ЁРЛИҚЛАР МАЛИКАСИМАН

Келинг, танишамиз. Исмим Анжелика, фамилиям Чагай. Пойтахтда фаолият­ юритаётган “Chagay Plus”компаниясининг ягона таъсисчисиман. Уйингизда ҳеч бўлмаганда бир дона бўлса ҳам “Artel”нинг маиший техника воситасидан фойдаланасиз, тўғрими? Унга ёпиштирилган компания номи ёзилган ёрлиқларни ким ишлаб чиқаради биласизми?

Мен бошчилик қилаётган корхона. “Chagay Plus” нафақат “Artel” компанияси ёрлиқлари, балки, “Sagban”, “Rozmetov”, “Sherin”, “Kamilka”, “Alper”, “Omega” каби машҳур бренд­ларни ҳам қоғозга туширади. Мана шу хизматимиз учун ҳам бизни Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчиларнинг 60-70 фоизи танийди. Оддий истеъмолчи “Chagay Plus”ни шахсан билмаса ҳам ёрлиқларимиз билан ҳар битта хонадонга кириб боряпмиз.
Мен корейс миллатига мансуб аёлман. Лекин Ўзбекистонни ва ўзбекларни жуда ҳурмат қиламан. Чунки мен шу Ватанда туғилиб, улғайдим. Айни пайтда, рафиқаман, онаман ва тадбиркорман. Ота-онам илм йўлини танлаган инсонлар эди. Мен ҳам билим олишга жиддий ёндошиб, мактабни олтин медаль билан тамомладим.
Мустақил ҳаёт йўлини танлаш вақти келганда, негадир улар каби илм йўлидан кетишни хоҳламадим. Менда тадбиркорлик қилиш истаги туғилди. Ота-онам ўшанда “оиламизни шарманда қилма” дея дакки берди. Нега дейсизми? Ўзингизга маълум, ҳар қандай жамиятда аёл шахсига нисбатан маълум бир стереотиплар белгиланади. Яъни, айрим соҳалар ёки ишлар аёл киши учун эмас деган тушунчалар мавжуд. Мана шу мезон мен учун ҳам қўлланилган. Шукрки, омад кулиб боқиб, ҳамма қарашлар ҳам тўғри эмаслигини исботладим. Яъни, бизнесда муваффақиятга эришдим. Бу осон кечдими? Албатта, йўқ.
2004 йилда “Chagay Plus”ни ташкил қилгач, дастлаб эркак­лар кийим-кечаги савдоси билан шуғулландик. 4 та жойга савдо дўкони очдик. Хизмат кўрсатишдан ишлаб чиқариш соҳасига ўтишимизга эса “Hamkorbank” сабабчи бўлди.
Мен бу банкни одамларга чин дилдан ёрдам берувчи, оёққа турғазувчи муассаса деб биламан. Чунки мени ҳам ҳақиқий тадбиркор сифатида мана шу банк кашф қилди. Ундан олган кредитга чет элдан дастгоҳ харид қилдик ва ёрлиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ўшанда 30 нафар ишчи-ходим билан иш бошлаган эдик. Ҳозир ишчиларнинг сони 100 нафарга етди. Кредитни ёпганимиздан сўнг, яна янги кредит олдик. Бу жараён бир неча йилдан бери кўп бора такрорланди. “Hamkorbank” молиявий кўмакчи сифатида кредит ажратиб бераверди, биз эса турли технологиялар хариди орқали фаолиятимизни кенгайтириб боравердик. Айтсам ишонмайсиз, компания­мизнинг “Hamkorbank”дан бошқа бизнес ҳамкори йўқ. Мақсадга эришиш йўлида сени қўллайдиган ва тушунадиган яхши ҳамкоринг бўлишининг ўзи муваффақият томон катта қадам. Бизда эса бу ҳамкор бор ва биз унга ишонамиз.
Ҳозирда ишлаб чиқариш цехимизнинг қуввати анча юқори. Бу ерда босмахона саноатига мансуб энг сўнгги замонавий дастгоҳларда жаҳон стандартларига мос рангли ёрлиқлар ишлаб чиқарилади. Мижозларимизнинг маҳсулотларимиздан кўнгли тўқ. Чунки сифат борасида ҳам дизайн борасида ҳам юқори ўриндамиз. Зарурат туғилса, маҳсулотларни мижозларга етказиб ҳам берамиз. Компаниямизга ёш ва салоҳиятли мутахассисларни жалб қилиш анъанага айланган. Жамоамиз креатив, позитив, билимли ёшлардан иборат.
Табиийки, келажак мақсадларимиз улкан. Аммо фаолиятимизни бундан кейин ҳам мунтазам ривожлантириб бориш ҳамда “Hamkorbank” билан бизнес шерикчиликни давом эттириш сир эмас. Чунки бу банк жаҳон бозорига чиқишимизда муҳим роль ўйнайди. Муваффақиятга эриша олган тадбиркор аёл сифатида бугун опа-сингилларимизга шундай дейман: “Ҳеч қачон тўсиқлардан қўрқманг ва ўзингизга ишонинг. Шунда ҳаммаси амалга ошади”.

Анжелика ЧАГАЙ,
“Chagay Plus” МЧЖ раҳбари.