ЁШЛАР ЖАМОАСИ ЮТУҚЛАР ЙЎЛИДА

Бундан уч йил аввал  Қашқадарё минтақавий банк хизматлари офиси очилганда молия бозорида жуда тез ўз ўрнини топишини кўпчилик кутмаганди.  Бош банк тавсияси билан 2021 йил Ҳусниддин Юлдашев мазкур муассасага раҳбар этиб тайинлангач, фаолиятида катта ўзгариш қилинди.

Янги раҳбар биринчи навбатда ходимлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратишга, ҳар бир ишда масъулиятни биринчи ўринга қўйишга ва энг асосийси мижозлар ишончини қозонишга эътибор қаратди. Ходимларни ишга қабул қилишда ташкилотчилик ва ташаббускорлик асосий шарт сифатида белгиланди. Яна асосан ёш кадрларга йўл берилди.

— Бугун банклар кўп. Улар орасида ўз мижозингни топиш осон эмас, — дейди Ҳусниддин Юлдашев. — Шу сабаб мавжуд имкониятларимизни мижозларга етказиш баробарида уларни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳар қандай мурожаатга  ижобий жавоб беришга одатландик. Натижа­ ёмон эмас. Бугун аксарият қашқадарёликлар бизни танламоқда. Маҳсулотларимиз ҳам уларга маъқул бўляпти.

Чиндан ҳам шундай. Кун давомида мижозларнинг кети узилмайди.  Жорий йилнинг етти ойлик якунига кўра 13 та йўналишда белгиланган режа топшириқлар ортиғи билан бажарилди. Кредит, омонат, актив халқаро пластик карта ўсиши каби бир неча йўналишда, ҳатто 200 фоиз­дан юқори кўрсаткичга эришилгани  ютуқлар ифодасидир.

Мижозларга бўлган эътибор натижасини уларнинг сони ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Бундан бир йил аввал биргина актив мижозлар сони 289 тани ташкил этган бўлса, бугун 328 тага етди. Кредит қўйилмалари ҳам шунга мос равишда ўсиб бормоқда.

Шу жойда фуқаро Эркин Муродов қувончини яшира олмай бизга юзланди:

— Автомашина олишни кўп йиллардан буён орзу қилардим. Бироқ, маблағ масаласида имкон бўлмаётганди. Банк ходимларига шу масалада мурожаат қилгандим. Бугун янги автомашиналик бўлдим. Оиламиздагиларни қувончини айтинг. Молиявий кўмакдан миннатдорман.

Шу ўринда қисқа даврда ижобий натижаларга эришишнинг сири нимада экани бизни қизиқтирди. Бунга муассаса раҳбари шундай жавоб берди:

Ҳар қандай ишда биргаликда ҳаракат қиламиз. Жамоамиз асосан ёшлардан иборатлиги ҳам янги марраларга бошламоқда.  Ҳар бир ходим бир ойда битта янги ғоя билан чиқадики бу бошқаларни ҳам изланишга, ўз устида ишлашга ундайди. Меҳнат жамоалари ва жамоатчиликни яқин дўст деб биламиз. Эришаётган ютуқларимизда Алишер Содиқов, Мансурбек Давронов, Нилуфар Имомова, Хидирбек Юлдашев, Жавлон Нормаматов, Азамат Тангировларнинг катта ҳиссаси бор.

Ҳа, дастлабки уч йил   Қашқадарё минтақавий банк хизматлари офиси  учун тикланиш ва ютуқлар даври бўлди. Келажаги бунданда муваффақиятларга бой бўлиши шубҳасиз.

Бекзод Муталлибов.

Муаллиф олган суратлар.