“ҚОДИРХОН” СЕРИАЛИДАГИ ВОҚЕАЛАР ҲАЁТДАН ОЛИНГАН
Ўзбек сериаллари ичида машҳур бўлган «Опа-сингиллар»да Анзират образини яратган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Носирова театр, кино ва дубляж санъатида ўзига хос юзлаб образлари билан томошабинлар юрагини забт этган. Саҳифамизнинг бу галги меҳмони санъат ва ундаги муаммолар ҳақида сўзлади.
— Гулчеҳра опа, санъатга кириб келган илк пайтларни қандай хотирлайсиз?
— Болаликдаги орзуйим. Санъатдан бошқа касб ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Ҳамма болалар каби боғчада эмас, театрда катта бўлганман, десам муболағасиз. Спектакллар, премьераларни кўрган сайин муҳаббатим ортаверарди актрисаликка. Бу борада илк устозим — дадажоним Ҳакимжон Носиров Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрнинг актёри бўлган. Институтни тугатгач, отамнинг хоҳишига кўра, Муқимий театрида фаолиятимни бошлаганман. Шунга ҳам 35 йил бўлибди-я…
Катта саҳнада ўйнаган илк ролим — «Чароғонда сўнган юлдузлар»даги Зойира. Юзлаб спектаклларда турли образларни яратганман. «Зафар — қуёш фарзанди», «Дилафрузга тўрт ошиқ», «Алпомиш», «Ака-ука совчилар», «Бахт қўрғони» спектаклларида яратган образларим жуда қадрли. Юқорида театрда катта бўлганман, дея бежиз айтмадим. Шу ерда яшаяпман деганим ҳам бўрттириш эмас. Театр ҳамиша ибрат даргоҳи бўлган. Саҳнадаги образлар, руҳий кечинмалар аслида ҳаётдан бир лавҳа. Фарқи — уни кўриш, тинглаш, ҳис қилиш, хулоса чиқариш холос. Томошабин асардан кўнгли тўлмаса, юраги «жиз» этмаса, қарсак чалмайди. Актёр ўз ролига бор вужуди билан киришмаса, қалб қўрини бермаса, ундаги кечинмалар билан яшамас экан ҳеч кимни ишонтира олмайди.
— Сериал, кино ва театр. Қай бирининг меҳнати оғир?
— Кўпчилик «Опа-сингиллар» сериалидаги Анзират образим билан эслашади. Учрашувларда, кўча-кўйда «ана Анзират» дейишади. Бу образ аслида салбий қилиб талқин этилиши керак эди. Аммо мен сал юмшатиброқ, аёл дардини қориштириб ўйнаганман. Шунданми билмадим, асосан, оналар образини беришяпти. Чунки салбий образларимдан ҳам яхшилик қидираман.
Томошабин реал ҳаётдаги қаҳрамонни кўрсагина унутмайди. «Кўнгил кўчалари» сериалида Элёр Носиров билан эр-хотин образини яратганмиз. Орадан йиллар ўтиб «Журналист» сериалида яна бирга роль ижро этдик. «Кўзларинг маъюс», «Супер келинчак» каби ўнлаб илк тижорий фильмларда ҳам ижроларим бор. Кинода кўплаб, ҳатто юзлаб ролларни яратиш мумкин. Бироқ, театрдаги битта ролга қувват етмай қолади. Боиси ҳар бир спектакль томошабинлар эътиборига ҳавола этилгунга қадар 3-4 ойлаб шуғулланилади. Йиқиладиган ёки йиғлайдиган жойи бўладими, сўзлари ҳар куни қайтарилади, такрорланади. Ҳар бир ролни юракдан ўйнаш керак. Қалб кўпроқ ишлайди, юзга кўпроқ ажин тушиб, соч тез оқаради. Шу боис театрда ҳамма ҳам ишлай олмайди. Унинг тоши оғир, борлиғингни беришинг шарт. Театр — ҳақиқий фидоий санъаткорнинг макони. Жонингни, куч-қувватингни бағишласанггина, халқнинг олқишини оласан. Аммо бугунги фильмлар ва сериаллар шошма-шошарлик билан олиняпти. Бир кунда олишади, монтаж, дубляж қилишади ва шу куни экранга берворишади. Хато кетмадимикан, деган қўрқув ҳам йўқ. Томошабин олдидаги масъулият ҳақида гапирилмаса ҳам бўлади. Бу, албатта, савиясиз ва бир марта кўриладиган асарга айланиши табиий. Баъзида ўша кинода ёки сериалда ўйнаган кичик эпизодик ролимдан қониқмайман.
Бир пайтлар ҳар ҳафта эфирга узатиладиган «Табассум» эшиттириши жуда машҳур эди. Санъатимиз дарғалари Суръат Пўлатов, Бахтиёр Ихтиёров, Ҳусан Шарипов, Равшан Солиҳовлар билан ўша эшиттиришда баробар ишлаганман. Халқимиз интиқлик билан кутарди. Кечаю кундуз меҳнат, ҳар бир сўз устида соатлаб ўйланишлар… Ҳозир-чи? Олдингидай сўз ёдлашлар йўқ. Борган заҳоти ролни ўйнаб бериш керак, холос.
— “Қодирхон” сериали ва сизнинг образингиз…
— Биласизми, бугунги кунда эфирга кетаётган ва съёмка қилинаётган сериаллар жуда кўп. Телеканалларимизни деярли ўзбек сериаллари эгаллаб олган, десак ҳам бўлади. Бу яхши, албатта. Аммо томошабин танловини унутмаслигимиз керак. Уларни жалб этиш учун катта меҳнат талаб этилади. Бугунги томошабин сериал борасида анча тажрибали. Ҳаттоки хатоларни ҳам санаб ташлашади. Ҳар қандай актёр томошабинни табиий ижро билан жалб эта олиши мумкин. Бу ҳақда ёшларга кўп уқтиришга уринамиз.
Мирза Азизов “шу актирса билан роль ижро этаман” деган эканлар. “Қодирхон” сериалида бирга ишладик. Афсуски, сериал якунига етмасидан, бизни тарк этди. Жуда кучли ижодкор эдилар, соатлаб гапирсак кам бу актёр ҳақида.
“Қодирхон”даги она образи шу пайтгача ўйнаган ролларимдан тубдан фарқ қилади. Ўта сабрли, оғир-босиқ, бадавлат бўлсада, камтарин, оқила, садоқатли ва эрини “пири” дея қабул қилган аёл. Давронга нисбатан ўз ўғлидек муносабати, ўз фарзандлари қатори кўриши, ажратмаслиги, меҳрини аямаслиги, бир сўз билан айтганда, меҳридарё она образи. Бунинг учун ўша ҳолатга кириш керак. Буни акс эттириб бериш ҳам мураккаб. Чунки образда барча ҳолатлар қоришиқ ҳолатда. Юз, мимика, қарашлар, гапиришдан олдинги қиёфа… Сериалда рўй бераётган воқеалар реал ҳаётдан олинган. Буни Мусахон акадан сўраб билганман. Айнан мен ижро этаётган аёл ҳақида қизиққанимда кўп воқеаларни айтиб берганлар.
— Съёмка жараёнидаги қизиқ ҳолатлардан айтиб беринг.
— Бир куни операторимиз битта саҳнани олиб бўлгач, кейинги саҳнага тайёргарлик кўрдик. Мен кийимимни алмаштириб, гримимни ўчирдим, мотам саҳнасига тайёр бўлиб, ўтиб кетаётсам, бирданига ўша оператор ўрнидан шаҳдам билан туриб, қўлини кўксига қўйиб, бошини эгиб, “ассалому алайкум, опа, яхшимисиз?”, дея қарши олди. Ҳайрон бўлиб қолдим. Нега мен билан яна қайтадан сўрашяпсиз десам, “вой, Гулчеҳра опа, бу сизмисиз? Узр, танимабман, сизни шу хонадоннинг эгаси деб ўйлабман” деса бўладими. Ҳамма кулиб юборди. Ижод жараёнида шунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп содир бўлади.
— Ёш актёрлар…
— Томошабинни йиғлатиш ҳам, кулдириш ҳам қийин. Ҳаттоки кийинишдан тортиб, ўзини тутишгача эътибор муҳим. Бугунги томошабин нимадан норози? Улар ёш санъаткорларнинг ташқи қиёфасидан норози. Ёшлар ҳар қандай ҳолатда ҳам саҳнага чиройли қиёфада чиқишга ҳаракат қилади. Яқинда ижодий учрашувга боргандик. Бир аёл «Нега ёш санъаткорларга кийиниш ва ўзини тутишни ўргатмайсизлар? Лаблари шиширилган, татуаж, киприклар улама, юзида табиийлик йўқ. Ўргатсанглар бўлмайдими?» дея танқид қилди. Тўғри, бунда бизнинг ҳам айбимиз бор. Бир фильмда актриса Ситора Алимжонова билан она-бола образини ўйнадик. Фильмда қизнинг кўзи кўр бўлиб қолгач, жарроҳлик амалиётидан кейин кўзлари кўра бошлаган саҳнаси. Ситорага қарасам, киприк улатиб олган экан, кўзларини юмиб ётибди. Гримчига «Бу жуда кулгили-ку», десам, елкасини қисди. Актрисага ётиқлик билан тушунтирдим. “Кўз олдингизга келтиринг, операциядан чиққан одам қай ҳолатда бўлади? Томошабин сизни бу узун киприкларда кўрса ғалатимасми”, дедим. Ситора тўғри қабул қилди. Ўша куни узун киприкларини олдиргач, саҳнани ярим тунда ижро этганмиз. Билсам, бундай киприкларни олиб ташлаш ҳам анча машаққатли ва оғриқли экан. Ёш актрисалар хунук бўлиб кўринишдан қўрқишлари керакмас. Аслида санъатини, образини борлиғи билан ижро этишга интилиши, томошабин ҳафсаласини пир қилишдан чўчишлари керак.
Нилуфар ЮНУСОВА суҳбатлашди.