ҲАРБИЙДА

Мустақилликка қадар йигитларимиз асосан чет элда ҳарбий хизматни ўташ­ган. Ҳозирга келиб улар республикамиз ҳудудидаги ҳарбий бўлинмаларда йигитлик бурчини адо этмоқдалар.

МУСТАҚИЛЛИККА ҚАДАР

Россиянинг Нара шаҳрида ҳарбий хизматни ўташ пайтида шундай қизиқ воқеа юз берган эди. Рота командири сафда турган аскарларни кўздан кечирар экан, бир ҳарбий қаршисида тўхтаб, унга савол билан мурожаат этди: “Оддий аскар Читадзе, сен нега хомакдек бурнинг остида, дўрдоқ тепа лабинг устида “мўйлов” деб аталмиш ахлатхонани қириб юбормай сақлаб қолдинг? Бир умр ундан тараладиган бадбўй ҳиддан нафас олиб ўтмоқчимисан? Эртага мен бу ахлатни кўрмай!
Читадзе қаддини янада тик ҳолатга келтирди.
Зобит бошқаларни кўздан кечириш учун нари кетганида, Читадзе ёнидаги шеригига тўнғиллади:
— Будённий ёки Тарас Бульба шу гапларни эшитиб қолганида, ўлай агар, майор Егоровдан айрилиб қолар эдик. Улар унинг бўйнини сапчадек узиб юборишар эди. Қанийди шундай бўлганда!


Москва вилоятидаги бир ҳарбий қисмда хизматини ўтаётган ўзбекистонликлар орасида Алихон исмли аскар бор эди. У ҳарбий бўлгунга қадар яшаш жойида ташкил этилган артелда атлас тўқиш билан шуғулланган экан. Рус тилини деярли билмас эди. Бир куни взвод аскарлари сафга тизилиб турган пайтда шундай буйруқ янгради: “Ровняйсь! Смирно! Равнение на середину!“
Алихон қаторнинг бошида турган ўзбекистонлик новча аскарга бошини бурди. Взвод командири унга танбеҳ берди: “Оддий аскар Сагдуллаев, сен нега буйруқни нотўғри бажараябсан? Ҳамма каби олдинга эмас, чап томонга бошингни бурдинг?”
— Ўзингиз “Равнение на середину!” дедингиз-ку. Мен қаторнинг бошида турган Насриддинга қараб тўғриландим-да!


Ҳарбий рота синф хонасида аскарлар дунёқарашини кенгайтиришга бағишланган машғулот кетмоқда. Дарсни олиб бораётган зобит шундай саволни ўртага ташлади: «Камикадзе ким бўлган, у қаерда, қандай қаҳрамонлик кўрсатган?»
Ҳамма жим, ҳарбийлар бир-бирига қараб елка қисишади.
— Сизларга ёрдам бераман,- деди лейтенант. – У учувчи бўлган.
Аввалгидек жимжитлик.
— Яна битта ёрдам сизларга, Камикадзе япониялик бўлган.
Молдовадан ҳарбий ҳизматга чақирилган аскар қўл кўтариб, зобитдан рухсат олгач, шундай деди:
— Камикадзе Грузиядан Японияга кўчиб бориб қолган учувчи эди.

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА

  • Қарши шаҳридаги “Н” ҳарбий қисмда ҳамқишлоғим Норбўта билан бирга хизмат қилганмиз. Баҳорда ўтказил­ган спорт мусобақаларида у аъзо бўлган команда ғолибликни қўлга киритди. Мукофотларни топширишга бағишланган йиғилишда ҳарбий қисмга юқоридан келган вакил ҳам қатнашди. Ғолиб аскар-спортчилар бир қаторга сафландилар. Вакил уларни табриклаш учун қаторнинг бошида турган Норбўта қаршисига юриб келди. Аскар ҳарбий низом талабига биноан қаддини янада тикроқ қилди. Шунда зобит “Эркин!” деб ўнг қўлини унга узатди. Ҳамқишлоғим эсанкираб қолиб, қўлини полковникка чўзиб, “Норбўта” деб юборди.

Полк командирининг ўринбосари ҳайдовчисига бир даста пул бериб, бугун уйга 2-3 дона “Шипр” ташлаб қўйишини тайинлади. Аскар полк хўжалик бўлимидан юк машинаси олиб бозорга борди, яна камиб қолса овора бўлмайлик деб, 3 та ўрнига 4 дона шифер харид қилиб, раҳбарининг уйига олиб келди. Бошлиқнинг турмуш ўртоғи ҳайрон бўлиб, ҳайдовчига уларни деворга суяб қўйиб, қайтиб кетаберишини айтди.
Полковник кечқурун ишдан қайтиб ҳовлига киргач, деворга суяб қўйилган шиферларга кўзи тушди. Эртасига эрталаб ҳайдовчига: “аскар, мен сенга соқол олгандан сўнг юзга суртиладиган “Шипр” одеколони олиб келиб қўй деган эдим, тушунмабсан, шиферларни эса бу ердан тезда йўқот!”- деди ҳарбийчасига.

Расулжон Мухторов