ЎСИШ ЙЎЛИДАГИ ДАДИЛ ОДИМЛАР

«Нодирабегим» универсал банк хизматлари офиси ташкил этил­ганига 30 йил бўлди. Вақтнинг ўтишини қаранг. Кечагина Андижон шаҳрининг эски шаҳар қисмида, оддий шароитда, кичкинагина бинода бармоқ билан санарли ходимлар билан иш бошлаган муассаса бугун “Hamkorbank” таркибидаги энг забардаст тармоқлардан бирига айланди. Шунга мос равишда офис биноси ҳам салобатли кўринишга эга бўлди.
Ҳозирги кунда УБХОни 17 йиллик раҳбарлик малакасига эга, касбига садоқатли, талабчан мутахассис Дурбек Абдураҳмонов бошқаряпти. Унинг етакчилигида 92 нафар ходимдан иборат жамоа аҳолига тезкор ҳамда сифатли хизматларни тақдим этиб келмоқда. Таркибида “Янги бозор”, “Олтинкўл”, “Бизнес марказ” БХОлар ҳам фаолият юритаётганлигидан тармоқнинг хизмат кўрсатиш ҳудуди кенгайганини билиш қийин эмас. Бугун ушбу банк муассасасига ҳар қандай вақтда кирган инсон қизғин иш жараёнига дуч келади.


Бошқарув фидойилари

Энг аввало, УБХОнинг шаклланиши ва оёққа туришида унинг илк бошқарувчиси Ҳалима Ибрагимованинг хизматларини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айнан унинг банк соҳасидаги тажрибаси ва узоқни кўра билиш қобилияти туфайли “Нодирабегим” тез муддатда ўз мижозларига эга бўлди. Одамлар банкка оқиб кира бошлади. Ундан сўнг тармоқнинг гуллаб-яшнашида Маърифат Атабекова, Бахтиёржон Ҳайитов, Муҳаммаджон Атабоев (марҳум), Муҳиддин Ортиқов, Хуршидбек Қобулов, Акрамжон Парпиев, Нодирбек Иргашев, Отабек Рўзиев каби раҳбар ходимларнинг ҳам катта меҳнати сингди.
УБХОда турли лавозимларда жонкуярлик билан ишлаб, жамоада ҳурмат топиб, нафақага йўл олган Камола Урунова, Абдумуталиб Парпиев, Юлдуз Абдурасуловалар фахрий сифатида кўп бора тилга олинади.

Ҳисобчиликдан хўжалик ходимигача

Феруза Алимова 30 йил аввал “Hamkorbank” сафига келиб қўшилганда уни бухгалтер лавозимига тайинлашган. Ишини, касбини севиши билан атрофдагиларда яхши таассурот қолдирди. 2011 йилда “Нодирабегим”га ўтиб, архив бўлимида фаолият олиб бориш билан бирга тўлов топшириқларини нусхалаш билан шуғулланди. 2016 йилдан кадрлар ислоҳоти туфайли хўжалик бўлими ходимига айланди. Ҳозирда нафақада бўлишига қарамай, банкоматларнинг тозалиги учун масъул. “Кўпчилик мендан аввал яхшигина лавозимларда ишлаган экансиз, нима сабабдан фаррошликка рози бўлгансиз деб, сўрашади. — Бу банк менга шу даражада қадрлики, у учун ҳар қандай оддий ишни бажаришга ҳам розиман. Кўплаб бошқарувчилар билан ишлаб, улардан фақат яхшилик ва меҳр кўрдим. Шундай жамоадан ким ҳам кетишни истайди”, — дейди самимият ила Феруза опа.

Технологиялар устози

Дмитрий Горлов “Hamkorbank”да ўттиз йилдан буён ишлаб келаётган бўлса, охирги олти йиллик фаолиятини ушбу УБХОга бағишлади. У ахборот технологияси бўйича етакчи мутахассис. Айни пайтда 70 дан ортиқ компьютер, 21 та банкомат,
5 мингдан ортиқ терминал, 2 та электрон навбат, 1 та АДМ ҳамда 2 та видеоқурилмалар мавжуд бўлиб, барчасининг соз ишлаши ҳамда технологик хизматларининг жадаллиги учун жавобгар.
Дмитрий жуда камсуқум, меҳнаткаш инсон. Унинг айтишича, ахборот технологиялари мунтазам тараққий этиб бораётган экан, бу соҳада доимий ўқиб-ўрганиш зарурияти туғилаверади. Мана шу зарурият 30 йиллик тажрибага эга мутахассисни ҳам таълим даргоҳи томон етаклади. Ҳозирда у Андижон давлат техника институтида ахборот тизимлари ва технологиялари йўналиши бўйича сиртқи таълим олмоқда. Балки, унга яқин келажакда банк хизматларини амалга оширувчи робот қурилмаларни бошқариш ҳам насиб қилар.

Юкламаси катта йигит

Бундан бир неча йиллар аввал ушбу тармоқ ҳақида ҳикоя қилганимизда жамоанинг турли тадбирлардаги иштирокида асосий масъулият Бекзодбек Аҳмадалиев зиммасида эканлигига гувоҳ бўлган эдик. Бугун эса авлодлар алмашинуви юз бериб, унинг ўрнини ёш мутахассис Азизбек Абдурасулов эгаллади. Азизбек юридик мижозларга хизмат кўрсатиш бўлими транзакцион ХВА менежери. Бундан ташқари, УБХО бошланғич касаба уюшмалари раиси вазифасида ҳам фаолият юритади. Банкда унга ишонган ҳолда бошқа бир қатор қўшимча топшириқларни бериб туришсада, барчасига улгуради. Ўзига хос олами бор бу йигитнинг. Унинг фикрича, ходим мижоз билан ишлаётган пайтда ўзини унинг ўрнига қўйиб кўриши керак. Шунда мижознинг нима хоҳлаётганини осон тушунади. Юқори чўққиларни кўзлаган, институтни тамомлаб, УБХОга ишга келганида беш йил ичида кўп нарсаларга эришишни режа қилган, ўз интеллектини қадрлайдиган бундай мутахассислар айни пайтда жамоа учун жуда зарурлигини англадик.

Ҳамкорлар бор бўлсин!

Мижозлар хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, банклар фаолиятининг давомийлигини таъминловчи омилдир. Бир кунда ўртача 500 нафар мижоз банк хизматларидан фойдаланади. Шундан 400 нафарини жисмоний шахслар ташкил қилади.
Юридик мижозлар билан ишлаш бўлими айни пайтда 1727 та актив мижозларга эга. Шундан 26 таси вип, 33 таси йирик, 1668 таси эса кичик ва ўрта бизнес таснифидаги юридик корхоналардир. Уларнинг орасида тармоқнинг 16 йиллик ҳамкорига айланган кийим-кечак ишлаб чиқарувчи “FAZO GROUP” текстиль корхонаси, 14 йиллик қадрдони — “BAXT IMKON RIVOJ CHORVASI” фермер хўжалиги, 7 йилдан буён офис хизматларидан мамнунлик ила фойдаланиб келаётган “АRTEL” компаниясининг Андижондаги диллери — “INTER TRADE ELECTRONICS” МЧЖ каби йирик мижозлари келтираётган фойда банк даромадининг катта қисмини ташкил қилаётгани қувонарли.


Пешқадамлар ҳамиша керак

Ҳар бир жамоадан етакчилар чиқади ва улар керакли вақтда масъулият юкини ўз зиммасига олади. “Нодирабегим”нинг айни пайтдаги режа кўрсаткич­ларини шакллантиришга катта ҳисса қўшаётган фаол ходимлари борки, уларнинг номини санаб ўтиш адолатдан бўлади. Масалан, юридик мижозларга кредит сотиш учун масъул — “Янгибозор” БХО бошлиғи Тўланбой Хўжаёровнинг самарадорлиги умумий кўрсаткичларнинг ўсишига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Чакана бизнес бўлими истеъмол кредити менежери Абдумалик Асқаралиев ўзига юклатилган режани ҳар ойда ўртача 110-120 фоизга бажаради. Юридик хизматлар бўлими ВИП менежери Исмоил­жон Каримов даромади юқори мижозларни жалб қилиш бўйича ижобий натижаларни қайд этмоқда.

Иқтидорлар жамоаси

“Hamkorbank” тизимида ўтказиладиган кўплаб спорт, санъат ва билимдонлик мусобақаларида Ушбу УБХО фаол қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритиб келади. Футбол турнирлари, “Қувноқлар ва зукколар” танлови, “Заковат” интеллектуал ўйинларида иштироки, қайд этаётган натижалари мақтовга сазовор. Айниқса, футбол иқтидорларига тўла. 2024 йилда жамоа йигитлари футбол бўйича “Hamkorbank” кубогида ғалаба қозонди ва турнир бош совринини баланд кўтарди. Тилагимиз — ютуқлар ишда ҳам ишдан ташқарида ҳам давомий бўлсин.

Нигорахон ТЎХТАМАТОВА

Бекзод Муталлибов