ЯХШИ НИЯТНИНГ ҚАНОТИ БОР

Марғилон универсал банк хизматлари офиси маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳларга ҳамиша кўмакчи. Шаҳардаги етакчи банк сифатида 2002 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. 1200 дан ортиқ юридик мижози, 900 га яқин якка тартибдаги тадбиркорлари бор. 14 та банкомат хизмати жорий қилинган. Газетамизга обуна мавсуми давом этаётган паллада “Hamkorbank” АТБнинг жойлардаги офисларига ташриф буюриб газетхонлар билан суҳбатлашиш анъанага айланган.

Марғилон УБХО жамоаси ҳамда мижозлари билан учрашиш асносида УБХО бошқарувчи ўринбосари Неъматилло Ҳошимов фаолияти билан танишиб қайтган эдик. Неъматиллонинг ниятлари, орзулари кўплигига, дунёқараши кенглигига гувоҳ бўлгандик. Узоқ йиллик меҳнатлари инобатга олиниб, уни бошқарувчи этиб тайинланганини эшитдик. Жамоада ишлаб, шаклланган мутахассис сифатида ишонч билдирилди. Олтмишдан ортиқ ходими бўлган жамоага етакчилик қилиш масъулияти юкланди. Табриклаш асносида қўнғироқ қилганимизда яна бир қувончли муваффақиятига шерик бўлдик. “Буни қаранг, ҳозиргина Тошкент Банк молия академиясининг магистиратура йўналишида таҳсилни тугаллаб, “зашита”дан чиқиб, телефонимни ёққанимда қўнғироқ қилган биринчи одам сиз бўлдингиз” дея ҳаяжон билан гапириб қолди. Унинг қувончига шерик бўлдик, жамоамиз номидан самимий табрикладик. «Омад келса, қўша-қўша» деганлари шу бўлса керак-да. Зеро, яхши ниятнинг қаноти бор, дейишади. Биз бунга яна бир бор амин бўлдик.
Ҳамкасбларидаги якдиллик, ходимларнинг ташаббускорлиги, саъйи-ҳаракатлари билан банк хизматларидаги кўрсаткичлар кун сайин ортиб бормоқда. Буни янги бошқарувчининг ўзи шундай таъкидлади: “жамоада ёшлар “командаси” шаклланди. Яқинда иқтисодий билимга эга шижоатли 13 нафар йигит-қизлар ишга олинди. Улар жамоамизнинг келажаги, замон билан ҳамнафас ёшлар” дея ишонч билдирди.
Маҳлиё Мадаминованинг УБХОга келганига 23 йил бўлди. У юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими менежери сифатида ўз тажрибаларини ёшларга ўргатиб, устоз даражасига етган мутахассис. Айни пайтда 700 дан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади. Шерзодхон Маматхонов, Дилбархон Саидхонова каби фаол ходимлар ҳам кўрсаткичларнинг ўсишига салмоқли ҳисса қўшишмоқда.
Бугун жамоа йириклашган. Увайсий, Ипакчи, Тошлоқ, Олтиариқ каби салоҳиятли, молиявий бақувват банк хизматлари офислари борки, УБХО муваффақиятларида улуши катта. Яқинда улар қаторига Қўштепа БХО қўшилади. Айни пайтда қўштепаликлар учун банк биноси ҳозирланмоқда.

Н. ЙЎЛДОШЕВА