ҚЎРҚИНЧЛИ ТРАССА
ҒАРОЙИБ ДУНЁ
Бундан йигирма йиллар аввал Шимолий Юнгас йўли том маънода “Ўлим трассаси” деган номга мос келар эди. Ҳар йили юзлаб йўловчилар бу автомагистралда бахтсиз ҳодисалар туфайли дунёдан кўз юмарди. Шу боис трасса бўйлаб кўплаб ёдгорликлар ўрнатилган.
Биз бундай ҳудудларнинг суратини кўрибоқ, даҳшатга тушамиз. Хаёлимиздан “Бунақа йўллардан бир қоп тилла берса ҳам юрмайман” деган фикр ўтади. Аммо боливияликлар расми тугул, ўзини кўрган бўлса ҳам у ердан юришга мажбур.
Чунки йўл Боливия пойтахти — Ла-Пас (дунёдаги энг баланд пойтахт)ни Амазонканинг тропик ўрмонлари пастекислигидаги Юнгас минтақаси билан боғловчи қисқа ва ягона автомагистрал ҳисобланади. У қудратли Cordillera Oriental тоғ тизмаси орқали ўтади. Ла-Пас шаҳридан бошланиб, аввал денгиз сатҳидан 4650 метр баландликда жойлашган Ла-Кумбре довонига кўтарилади, кейин 1200 метр баландликдаги Короико шаҳарчасига кескин пастлайди.
Йўлнинг энг катта кенглиги 3,5 метрдан ошмайди, айрим қисмлари асфальтланмаган ва ҳеч қандай тўсиқлар билан муҳофаза қилинмаган. Баъзида бу ҳудудни туман қоплаб, ёмғир ёғади, натижада йўлнинг хавфлилик даражаси янада ошади. Ғоҳида ёғингарчилик оқибатида тошлар қулаб, кичик сув оқимлари пайдо бўлади. Шу ҳолатларнинг барчаси йўловчилар учун хавф туғдиради. Мазкур трассада транспортлар қарама-қарши томондан келаётган автомашиналарга яхши кўриниш учун чап томонда ҳаракатланади. Чап томон асосан жарликлардан иборат
Энг ёмони велосипедчилар гуруҳини шу ердан топиш мумкин. Айрим шов-шувга ўч кишилар интернетда порлаш учун бу ҳудудни велосипедлар трассасига айлантиришди. Сўнгги 10 йил ичида 13 нафар велосипедчи ҳалок бўлганига қарамай, туроператорлар томонидан уюштирилаётган саёҳатлар тўхтаётгани йўқ.
Боливия ҳукумати йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда, аммо ўта қийин ландшафт шароитида қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш пул ва вақт талаб қилади. Кейинги йилларда Юнгас йўлининг энг шимолий ва энг хавфли қисмини четлаб ўтувчи замонавий ва хавфсиз икки йўлли автомагистрал қурилди.
НИГОРА тайёрлади.