ЯНГИ МИЖОЗЛАР САФИМИЗГА КЎШИЛЯПТИ
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг халқаро иқтисодиёт факультетини 2014 йилда тамомлаб “Hamkorbank”нинг Яккасарой универсал банк хизматлари офисида иш бошладим. Аввалига банкнинг юраги бўлган касса амалиётлари бўлимида, кейинчалик истеъмол кредити, ундирув, микро йўналишда оммавий менежер сифатида хизмат кўрсатдим. 2015 йилда “Бирлик” банк хизматлари офисига ўтдим. Ҳозирда ушбу кичик жамоага бошчилик қиляпман. Юзга яқин юридик, 6 мингга яқин жисмоний мижозларнинг талабини қондириш йўлида 5 нафар ходим хизматда.
“Бирлик” БХО Тошкент шаҳар Учтепа тумани марказида жойлашгани боис туман аҳолисининг кўп қисмини қамраб олганмиз. Марказда жойлашганимизнинг бироз қийинчиликлари ҳам йўқ эмас. Атрофимиздаги “Aloqabank”, “InfinBank”, “Tenge Bank”, “Mikrokreditbank” каби 10 га яқин банк филиаллари билан рақобатчимиз. Мижоз жалб қилишда тинмай изланиш ва тарғибот ишларини олиб бориш, замон билан ҳамнафас қадам ташлаш масъулиятини юклайди. Шунга қарамай Чилонзор, Олмазор туманлари каби яқин ҳудудлардан ҳамкорларимиз бор. Масалан, Шерали Болтаев Чилонзорда туради. Тадбиркорлиги — автотранспортларда юк ташиш хизматини кўрсатиш. Яшаш ҳудудида банклар кўп бўлишига қарамай, сифатли хизмат кўрсатишимиз туфайли мижозимиз бўлган. Унинг ортидан 3 та ишлаб чиқариш корхонаси ҳисоб рақамини бизга олиб ўтди.
Яна бир йирик мижозимиз “Grand Optimal Invest” МЧЖ. У давлат дастури асосида яшаш ва яшашга мўлжалланмаган биноларни қуриш билан шуғулланади. 100 га яқин ишчи — хизматчилари бор. Юз миллиард сўмдан ортиқ айланма маблағга эга. 5 мартадан ортиқ молиявий кўмак олиб, ўз вақтида, баъзида мудатидан олдин сўндириб, банкнинг энг намунали ва ишончли ҳамкорига айланган. Яқинда металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “LIMAOMAOLI METAL COMPANY” хорижий корхонаси сафимизга қўшилди.
Универсал менежер сифатида катта тажрибага эга бўлган Мушоира опа бизга устоз. Ишидан ташқари озодаликни яхши кўради. “Саришталикда барака. Ҳаммангиз иш жойингизни озода тутинг”, дея кўп таъкидлайди. 2023 йил якунида республика БХОлари ичида “Мижозларга энг сифатли хизмат кўрсатган БХО” номинацияси ғолиби бўлдик. Энг яхши фаол ходим сифатида ўзим 2 марта ғолибликка эришдим. Яқинда сафимизга қўшилган оммавий кредит менежери Азизбек Ортиқовдан умидимиз катта. Унинг кўрсаткичлари яхши. Истеъмол кредит менежери Отаёр Ҳайдаров Тошкент банк молия академиясига ўқишга кирди. У илгари филиалда ишлаб тажриба оширган.
Банкимизда хорижий тилларни ўргатиш йўлга қўйилган. Жамоа билан тил ўрганишга киришганмиз. Шахсан ўзим ишдан кейин қўшимча курсга боряпман. Бундан ташқари, спортнинг стол тенниси, шахмат-шашкада ҳам илғормиз. Банк ходимлари ўртасида ўтказиладиган футбол мусобақаларида ҳам пешқадамлик учун интилмоқдамиз.
Жамоамиз ҳаракатлари жадал. Яқин кунларда яна бешта ишлаб чиқариш корхонасининг ҳисоб рақамларини очамиз. Шунингдек, кун сайин талаб ортиб бораётган авто ва ипотека кредити ажратишда 9 ойлик натижалар ёмон эмас. Умумий фойда — 126 фоизга бажарилди. Йил якунида буни янада оширишни мақсад қилганмиз.
Хусанбой ФАЙЗУЛЛАЕВ