлида изланишда. Мижозларнинг кўнглига йўл топишни, аниқроғи, молиявий тиллашишни билишади ва бу борада сифатли хизмат кўрсатиб, ишончи ва хурматини қозониб келишяпти.

Аъло кайфият, мароқли ҳордиқ
Жамоамизнинг ҳамжиҳатлик билан иш юритиши, мақсадлар сари интилишлари муваффақиятларимиз омили бўлмоқда. Бирлик бўлган жойда барака бор. Ишимизга салбий таъсир этувчи ҳолатлар ҳар вақт эътиборимизда. Жамоамизда белгиланган бизнес-режаларни бажариш масъулияти катта. Камчилик ва муаммолар, мижозларнинг эътироз­лари зудлик билан ўрганилади ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилади. Иқтисодий ва техник ўқишлар, тестлар, анкета сўровномалари, умуман олганда режали иш ташкил қилиш кўзланган мақсадлар сари одимлашга имкон яратмоқда. Ўтган 2021 йилнинг муваффақиятлари амалдаги йил учун дебоча бўлди. 6 нафар ходимимиз Бош банк эътирофига лойиқ топилди.
Бобир Шабаев иқтидорли ёшлардан. У “Йилнинг энг яхши корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи”, ташаббускор Анвар Иззатов эса мижоз жалб қилиш бўйича “Йилнинг энг яхши ходими” номинацияси ғолиби бўлди. Мурот Казоков “Йилнинг энг яхши бек офис ходими”, Фаррух Шодмонов “Йилнинг энг яхши мидл офис ходими”, Жобир Сафаров эса “Йилнинг энг яхши банк хизматлари офиси менеджери” дея эътироф этилди. Мунира Очилова ўз ишининг устаси. Ўтган йили “Йилнинг энг яхши ВАШ ходими” сифатида номинация ғолиблигини қўлга киритди. Фаол ходимларимиз Бош банк ташаббуси билан Миср давлатига саёҳат қилиб, мароқли дам олиб қайтишди. Аъло кайфият, мароқли ҳордиқ уларнинг ишида ижобий натижа беряпти.

Аҳоли БХОлар хизматидан мамнун
Бухоро шаҳрида 4 та ҳамда Ғиждувон туманида 1 та — Тўқимачи, Самоний, Дилкушо, Ёшлик ва Ғиждувон банк хизматлари офислари мижозларга намунали хизмат кўрсатмоқда. Улар соф фойда кўрсаткичини ортиғи билан бажариб келяпти.
Биргина Ғиждувон БХОнинг катта микрокредит портфели ва соф фойдага эгалиги ўз категориясидаги банк хизматлари офислари ўртасида ҳар чоракда 1-2- ўринларни қўлдан бермаяпти. Тўқимачи БХО эса микрокредит портфели, соф фойдани ошириш ҳамда барча турдаги банк амалиётларини биринчилардан бўлиб (БХОлар ўртасида) татбиқ қилиши билан илғорлар сафига қўшилди.

“Омадли банкирлар”
Айни пайтда филиалда фаол, замон билан ҳамнафас, ташаббускор ва ғайрат-шижоатли ёшлар жамланган. Ҳар қандай тадбир улар билан завқли, шукуҳли. Қувноқ йигитлар шижоа­ти билан филиаллар ўртасида ўтказиладиган футбол, стол тенниси, шахмат-шашка ва бошқа спорт мусобақаларида фаолмиз. Стол тенниси бўйича спорт устаси Абдураҳмон Алиев узоқ йиллардан буён банкимизда ишлаши биз учун фахр. “Қувноқлар ва зукколар” беллашувида ҳам “Омадли банкирлар” жамоамиз фаол қатнашиб келмоқда. Сухроб Юнусов, Сардор Сайфуллаев, Хондамир Иноятов, Азамат Амонов, Аваз Аминов, Илҳомжон Абдуллаевлар жамоанинг умидли ёшларидан.
Саҳифани Н. ЙЎЛДОШЕВА
тайёрлади.