“ЯХШИЯМ ФУТБОЛДА СЕН БОРСАН, РОНАЛДУ”

Яширмайман, мен бугунги дунё футболининг тирик афсонаси Криштиану Роналдунинг мухлисиман. Унинг ўйинларидан завқ оламан, ютуқларидан қувонаман. Айниқса, гол урса ёки жамоаси билан муҳим учрашувларда ғалаба қозонса, кўнглим қуёшдек чарақлаб кетади. Унга қараб инсоннинг имкониятлари чексиз эканлигига, ўз устида изланишдан, ҳаракатдан тўхтамаса, ютуқларнинг ёшга алоқаси йўқлигига ишонч ҳосил қиламан. Буни кимдир Роналду шахсига сиғиниш деб тушунмасин. Бу шунчаки ҳаётдан мотивация олиш манбаини танлаш демакдир.


Қолаверса, бу гаплар 15 июнь куни соат 23:00 гача ухламай терма жамоамиз ўйинини кутиб, кейин эса ҳафсаласи пир бўлган бир футбол ишқибозининг ўзига берган тасаллиси. Шукри, шу куни Венгрия-Португалия ўйини бўлиб ўтди ва яна ўша Роналду кайфиятни ушлаб турди. Унинг сўнгги дақиқалардаги дубли ҳақиқий футболда кураш­ган, интилган мақсадига етишини яна бир исботлади. Аммо А сериядек топ лигада тўп суриб “Лацио”, “Аталанта” каби машҳур клублар дарвозасига йўл топа олган Элдор Шомуродовдек ўйинчиси бор Ўзбекистон Саудия Арабистонидек ўртамиёна жамоага битта ҳам гол уролмади. Майдонда ҳужумчиларнинг жон куйдириб ўйнамаганига яраша, ҳимоячиларнинг ҳам мустаҳкам деворини кўрмадик. Алам қиладигани, араблар учта голни ҳам жарима майдонига ёриб кириб, ҳимоячиларни ортда қолдириб урди. Бизникилар эса рақиб жарима майдоначасида тўпни йўқотиш, бир-бирига ноаниқ пас оширишдан нарига ўтмади.
Сабаб нимада? Жаҳонда тарихи, ер майдони, аҳолиси, иқтисодий имкониятлари, маънавий бойликлари жиҳатидан анча-мунча давлатларни ортда қолдирамиз-у, аммо футбол ўйинига келганда, доим қовун тушираверамиз.
Яман билан бўлиб ўтган ишончсиз, нурсиз ўйинда кейин мураббий рақибга қараб хулосани чиқариши, чораларни кўриб қўйиши керакмасмиди? Бизнинг жамоамиз эса ҳужум ҳам қилмади, ҳужумларга дош ҳам бермади. Унда майдонда нима қилди, дерсиз. Шу саволга жавоб топа олмади кўпчилик. Майдонда эса ҳеч нима қилмади бизникилар…
Саудияда учралган мағлубият бизни жаҳон чемпионати мундиалига чиқиш орзусидан яна мосуво этди. Ҳозир аксарият футбол ишқибозлари алам-изтиробда. Уларнинг фикрича, термамиз мураббийи Вадим Абрамовни ўрнига ўзимизнинг супер лигамиз мураббийлари — Шота Арваладзе ёки Рўзиққул Бердиевни сайлаш керак. Менимча, бу фикр ўзини унчалик оқламайди. Бизга тажрибали, виждонли, сабрли-иродали ва қаттиққўл хорижлик мураббий зарур. Чунки терма жамоамиз ўйинчилари учун ғалабага эришиш тажрибаси жуда муҳим. Ўзимизда айнан шу малака етишмаяпти. Виждонли бўлса, турли аралашувларга қулоқ солмай, ўз йўлидан кетади. Иродали ва қаттиққўл бўлса, ўйинчиларимизнинг сусткашлиги, лаёқатсизлиги каби салбий жиҳатларига сабр қилиб, қатъий туриб, уларни сайқаллаб, натижага эришади. Бу албатта, бу шахсий фикр. Сиз бу ҳақида нима дейсиз?

Н.Тўхтаматова.