ҲАР БИР МИЖОЗ ЭЪТИБОРДА

Поп тумани марказида жойлаш­ган молия муассасалари орасида “Hamkorbank” АТБ Чуст универсал банк хизматлари офиси Поп банк хизматлари офиси ўз ўрнига эга. Айни вақтда 1200 дан ортиқ мижозларнинг иқтисодий таянчига айланган мазкур БХО ўзининг замонавий, сифатли ва тезкор хизматлари билан ажралиб туради. Аксарият тадбиркорлар уларни танлаётгани бежиз эмас. Мурожаат қилган мижоз борки иши ижобий ечим топади.

— Банк хизматлари офисимиз 2015 йилда ташкил топган, — дейди БХО бошлиғи Маъмуржон Амиров. — Дастлаб атиги бир нафар ходим ишлаган. 2019 йили Юксалишдан Чустга ўтказилди. Ҳозирда  тизимдаги мавжуд барча хизматлар бажарилади. Шу сабаб попликлар иккиланмай мурожаат қилмоқда. Ҳар бир мижоз биз учун қадрли.  Амалдаги йилни “Мижозлар йили” деб номладик.  Биринчи чоракда янги 20 та субъект билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Кичик жамоани изланишлар ютуқларга бошламоқда. 2022 йилда кетма-кет чорак якунлари бўйича БХОлар орасида ғолибликка эришилгани бежиз эмас. Беш нафар ходим доим бамаслаҳат иш юритади. Айниқса, Камолиддин Соаталиев­ ва Акмал Абдуҳамидов мижозлар билан ишлашда тажрибали. Вақт топди дегунча банк маҳсулотлари тарғиботи билан шуғулланишади.

Туманнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ҳамкорлар сафи кенгаймоқда. Жумладан, ўтган йили тоғли Чодак қишлоғида уй-меҳмонхона хизмати билан шуғулланувчи 6 та мижоз молиявий кўмак борасида “Hamkorbank”ни танлади.

— 15 йилдан буён якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритаман, — дейди Азизбек Расулов. — Икки йил аввал айланма маблағ зарур бўлиб қолди.  Бир неча банк­ларга мурожаат қилдим, ишим битавермади. Шунда мана шу БХО менга молиявий кўмакчи бўлди. Айни пайтда тадбиркорлик фаолиятим ривожланиб боряпти. 2022 йили яна бир бор қўллаб-қувватлади, автомашиналик бўлдим. Бундай ҳамкорликни бошқаларга ҳам тавсия қиламан.

Иш вақти бошланиши билан мижозлар кириб кела бошлайди. Ходимларнинг муомаласи, эътибор ва тезкорлиги сабаб ҳаммасининг иши битмоқда. Эришилаётган ютуқлар сири мана шунда эканлигини сезиш қийин эмас.

А. Насирдинов.

Б. Муталлибов олган сурат.