ЎСАЁТГАН “АНГРЕН”

Саноат шаҳри сифатида ташкил этилган ва бир қанча муддат аҳолининг ўсиши пасайган Ангрен бугун ўзгача қиёфада. Инфратузилма  жадал ривожланмоқда.  Шаҳарни ташлаб кетган  аҳоли яна  ортга қайтди. Ижтимоий ҳаёт  жонланди. Айни пайтда Ангрен аҳоли сони бўйича Тошкент вилоятидаги иккинчи ҳудудга айланди.

Энг муҳими,  шаҳарда йилига 2-3 та янги завод-корхона ишга тушмоқда. Шунга яраша иқтисодий кўрсаткичлар ҳам юқорилаб бормоқда. Меҳнат ресурслари ривожланган жойда, табиийки, банк хизматларига талаб  ортади. Буни тушуниб етган кўплаб банклар Ангренда ўз фаолиятини шакллантиришга ҳаракат қиляпти. “ТБС”, “Анорбанк”, “Ҳаёт банк” “Трансбанк”, “Капиталбанк” шулар жумласидан. Уларнинг орасида “Hamkorbank” ҳам бор ва айнан у рақобатни юзага келтираётган молия муассасаларидан.

41 нафар ходим билан фаолият юритаётган Ангрен универсал банк хизматлари офисида кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ўсди. Бу  айниқса, кредит портфели ва фойда режасида  яққол кўзга ташланди. Самарадорликнинг ортишига амалдаги тарифларнинг мижозлар манфаатларига мос келиши сабаб бўлди. Масалан, пул ўтказмаларининг “астрасенд” ва “золотой корона” тарифларида  мижозлар оқими тинмади. Чунки Ангренда Америка, Россия ҳамда бошқа чет давлатларида ишлаб, ўз мамлакатига сармоя киритаётганлар кўпчиликни  ташкил этади.

Аммо жамоа бу билан чекланиб қолаётган йўқ. Ҳудуддаги банклар  ўртасидаги юзага келган кучли рақобатга жавоб  бериш ва мижозлар эътиборини янада жалб қилиш  учун  доимий ҳаракат ва изланишда. Маркетинг орқали  янги ҳамкорларни топиш ва узоқ муддатли ишончли алоқаларни  ўрнатиш ҳам асосий мақсадлардан бири. 

Н.ТЎХТАМАТОВА