«Ҳам ўргатаман, ҳам ўрганаман»

— дейди 40 йиллик малакага эга
Замирахон Ўктамова

Болаликдан банк ходимаси бўлишни орзу қилган Замирахон Ўктамова 1979 йилда Россиянинг Саратов шаҳридаги Саратов иқтисодиёт институтининг банк иши йўналиши талабаси бўлади. Кечки курсда таҳсил олгани боис, кундузи ҳисобчи вазифасида ишлади. Ҳали ўзга юртнинг баланд-пастини билмай туриб мустақил яшаш­га киришади. Қийинчиликларни енгиб ўтиш ундан жасорат талаб этиши табиий. З.Ўктамовада ана шу жасорат, шижоат, билим бор эди.
Оиласидаги муҳит Замира опанинг ҳаётида ўз аксини топган. Ҳар қандай вазифани сидқидилдан бажариш, ишонч, қатъият ва сабр унга хос.
— Бувим очарчилик вақтларида Бухорога келиб қолган русларданман, дердилар. Анчагача ўз юрти ва яқинларини қўмсаб изтироб чекканларини кўп гапириб берарди. Ўша кезларда ўзбекларнинг меҳр-оқибати, кейинчалик онам ва тоғамнинг дунёга келиши билан овуниб кетган экан. Дадам Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тамомлагач, Бухорога ишга қўйилади ва онамни ёқтириб, уйланади. Оилада 8 фарзанднинг иккинчисиман. Онам оддий уй бекаси бўлса-да, дунёқараши кенг, тафаккурга бойлиги биз фарзандлар камолида кўринган, — дейди фахр билан Замира Ўктамова.
— Одатда, «болалар кўпроқ она тарбиясини олади, эркак киши кўчанинг одами», дегувчи эди ёши улуғларимиз. Бири ҳарбий, бири шифокор, яна бири банк ходими ва бошқа касбларни эгаллашларида бу ҳикматнинг исботини кўргандайман. Ўша кезларда ўзбекларнинг меҳри, одамийлиги бувисининг соғинчини босган бўлса, ажаб эмас.
2001 йил “Нamkorbank”ка келган кезларда Замира опа банк ходимаси сифатида шаклланиб бўлган эди. У пайтларда 4 та асосий бўлинма — кредитлаш, бухгалтерия, жамғарма ва касса амалиётлари ҳамда 13 та филиал мавжуд бўлган. Кредит банкнинг асосий даромад келтирувчи бўлими ҳисобланарди. З. Ўктамова “Лойиҳаларни молия­лаштириш ва қарз бериш” бошқармаси бошлиғи, кейинчалик Микрокредит сектори раҳбари этиб тайинланади. Ва бир қанча масъул вазифаларни бажаради. Кредит портфелининг асоси, яъни 80-90 фоизини автокредитлар ташкил этарди. Махсус қўлланмалар йўқ, молия муассасасини ривожлантириш учун ҳали анча ишлар қилиниши зарур.
— Банк раҳбарининг ташаббускорлиги, айниқса, халқаро банк­лар фаолияти билан танишуви “Нamkorbank”ни юксалтирди. Осиё Тараққиёт банки, Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки, Ислом банки ва хорижий инвесторларни жалб қилишга эришилди, — дейди суҳбатдошим.
Кадрларни саралаш, ходимларни танлаб олишда фаол Замира опа устози Ўктамжон Дўсматовдан ўрганганларини ҳаётда маёқ қилиб адашмади. Бугун ўзи ҳам устозлик мақомига эришди. Улуғбек Солиев, Бахтиёр Жўраев, Шавкатбек Ҳайдаров, Акрамжон Парпиев, Умиджон Нарзиев, Зафарбек Сафурбаев каби кўплаб шогирд­лари “Нamkorbank”нинг бош офиси ҳамда филиалларида раҳбарлик қилмоқда.
— Халқаро Молия корпорацияси, Европа Тараққиёт ва Тикланиш банки ҳамда Осиё Тараққиёт банки лойиҳаларини амалга оширишда катта ҳисса қўшган, асосчилардан. Банкнинг Кредит сиёсати, Гендер сиёсати ҳамда экология ва ижтимоий сиёсатининг шаклланишида Замира Ўктамова қўлланмаси бўйича ишланмоқда, — дейди Одилжон Юсупов.
Бугун янги иш бошлаган ходим муаммо ва қийинчиликларга учрамайди. Олти ой давомида махсус қўлланмалар билан танишади, ўқиб, ўрганади, банкнинг барча функционал босқичини босиб ўтади, ходим сифатида шаклланади. Иш ташкил қилиш, бизнес ва лавозимларга тайинлаш жараёнларида фаол қаҳрамонимиз кўплаб тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, янги иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшганидан фахрланади. “Бугун шиддатла ривожланаётган давр билан ҳамнафас яшаш асносида ёшлардан ҳам ўрганаман, янгилик қидираман”, дейди меҳр ила.
Бир файласуфнинг “ўқитиб, ўрганамиз” деган сўзлари Замира опа учун айтилгандай, гўё. Чунки у айни пайтда банк Кенгаш тафтиш комиссияси аъзоси сифатида филиалларда кредитлар текширувларини назорат қилади. Ғайрат-шижоат ва изланиш борасида ёшларга ибрат.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.