«Ҳали ўрганадиганларим кўп»

“Hamkorbank” АТБ Бухоро минтақавий банк хизматлари офиси корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи Шоҳруҳ Муҳсинов тажрибали соҳа ходимларидан бири бўлса-да, «ҳали ўрганадиганларим кўп», дея доим изланишда. Шундан бўлса керак ҳамкасблари унга ҳавас билан қарайдилар. Чунки у ўзига юклатилган вазифани бажариш баробарида банк тизимида қандай янгилик бўлса биринчилардан бўлиб ўрганади. Бошқа бўлимлар фаолиятига ҳам бефарқ эмас.
Шоҳруҳ билан иш жойида суҳбатлашишга тўғри келди. Мижозлари кўплиги сабаб алоҳида вақт ажратиши қийин кечди. Муомала маданияти, билимдонлиги, мурожаат қилувчиларнинг кўнглига йўл топиши ўрганишга арзирли. Асосийси, касбини севади.
У 2013 йил Тошкент молия институтини тамомлагач, сира иккиланмай “Hamkorbank”ни танлади. Сабаби аниқ: бу жойда ходимларнинг ўз устида ишлаши, етук мутахассисга айланиши учун барча имкониятлар яратилган. Иш жараёнида билимларингизни оширишингиз ҳам қўллаб-қувватланади. Қолаверса, иш берувчилар орасида юқори рейтингга эгалиги унда қизиқиш уйғотганди.
Дастлаб чакана бизнес бўлими иш ўрганувчиси вазифасига ишга қабул қилинди. Ке­йин мини банкларда (ҳозирги БХО) қатор вазифаларда, фронт офисда фаолият юритди. 2018 йилдан корпоратив хизматлар бўлимида. Изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва мижозлар билан ишлашда ўзига хос йўл тутгани сабаб 2022 йил бўлим бошлиғи этиб тайинланди.
Бир қарашда “ўсиш пиллапояси”да ҳаммаси оддийдек кўринсада, бунинг ортида катта меҳнат бор. У ҳар бир мижозга алоҳида кўз билан қарайди, банк хизматларини таклиф этиш баробарида бизнес лойиҳаларини амалга оширишга ҳам кўмаклашади. Кредит борасида талабчан, шартнома шартлари бузилишига йўл қўймайди. Шундан бўлса керак мижозлар у билан бамаслаҳат иш юритади.
Мижозлар оқими бир оз камайган вақтда «банкда ишлаш қийин эмасми?», дея берган саволимизга кулиб жавоб қайтарди:
— Аслида осон ишнинг ўзи йўқ. Бироқ, банкда ишлаш мен учун қийин эмас, аксинча, жуда қизиқарли. Янгиликлар биринчи банкка келади. Демакки, янгиликлардан хабардор бўлиб борамиз. Бош банк томонидан ёшларга бўлган эътибор, рағбатлантиришлар ҳам мотивация беради. Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ.
Шоҳруҳ эришган ютуқларини ҳаётдаги шиорининг меваси деб билади. Шиори: ўз устида ишлаш, доим изланиш. Ҳамкасбларига ҳам буни тавсия қилади. Агар бирон муаммога дуч келса, жамоага суянади. Ҳар бир ҳамкасбини устоз деб билади.
«Ўзингизни банк ходими сифатида қандай баҳолайсиз?», деган саволимизга ҳам ўрганадиганлари кўплиги, тажриба орттириши лозимлигини билдириш билан жавоб берди. Ҳаракатчанлиги уни малакали ходимга айланишини кўрсатмоқда.

Акбаржон НАЗАРОВ.
Бекзод Муталлибов
олган сурат.