ҚИЁСИ ЙЎҚ БАХТ
“Hamkorbank” АТБ «Юксалиш» универсал банк хизматлари офиси бошқарувчи ўринбосари Муродулла Миржалаловнинг “Hamkorbank”да ишлаётганига 7 йилдан ошди. Табиийки, йиллар давомида сидқидилдан қилинган меҳнат ва изланишлар самарасини берди. У билан суҳбатимизда кўп нарсани англадик.
— Мингбулоқ тумани, Жомашуй қишлоғида туғилиб, вояга етганман. “Hamkorbank”га келгунга қадар 16 йил банк тизимда ишладим. Ота-онам қанчалик фахрланишганини ҳис қилганман ва кўнглимда уларни янада хурсанд қилиш туйғуси кечганди. Эндигина институтни тамомлаган мутахассиснинг кутилмаганда нуфузли банкда иш бошлаши ёқимли бўлган, албатта.
— Бугун “Hamkorbank” тизимидасиз, лавозимингиз ҳам чакки эмас-ўринбосар.
— 2018 йилда “Капиталбанк”нинг Наманган филиалида бошқарувчи ўринбосари лавозимида ишлаётган пайтимда, “Hamkorbank” «Юксалиш» универсал банк хизматлари офиси бошқарувчиси Жаҳонгир Отавалиев билан суҳбатлашиб қолдим. Суҳбат мавзуси табиийки банк соҳасида кечди. Суҳбатимиз Жаҳонгирнинг “универсал банк хизматлари офисига бошқарувчи ўринбосари керак, агар насиб қилган бўлса, бирга ишлаб, ташкилотнинг ривожлантиришга ҳиссамизни қўшардик”, деган сўзлари билан якунланди. Тўғрироғи, якунланди эмас, мен учун маъжозий маънода таклиф бўлди. Анчадан буён «Юксалиш»да ишлашни орзулаб юрардим, шу нуфузли молия ташкилоти жамоасига қўшилдим.
— Ҳаётда ўрнингизни топишингизда ота-онангизнинг таъсири…
— Ўқишим ҳамда шу соҳада ишлашимда ота-онамнинг кўмаги катта. Аввал Мингбулоқдаги 14-сонли лицейда, кейин Наманган муҳандислик- иқтисодиёт институтида таҳсил олдим. Улар ҳар доим моддий ва маънавий кўмакчим бўлишган. Биласизми, баъзида қизиқишларданда устун келадиган реал ҳаёт йўлингизни бошқа томонларга буриб юборар экан. Ота – онам маслаҳати билан банкда иш бошлаганман. Чунки уларнинг орзуси эди бу соҳа. Ҳалоллик ва тўғрисўзлик борасидаги кўп ибратли сўзларини эшитганман ва ҳозир ҳам уларнинг насиҳатларига қулоқ тутаман. Ҳаётимда нимага эришган бўлсам ота-онамнинг дуолари, насиҳатлари туфайли.
— Тил билганга дунё кенг, иборасига муносабатингиз?
— Мактабда бир рус ўқитувчимиз бўларди. Дарс пайтида умуман ўзбек тилида гапиртирмас эди. Балки шундандир тиришиб-тирмашиб рус тилини ўрганганман. Мана фаолиятим давомида фойдаланяпман. Бизда сўзлашиш камроғу унутиб қўймаслик учун ҳар доим рус тилидаги китобларни ўқиб тураман. Инглиз тилини мукаммал билмасамда, суҳбатлашишда қийналмайман.
— Талабалик даврларингиз қандай кечган?
—Мароқли ва завқли ўтган. Салгина бўшаб қолсам хаёлан қайтаман ўша дамларга ва соғинаман. Курсдошларим билан жуда иноқмиз, тез-тез учрашиб турамиз. 4 нафари вилоятимиздаги турли банкларда юқори лавозимларда ишлашмоқда. Бошқалари иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида. Мақтаниш бўлсада айтаман, гуруҳимиздан жамиятимизга фойдаси тегадиган мутахассислар кўп чиққан.
— Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз? Нималарга қизиқасиз?
—Ўқиш, иш билан бўлиб ота-онам, яқинларим билан доимий бўлолмайман. Энг қадрли онлар болалик экан. Отам билан боғлиқ хотираларни соғинаман. Такрорланмас дамлар. Имкон борича бўш вақтимни оилам даврасида ўтказаман. Иқтисодий таъминотчи ота эмас, ҳар жабҳада ибратли ота бўлишни истайман. Кўпроқ мулоқот қилиб туришим уларнинг тарбиясига ижобий таъсир қилиши аниқ. Келажакдаги орзулари, кунлик режаларини бирга муҳокама қиламан ва тўғри йўл тутишларида кўмакчи бўламан.
— Орзуларингиз қай даражада ушалди?
— Шак-шубҳасиз барчаси ушалиб боряпти. Айтишадику ниятга яраша деб. Бежизга эмас экан. Келинг бахт ҳақида ҳам бироз гапирай. Ота-онамнинг борлиги улуғ бахт бўлса, оиламнинг тинчлиги, уч нафар фарзандимнинг шодлиги, эл-юртимнинг осойишталиги қиёси йўқ бахт. Ҳар кун ошиқадиган жамоам, севимли касбим бор. Шу эмасми орзу-истаклар чўққиси? Мен бу чўққини эгалладим.
— Ҳаётингиз ва фаолиятингизга муваффақиятлар тилайман.
Суҳбатдош Н. Тўрақулова