ҲАЙДОВЧИ ТЕЗЛИКНИ ОШИРГАНДА

ёки йўлларда аракат хавфсизлигини таъминлаш кечиктириб бўлмас вазифа

Сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида кўплаб чора-тадбирлар кўрилишига қарамасдан, айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ қоидабузарликлар содир этилиши давом этмоқда. Бу ҳолат одамлар, жумладан, болалар ўлимига сабаб бўлмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ҳар 24 сонияда бир нафар, ҳар куни 3,5 минг одам ҳалок бўлади. Бир йилда 1,3 млн.дан ортиқ инсон йўлдаги бахтсиз ҳодисалар туфайли вафот этади. Уларнинг асосий қисмини 5 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар ташкил этади.
Республикамизда ҳар бешта ўлимнинг биттаси йўл-транспорт ҳодисалари ҳиссасига тўғри келади. Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ иқтисодий харажатлар Ўзбекистон йиллик ялпи ички маҳсулотининг 2,8 фоизини ташкил этади. Маълумотларга кўра, респуб­лика ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларида — 2020 йилда 1962 нафар фуқаро ҳалок бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилда 2282 нафарга етган.
Бу каби ҳолатларнинг кескин ошаётгани йўлларда ҳаракатланиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини кескин кучайтириш зарур эканлигини кўрсатмоқда. Тўғри, жазодан мақсад, биринчи навбатда, тарбия ва турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳисобланади. Шу билан бирга, фақатгина жарима миқдорини ошириш ҳам йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз амал қилиш борасида кутил­ган натижаларни бермайди. Шу боис, бу борада аниқ механизмларни, хусусан, таъсирли жазо чораларини кучайтириш заруратидан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам бузганлик учун қонун ҳужжатларида жазо чораларини кучайтириш, шу жумладан, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ёки оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳолатларда умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ташаббусини илгари сурмоқда.
Бу борада дунё тажрибасига назар солсак, Финляндияда тезликни оширганлик учун 200 минг доллар миқдорида маъмурий жарима қўлланилади. АҚШнинг ҳар бир штатида тезликни оширганлик учун алоҳида қонунлар мавжуд бўлиб, баҳолаш тизим ҳолатида кўп бора маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилади. Буюк Британияда ҳайдовчи тезлигини оширганида, 3 балдан 6 балгача баҳоланади. Миқдор ошиб кетса, судга чақирилади.
Айрим давлатларда маст ҳайдовчиларга дарҳол жиноий жавобгарлик қўлланади. Мисол учун, Россияда маст ҳолда тран­спорт воситасини бошқарганлик учун 2 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан жазоланади. Буюк Британияда рулга маст ҳолда ўтирган ҳайдовчи илк қоидабузарлик учун 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинади, 5 минг фунт-стерлинг жарима тўлаб, ҳайдовчилик ҳуқуқидан 3 йилгача маҳрум этилади.
Бир сўз билан айтганда, йўлларда тўғри ҳаракатланиш ҳамма вақт долзарб аҳамиятга эга. Айниқса, ҳайдовчининг тезликни ошириши кўнгилсиз ҳодисаларга олиб келиши мумкин. Шу сабаб йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни унутмайлик.

Малоҳатхон МУСАЕВА,
Андижон