ҲАЛОЛЛИК, ШУКР, САБР
ёхуд Ўткиржон Тожибоевнинг бахт формуласи
У деярли ўн олти йилдан бери “Hamkorbank”чилар сафида ва айнан бир жойда — Қўрғонтепа универсал банк хизматлари офисида ишлаб келмоқда. Доноларимизнинг “Дарахт бир жойда кўкаради”, деган нақли ана шундай инсонлар учун айтилган бўлса не ажаб.
Уни яқиндан билганлар бу ҳолни “иш жойингизга садоқатлимисиз ё туғилган юртингизга меҳрингиз баландми?” дея сўраб қўйишади. Сўрагувчиларга жавоби эса дилга сурур солади: “Аввало, туғилган жойимни жуда яхши кўраман. Бу ерда мени энг катта бойлигим — отам ва онам бор. Уларни кўрмасдан туролмайман. Инсон бирор ишни танласа тақдирини ушбу иш билан боғлаши керак. Мен тақдиримни “Hamkorbank” билан боғлаганман. Шундан бўлса керак бир жойда кўп йиллардан бери сидқидилдан ишлаб келмоқдаман”.
Ҳозирда Ўткиржон “Hamkorbank” АТБ Қўрғонтепа универсал банк хизматлари офиси бошқарувчиси. Мазкур лавозимгача шу жойнинг ўзида йигирма марта вазифаси ўзгарган. Яъни, иш ўрганувчиликдан бошқарувчиликгача бўлган “меҳнат йўли”ни босиб ўтган. Бу “йўл”нинг яна давоми борми? Унинг сўзларига қараганда, ҳали ҳаммаси олдинда. Бу йил магистратурага ўқишга кириш ниятида. Келажакда банк бошқаруви раислигини ўзига марра қилиб белгилаган.
Ҳалоллик. Шукр. Сабр. Ўткиржон эсини танибдики ўзининг ана шу бахт формуласига амал қилиб келмоқда. Ҳар қандай ҳолатни, вазиятни, муаммони ушбу формулага таяниб ечишга уринади ва аксар ҳолларда ижобий натижага эришади.
Суҳбат асносида яхшилик ва бошқа инсоний фазилатлар хусусида сўз юритдик. Бу борада унинг мушоҳадалари ўзига хос.
— Мен яхшиликни умри боқий деган бўлар эдим, — дейди у вазминлик билан. — Ҳар бир яхшилик уруғи албатта кўкаради, униб ўсади, ўзидан насл қолдиради. Ҳар қандай яхшилик қалбларга қувонч олиб келади, қувончли дамлар эса доим ёдда сақланади. Шундан бўлса керак, яхшилик ҳеч қачон унутилмайди.
Банк ходимлари учун бўш вақт камёб ҳолат. Шундай бўлсада қаҳрамонимиз имкониятдан имкон қадар фойдаланишга интилади ва асосан оила даврасида бўлади. Ота-онаси билан суҳбат жони дили. Табаррук инсонларининг ғаниматлигини ҳис қилиб, уларнинг дуосини олиб қолишни ҳар недан афзал билади. Уларни ўзининг энг катта ва бебаҳо бойлиги сифатида қадрлайди. Фарзандлари билан ширин суҳбатлар қуриш, биргаликда мароқли ўйинлар ўйнаш “дам олиш режаси”дан доимо ўрин олган.
Ўткиржонни спортчи дегувчилар ҳам йўқ эмас. Бокс билан мунтазам шуғулланиши, шахматга ишқибозлиги, аксар ҳолларда пиёда юргани учун шундай ўйласалар ажабмас. Аслида, буларнинг ҳаммаси, ҳозирги давр тили билан айтганда “хобби”.
— Дарҳақиқат, яхши кўрган машғулотларимдан бири пиёда юриш. Бу нафақат соғлиқ учун, балки, руҳий сокинлик учун ҳам зарур, — дейди у бу борада сўз очгудай бўлсангиз. — Пиёда ёлғиз юрганда ўзим билан ўзим маслаҳатлашаман, фикрларимни жамлаб, тарозига соламан. Пиёда юришни гашти бошқа. Ишга ўз вақтида етиб бориш учун пиёда юриш умуман ҳалақит бермайди аксинча, эртароқ чиқсам кўпроқ ўзим билан ҳам фикрлашиш имкони бўлади.
…Касбу корига ҳалоллик билан ёндашиб ишлаётган, шукрни қалбига жо қилган, ҳар қандай ҳолда сабрни ўзига ошно тутган бир кам қирқ ёшли ҳамюртимиз дадил қадамлар билан ишхонаси томон кетмоқда. Одим ташлаган сари эзгу ниятлар, самони қучгудай орзулар дилига туғён солади. Унинг қалбини чулғаган ширин хаёллар чинга айланишига тилакдошмиз.
Наргиза ЭШОНОВА.