ҲАЛОЛ САВДОДА БАРАКА БОР

Бугунги кунда фан ва техника ривожига кўп бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳар соҳада ютуқлар, янгилик­лар. Биргина қурилишлар соҳасида ҳам бу жараён жадал. Янги қурилиш материаллари кашф этилиб, уй-жой ва бошқа биноларни бунёд этишда ундан кенг фойдаланилмоқда. Одатдаги ёғочдан тайёрланган ром ва эшиклар ўрнини алюмин ва пластмассадан тайёрланганлари эгалламоқда. Ушбу маҳсулотлар иссиқ ва совуққа чидамлилиги, рангининг ўзгармаслиги ҳамда шовқин ўтказмаслиги билан ажралиб туради.
Юқоридагилар сабаб 2011 йилда Хоразмда тадбиркор Эгамберган Ҳожиметов ташаббуси билан алюмин ва пластмасса профиллар ишлаб чиқарувчи “SOFT PLAST INVEST” масъулияти чекланган жамиятига асос солинди. Тиниб-тинчимас раҳбарнинг изланишлари сабаб қисқа фурсатда корхона фаолия­ти кенга­йиб, ҳамкорлари кўпайди.
— Фаолиятимизни ри­вож­лантириш­ учун ўз вақтида хизмат кўрсатган молия ташкилоти “Hamkorbank” АТБ бўлди. Унинг ҳеч қандай муаммосиз тадбиркорларнинг талаб­ларини бажараётганини билгач, Хоразм минтақавий банк хизматлари офиси мижози бўлганмиз, — дейди корхона раҳбари Э. Ҳожиметов.
Жамият Хоразм шаҳар марказида жойлашган бўлиб, асосий мақсади Ўзбекистон бозоридаги ушбу товарларга бўлган талабларни қондириш, тижорат, воситачилик хизматлари кўрсатишдан иборат. Жисмоний ва юридик шахслар буюртмаси асосида пластик, акфапласт, алюмин ва ёғоч профилли эшик-ромларни ишлаб чиқариш, ўрнатиш (монтаж қилиш), барча турдаги маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилган.
Йил сайин ошиб бораётган талаблар корхонани ривожлантириш борасида бош қотиришни талаб этаётган бир пайтда тадбиркор ҳеч иккиланмай Хоразм минтақавий банк хизматлари офисига мурожаат қилди. Банкнинг мижози бўлганлиги боис айланма ҳаракатини ривожлантириш мақсадида кредит олишга эришди. Мурожаати­ ҳеч қандай муаммосиз қондирилганлиги туфайли катта буюртмалар учун шартномалар имзолади.
— Банк билан бугунги кунгача ҳамкорлик қилиб келаётганлигимиз сабаби фирмамизга мос бўлган хизматлар таъриф режалари, кредит тизими ва муддатлари, пул ўтказмалари ўз вақтида, кечиктирилмасдан, манзилли етиб бориши ва албатта, ходимларининг хушмуомалалик­ларида, — дейди тадбиркор. — Кредит зарурати пайдо бўлди дегунча, шу молия ташкилоти кўмагидан ечим топамиз.
Корхонада сидқидилдан ишлайдиган фидойи ва тажрибали хизматчилар борки, улардан ҳамкорлар миннатдор. Иш бошқарувчи Ҳамдамбек Мадаминов, сотув менежерлари Санжарбек Ўринбоев, Достон Ғоиповлар доим харидорларга хушмуомала. Худди улар каби бу корхонада яна 14 нафар ёшлар иш билан таъминлаган.
Тадбиркор Эгамберган Ҳожиметов аввало, ўзига нисбатан талабчан. Ҳар бир ишни вақтида бажаришни истайди ва бунинг уддасидан чиқади. Мижозлари билан ҳамкорлик қилишда ҳам ана шу принципга амал қилади. Чунки унинг қарашларида ҳалол савдонинг баракаси юқори эканлиги кўп бор ўз исботини топган.
Н. Тўрақулова