ЎСИШ ЙЎЛИДА
Сентябрь ойи якунланаётганига қарамай гуллар шаҳри Наманган ёз ойларидаги каби қуёш тафтига бурканган. Аслида бу ерда водийнинг бошқа ҳудудларига қараганда ҳарорат юқорироқ. Шаҳарда 7 йилдан буён фаолият олиб бораётган “Hamkorbank” АТБ Наманган минтақавий банк хизматлари офисига кириб боришимиз билан ташқаридаги ҳарорат чекиниб, ўрнини салқинлик эгаллади.
“Тасаввурим ўзгарди”
Эшик олдида бизни ресепшн йигит табассум билан қарши олди. Ўзини Бобуржон Мирабдуллаев деб таништирди. Ёши 22 да бўлиб, жамоадаги энг ёш ходимлардан экан. Бир неча босқичли имтиҳон ва суҳбатлардан муваффақиятли ўтгач тайинланибди бу вазифага.
— Аввал “Hamkorbank” ҳақида тасаввурим деярли бўлмаган. Жамоага келишдан аввал бошқа банкда амалиёт ўтадим. Ходимлар белгиланган иш вақтидан кейин ҳам кириб келишаверарди. Бу ерда ҳамма стандартларга риоя қилади. Ички тартиб-қоидалар ўз ўрнида, — деди Бобуржон.

«Арзирли томонларимиз бор»
Қисқа суҳбатдан сўнг бошқарувчи хонасига йўл олдик. Тармоқнинг илк ташкил топган вақтидан бошлаб раҳбарликни ўз зиммасига олиб келаётган, иссиғида ҳам совуғида ҳам бирдек масъул Ўктамжон Эргашев сўнгги янгиликлар ҳақида сўз очди.
— Тўрақўрғон туманида офисимизга қарашли битта БХО мавжуд эди. Бу йил Уйчи ва Мингбулоқ туманларида 2 та микроофис ташкил қилинди. Натижада мижозларимиз доираси кенгайди. Ютуқларимиз шундаки, мижоз жалб қилишда бошқаларда бўлмаган бир қанча амалиётларга эгамиз.
Масалан, бизда кредит, факторинг ва исломий молиялаштириш йўналишида “Янги лизинг”, фоизсиз қарз ва бошқа турли хил банк маҳсулотлари мавжуд. Юридик мижозларга фоизсиз кредитлар ажрата оламиз. Исломий молиялаштириш йўналишида “Янги лизинг” банк маҳсулотини ҳам энг кўп бераётган тармоқмиз. Қолаверса, Наманган халқаро аэропортида маслаҳат марказимиз мавжуд бўлиб, у ерда четга чиқувчи фуқароларга банк маҳсулотлари бўйича маслаҳатлар берилади ҳамда яқинларига пластик карталар тақдим этилади. Хориждан жўнатмалар тўғридан-тўғри шу картанинг ўзига юборилади. Бу четга ишлаш учун борган юртдошларимиз учун ҳар томонлама қулай.
Бизнинг ижобий жиҳатимиз шундаки, кўп мижозларни ҳамкорликка рози қилаётганимиз ҳамда уларнинг манфаатларига мос банк хизматларини таклиф этишимиз, қолаверса, тармоқ ходимларининг билим ва иқтидори.
Елкасида юки бор йигит
Ҳар битта жамоанинг ўз етакчилари бўлади. Талаб этилганда улар тизгинни қўлига олиб, катта куч билан барчани олдинга етаклайди. Наманган МБХОда ҳар қандай вазиятда масъулиятни зиммасига олишга тайёр ходимлардан бири сифатида юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими ВИП менежери Музаффар Азимовни айтиб ўтиш мумкин. Бу йигит офисда кенг кўламдаги ишни бажаради. Йирик мижозлар билан банк ўртасида мустаҳкам кўприк қуради. Бунинг учун Музаффар тиним билмайди. Муомала маданияти ва билими орқали ҳар қандай инсоннинг кўнглига йўл топади. Ўтган йили МБХОда газетамиз обунасини ташкиллаштиришда ҳам асосий ишни у бажарган. Унинг ташаббуси билан нафақат Наманган, балки водий ҳудудида энг йирик ҳисобланган паррандачилик корхонаси билан ҳамкорлик шартномаси имзоланганига кўп бўлмади. Натижада МБХОнинг йирик даромад келтирувчи мижозлари сони яна биттага кўпайди.

Ғояларга бой
МБХОнинг фахрий ва ишонган мутахассисларидан бири — Чакана бизнес бўлими бошлиғи Элдор Жалиловнинг жамоада алоҳида ўрни бор. У бошчилик қилаётган бўлим кунига ўртача 300 нафар мижозга хизмат кўрсатади. Элдор “Hamkorbank”да ташаббускор, ғояларга бой ходим сифатида танилган. Изланувчанлик характери кучли. Унинг ташаббуси билан 30 дан ортиқ бизнес ғоялар ва таклифлар ишлаб чиқилиб, 10 га яқини амалиётга татбиқ этилган. Йиллар давомида мижозлар сонининг ортиши ва шаклланишида ушбу мутахассиснинг хизмати юксак. У қўлидан ноутбук ва проекторларини қўймай, тинимсиз маркетинг ўтказиб, эрталабдан кечгача ташкилотлар ва саноат зоналарида мижоз ахтарган вақтларини яхши эслайди. Элдорбек 15 йиллик фаолияти давомида 30 дан зиёд шогирдлар тарбиялади. Улар “Hamkorbank”нинг турли йўналишларида ишлаб келмоқда.
Мўлжалда адашмайди
Юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлимига етакчилик қилаётган Дилмурод Иномов ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни истадик. У жамоа натижаларига ҳам ақлан, ҳам жисмонан ҳисса қўшади. Футболда ўзгача иқтидорга эга. Банк ишини танламаганида, балки спортчи бўлармиди. Мустақиллик байрами муносабати билан Марказий банкнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган спорт мусобақаларининг футбол йўналишида “Hamkorbank” терма жамоаси ғолиб бўлди. Бу ғалабада Дилмурод муҳим роль ўйнади. У 14 та гол билан мусобақа тўпурарига айланди. Йирик мижозлар билан ишлашда ҳам, футбол майдонида ҳам мўлжалдан адашмайдиган бу ходимнинг борлиги жамоа учун катта ютуқ.
Аҳилликдаги аёллар
Аёллар ҳар бир жамоанинг безаги. Бу жойда тўққиз нафар аёл кўрсаткичлар ўсишида иштирок этмоқда. Касса мудири Маҳбуба Камолованинг айтишича, касса хизматлари орқали бир кунда 150-200 нафар мижозга банк амалиётлари кўрсатилади. Пул ўтказмалари ҳамда валюта айрибошлашга бўлган талаб юқори. Кирим бўлаётган нақд пуллар миқдори ҳам оз эмас. Аёл ходимлар ишда ҳам, ишдан ташқари ҳаётда ҳам ўзаро аҳил, ҳамжиҳат. Турли байрам ва таваллуд кунларни биргаликда нишонлашади.
Хулоса шуки…
Ундирув бўлими бошлиғи Толибжон Босиджанов берган маълумотга кўра, офиснинг 4684 та мижоз билан кредит шартномаси йўлга қўйилган бўлиб, 347 миллиард сўмлик кредит портфелига эга. Портфелнинг атиги 2 фоизида муаммоли ҳолат кузатилади. Бу муаммоларни бартараф этиб, портфелни соғломлаштириш борасида мунтазам ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Нима гап экан, дея Бек офис бўлимига ҳам бир нигоҳ ташлаб ўтдик. Бўлим бошлиғи, бош ҳисобчи Шуҳратжон Ҳамидов компьютердан бош кўтармай ўзига юклатилган амалиётлар устида ишламоқда.
Ҳа, жамоада хотиржам меҳнат муҳити ҳукмрон. Айниқса, мижозлар билан муносабатда катта меҳнат ва ҳаракат бор. Бино ортидаги ҳовлида ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётган экан. Шундан англадикки, офисда ўзгаришлар ва юксалиш жараёнлари мунтазам давом этмоқда.
Нигора МИРОЛИМ қизи

