ҚАДОҚЛАНГАН МАҲСУЛОТ ХАРИДОР ЧАҚИРАДИ

Қўқон қулай географик жойлашуви, тарихи, моддий ва маданий мерос объектлари, ҳунармандчилиги ва туризм салоҳияти билан ўзига хос хусусият­га эга ҳудуд. Шаҳарда ишлаб чиқариш йилдан-йилга замонавий услубларга хос равишда ривожланиб бормоқда.
Ташаббускорларнинг истиқболли лойиҳалари сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотяпти. 2005 йилда ташкил топган “Европринт” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади.
Тадбиркор Аюбхон Фозилов раҳбарлигидаги полиграфия-қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхона саноат ҳудудида атиги битта хонада ўз фаолиятини бошлаган. Дастлабки йилларда улар тайёрлаган маҳсулотларга талаб у қадар катта бўлмагани ҳақиқат. Кейинчалик ҳар бир соҳада қадоқлашга эътибор ортди, тайёрловчилар ўз маҳсулотини чиройли кўринишда буюртмачига етказиб берадиган бўлди. Бу ўз-ўзидан “Европринт” МЧЖ жамоасини изланишга, янги лойиҳалар устида ишлашга ундади.
— Буюртмачиларимиз сони ортгани сабаб ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ўсди. Натижада жойимиз торлик қилиб қолди, — дейди ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Йўлчиев. — Қаровсиз турган мана шу жойда катта корхонага асос солинди. “Hamkorbank” АТБ Қўқон универсал банк хизматлари офисининг молиявий кўмаги билан барча қулайликларга эга янги бинолар қурилди, замонавий дастгоҳлар олиб келинди. Бозорни ўрганишга ҳам эътибор қаратдик. Ишлаб чиқарувчиларга қадоқлаш борасида ўз таклифларимизни билдирамиз. Мақсад — маҳсулотларини харидорга сифатли ва чиройли кўринишда етказиш.
Истиқболли лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Айни вақтда кунига 200 минг дона маҳсулот тайёрланаётган корхонада 210 нафар йигит-қиз иш билан машғул. Уларни касбга йўналтириш мақсадида шу жойнинг ўзида “устоз-шогирд” мактаби яратилган. Дизайнерлардан тортиб қадоқловчигача қисқа вақтда касб эгасига айланади.
Корхонада ишловчилар яратилган шароитлардан хурсанд. Маошлари ҳам кўнгилдагидек. Асосийси, жамоа доим изланишда.

А. НАСИРДИНОВ.
Б. МУТАЛЛИБОВ
олган суратлар.