ҚОРБОБОГА ЁЗИЛГАН ХАТ

“Hamkorbank”АТБ Термиз минтақавий банк хизматлари офиси “Наврўз” банк хизматлари офиси жамоаси 2024 йилни янги режалар билан бошлади.

Мазкур БХО бошлиғи Илҳом Маматҳакимов билан боғланиб, катталардан ҳам кўра кўпроқ болажонларга қувонч улашадиган Янги йил айёми хусусида мулоқот қилдик. Айтиш жоизки, ҳаммамиз ҳам болалик давримиз­да Арча байрамини, Қорбобою, Қорқизни орзиқиб кутганмиз, турфа совғалар олганмиз. Суҳбатдошимизнинг билдиришича, у ҳам бу завқли лаҳзаларни бошидан кечирган. “Болалик чоғида Қорбобо борлигига ишонмаган ва ундан совғалар олишни интиқиб кутмаган болакай бўлмаса керак», -дейди у.
– Боғчага қатнардим. Янги йил арафасида отам: “Кел, ўғлим, Қорбобога хат ёзамиз. Сенга қандай совға ёқса Қорбобо уни олиб келади”, — деди. Айтганини қилдим ва уйимиз­даги беза­тилган арча тагига қўйдим. Эрталаб уйғонсам арчамиз ёнида мен хоҳлаган совға – катта ўйинчоқ машина турарди. Ҳайратимнинг, шодлигимнинг чеки йўқ эди ўшанда!.. Ҳозирда мен ҳам отам қилган ишни қиляпман. “Қорбобога ёзилган хат”га асосан байрам арафасида тўрт ёшли кичкинтойимга уй ясаш ўйинчоқлари жамламасини совға қилдим. Унинг яйрашини кўриб, олис болалигим ёдимга тушди. Байрам шуниси билан ширин-да…
Янги йилни орзулар айёми ҳам дейишади. Йиллар ўтган сари орзулар бўй чўзаверади. Охир-оқибат “Ким бўлсам экан?” деган савол дилга туғён солади. Илҳом Маматҳакимов бу борада иккиланиб ўтирмади. Банк тизимида ишлаш истаги уни Термиз давлат университети томон етаклади. Олийгоҳни муваффақиятли битирган ёш мутахассис иш жойи масаласида якдил фикрга келиши бироз қийин кечди. Негаки у ўша кезда “Hamkorbank” ёки “Ипотекабанк”да ишлаш истагида эди. “Hamkorbank”га иш ўрганиш учун бордию фикри қатъийлашди – “Мен шу ерда ишлайман!” Замонавий ва тизимли иш жараёни, жамоанинг аҳиллиги, тажрибали ходим-устозларнинг ҳар доим кўмакка шайлиги уни ўзига жалб этди. Ҳали-ҳануз танловининг тўғрилигидан кўнгли хотиржам.
Унинг меҳнат фаолияти ҳақидаги ёзувларда “Ангор мини банки” бир неча бор қайд этилган. 2009 йилда Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида банкнинг мини банки очилгач, шу жойда дастлабки иш фаолиятини бошлади. 2021 йилгача мазкур шохобчада ишлаб, малакасини оширди, тажриба тўплади. Ҳозирда ҳам у томонга йўли тушгудай бўлса, дилида илиқ таассуротлар, хотиралар уйғонади. У қаерда бўлмасин шу жойнинг ўтмиши, кечмиши билан қизиқади. «Ангор Термизга борадиган савдо карвонлари учун қўналға бўлган, -дейди у. – Милоддан аввалги VI – IV асрларда аҳоли манзиллари бўлгани хусусида маълумотлар бор. Кушон подшоҳлиги даврида деҳқончилик воҳаси таркиб топган”.
Дунёнинг таниқли молия­чилари, банкирларининг аксарияти китобни кўп ўқишган, уни ўзларига энг яқин дўст ва маслаҳатчи деб билган. Бўш вақт топиши билан Илҳом Маматҳакимов ҳам китоб мутолаасига берилади. Ўқиётган асарлари уни келажакдаги эзгу ниятларида пойдевор бўлиб қолса ажабмас.

Ҳ. ТОҲИРОВ