ЁШ, МАФТУНКОР ВА СОВУҚҚОН
Мақоламиз сарлавҳасидаги таърифлар айни пайтда теннис оламида катта шов-шувга сабаб бўлаётган Буюк Британиялик спортчи Эмма Радукануга тегишли. Ҳозирда дунё миқёсидаги йирик тадбирлар, катта мусобақалар усиз ўтмаяпти.
Эмма яқинда машҳур француз компанияси — “Dior”нинг юзига айланди. Энди у компаниянинг кийим-кечаклари ва пардоз буюмлари рекламасида чиқади. Спортчининг истарали юзи, мафтункор табассуми жамоатчилик диққатини яхшигина жалб этмоқда.
2002 йил 13 ноябрда Эмма Канаданинг Монреал шаҳрида молиячилар — Иона ва Рене Жао Радукануларнинг оиласида туғилган. Отаси румин, онаси хитой. Икки ёшга тўлганида ота-онаси Лондонга кўчиб келади.
Қизалоқ ўзининг профессионал фаолиятини 2018 йилда бошлади. Орадан икки йил ўтиб, Ҳиндистонда ўтказилган катталар турнирида ғолиб бўлди.
Уимблдон мусобақасига йўл олишдан олдин Эмма ITF Circuit чемпионлигини қўлга киритди. Дунёнинг WTA даражасидаги 366-ракетасининг кареьраси 2021 йил июнь ойида ўтказилган Ноттингем очиқ мусобақасидан бошланди. Бу турнирда у 1/32 финалда ҳамюрти Харриэт Дартга ютқазиб қўйди. Ой охирида эса Уимблдонда россиялик теннисчи Виталий Дьяченкони ишончли тарзда мағлубиятга учратди. Учинчи раундда руминиялик Соран Кырстни енгиб, Умбилдоннинг 1/8 финалига чиққан энг ёш британиялик теннисчига айланди. Бироқ тўртинчи турда руҳиятидаги муаммо туфайли мусобақадан четлатилди.
US Open турниридаги ҳал қилувчи учрашувлар олдидан отаси Эмманинг мураббийини алмаштиришга мажбур бўлди. Сабаби Найжел Сирс қизга психологик жиҳатдан босим ўтказиб, руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётган эди. Унинг ўрнига Эндрию Ричардсонни синов муддатида мураббийликка ёллади. Шундан сўнг Эмма руҳий тасалли топди.
2021 йил сентябрь ойида ёш Радукану Нью-Йоркда бўлиб ўтган US Open мусобақасида ақлли ва сифатли ўйин намойиш қилиб, тўрт нафар профессионал теннисчини ортда қолдирди. Нимчорак финалда америкалик Шелби Рожерсни, чорак финалда швейцариялик Белинда Бенчични, ярим финалда эса грециялик дунёнинг 23-ракеткаси Мария Саккарини ишончли тарзда мағлуб этди.
Финалда у сайёрамизнинг иккинчи ракеткаси Лейла Фернандесга қарши баҳс олиб борди. Ўйин давомида Эмма асосий қуроли ҳисобланган совуққон ҳужумлар ташкил қилиб, тиззасининг синганига қарамай, курашни давом эттирди ва рақибини йирик ҳисобда доғда қолдирди. Ушбу чемпионатда ғолиб бўлганидан сўнг унга Англия қироличаси Елизавета II Ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон табрик йўллади.
Эмма US Open турнирида қўлга киритган 2,5 миллион долларни ота-онаси қўлига топширди. Чунки теннисда иштирок этиш харажатлари катта суммани ташкил қилади. Шу кунгача эса бу харажатларни унинг ота-онаси ўз зиммасига олиб келган.
Эндиликда Радукану бутун диққатини машғулотларга қаратган ва кареьрасидаги янги босқич сари қадам қўймоқда.
ОСИЁ тайёрлади.

