ҚОНУН ЎЗБОШИМЧАЛИКНИ КЎТАРМАЙДИ
“Ўзбошимчалик билан қурилган иморат” деган жумлани кўп эшитгансиз. Қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида тикланган бино ёки ўзга кўчмас мулкка нисбатан ана шундай тушунча қўлланилади. Бироқ сўз бораётган масаланинг қамрови шу билангина чекланиб қолмайди: сиз гарчи ўзингизга тегишли кўчмас мулкка архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда ўзгартириш киритсангиз ҳам қонунбузарга айланиб қоласиз. Бу фикрга Андижон шаҳрида яшовчи Зилолахон Ўрмонова (исми-шарифи ўзгартирилди)нинг хатти-ҳаракатларини мисол қилиб келтириш мумкин.
Яъниким Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти ҳудудий инспекцияси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар ўзига тегишли хонадоннинг пол қисмини ўзбошимчалик билан бузиб, зинапоя қўйган ҳолда ер тўлага очган йўлни аввалги ҳолига келтиришини, буни ўз ҳисобидан амалга оширишини сўраган.
Маълум бўлишича, шаҳарнинг Навоий шоҳкўчасидаги кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида истиқомат қилувчи Зилолахон Ўрмонова уста ёллаб, хонадонининг пол қисмини, яъни бетон ораёпмани тешиб, ертўлага олиб тушувчи зина ўрнатади. Мазкур ҳолат қурилиш соҳаси мутахассислари эътиборига тушгач, ваколатли идора томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 159-моддаси биринчи қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилади.
Шундан сўнг жавобгарга қонун бузилишини бартараф этиш, яъни бетон плитани ўз ҳолига келтириш юзасидан мажбурий кўрсатма берилади. Бироқ мулкдор кўрсатмани бажармагач, юқоридаги даъво фуқаролик ишлари бўйича судда кўриб чиқилиб, тегишли ҳал қилув қарори билан З. Ўрмоновага хонадони ва ер тўла ўртасидаги ўзбошимчалик билан очилган йўлнинг беркитилииши юзасидан мажбурият юкланади.
Хўш, суд нега бундай тўхтамга келди?
Маълумки, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас. Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасига кўра, жой мулкдори: жойларни қайта қуриш ва қайта режалаштиришни фақат жойнинг қулайлигини ошириш мақсадида, бинонинг ва муҳандислик коммуникацияларининг конструктив схемасини бузмаган ҳолда, бинонинг, муҳандислик коммуникацияларининг олд томони ва ташқи кўриниши архитектурасини ёмонлаштирмаган ҳолда амалга ошириши, бунда бинонинг таянч қобилияти ва зилзилага бардошлилиги пасайишига йўл қўймаслиги, кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидаларига, кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини сақлаш бўйича талабларга санитария нормаларига, қоидаларига ҳамда гигиена нормативларига мувофиқ риоя этиши шарт.
Юқоридаги ҳолатда эса фуқаро наинки ўзи, балки бошқа шахслар ҳам истиқомат қилувчи кўп қаватли бинонинг сейсмик ҳолатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бетон ораёпмага шикаст етказиб, иморатнинг конструктив схемасини бузган. Шу боис ҳам биринчи инстанция суди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг даъвосини қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келган. Тўғри, кейинчалик жавобгар қуйи суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан эътироз билдириб, апелляция шикояти келтирган бўлса-да, вилоят судининг тегишли судлов ҳайъати унинг шикоятини рад этди.
Мазкур ҳолатни нима учун жамоатчиликка ҳавола қиляпмиз? Бугун барча ҳудудларда кўп қаватли уйлар барпо этиляпти. Демакки, кўп қаватли уйларда яшовчи барча мулкдорлар архитектура ва қурилиш тартиб-таомилларидан бохабар бўлишлари, “хонадон ўзимники” дея билиб-билмай иморатга шикаст етказмасликлари даркор. Чунки айни масала, энг аввало, одамларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ. Қолаверса, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.
Азизахон Нажмутдинова,
Андижон вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

