«Яшил дунё» ютуқлар йўлида
“Яшил дунё” банк хизматлари офисининг ташкил этилиши узоқ тарихга бориб тақалмаса-да, очилиши жуда қизиқ бўлган. 2021 йилнинг сентябрь ойидан Термиз минтақавий банк хизматлари офисида бошқарувчи ўринбосари лавозимида иш бошладим. Ўша вақтда МБХО тасарруфида Наврўз, Ангор, Жарқўрғон, Темирйўл банк хизматлари офиси фаолият олиб борарди.
Темирйўл БХО Ўзбекистон темирйўллари корхоналарига хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. У иқтисодиётнинг ривожланиши, бозорда банк хизматларининг оммалашиб, молия бозорида хизматлар тури ошиб бориши ҳисобига тор доирадаги битта йирик мижозга хизмат кўрсатишнинг истиқболи кўринмасди. 2020-2021 йилларда мазкур БХО асосий бизнес режа кўрсаткичларини бажара олмади. Офисни ёпиш ёки янги жойда янгича услубда очиш кераклиги борасида турли қарашлар мавжуд эди. Ҳар бир БХОнинг умумий кўрсаткичларини бажаришдаги ўрни ва аҳамияти юқори эканлигини ҳисобга олиб, уларни ёпиш эмас, балки, самарадорлигини ошириш кераклиги эътироф этилди. Хуллас, “Темирйўл”нинг жойлашуви билан бирга, номини ҳам янгилашга қарор қилдик ва бу бўйича Банк бошқарувига ўз таклифимизни бердик.
2022 йилда Термиз шаҳри марказий бозор яқинидан янги жой танланди ва “Яшил дунё?” номи билан БХО фаолияти йўлга қўйилди. Нега айнан “Яшил дунё”. Назаримда, бу ном остида замон билан ҳамнафаслик мужассам. Охирги 5 йилликда мамлакатимиз ва дунёда “яшил” деб номланадиган жойлар ортгандан ортди — «яшил ҳудуд», «яшил иқтисодиёт», «яшил макон…» “Hamkorbank” логотипи ҳам яшил. Светофор чироқларидаги яшил йўл очиқлигини билдириши ҳамда БХОмиз рўпарасида “Яшил дунё” бозорининг борлиги ҳам рамзий маъно берди.
Жамоамиз доим ўз-ўзига танқидий руҳда қарар ва натижаларни таҳлил қиларди. 4 нафар банк ишини яхши ўзлаштирган ходимнинг ҳаракатлари билан муваффақиятларга эриша бошладик. Сонимиз оз бўлса-да, сифат юқори. 2023 йил якунида барча режа кўрсаткичлари бажарилди. 100 дан ортиқ БХОлар ичида “Яшил дунё” мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари йўналишида 1-ўринга чиқиб олди. Ана энди ҳақиқий ривожланиш бошланди. 2024 йилнинг 3-чорагида ҳам ютуққа эришилди. Йилни вилоят марказларида хизмат кўрсатаётган БХОлар ичида самарадорлик кўрсаткичлари бўйича 2-ўрин билан якунладик.
Камолиддин Мирзақулов 2011 йилдан буён банкимизда фаолият юритиб келади. У БХО бошлиғи. Ўз жамоасида соғлом иқтисодий муҳит ярата олган етакчи. Кассада сабрли лавозимда ишлаб келаётган Шарофат Нормўминова кўп йиллик тажрибага эга. Касса йўналишида устоз. 2024 йилда унинг ўзи бошқа БХОлардаги 2 та ходим бажарган амалиёт ҳажмидан ортиқроқ ишларни уддалаб, раҳбарият эътирофини олган.
Ҳамкасбларимнинг ютуқлари жамоанинг қувончи. Бирдамлик, ҳамфикрлилик, бир ёқадан бош чиқариб ишлаш асносида ютуқларга эришяпмиз.
Хуршид МАТОЛОВ,
Термиз МБХО бошқарувчиси ўринбосари