«ҲЕЧ ҚАЙСИ МУРОЖААТНИ ЖАВОБСИЗ ҚОЛДИРМАДИМ”

“Hamkorbank” АТБда яхши бир анъана йўлга қўйилган. Йил бошида якунланган йилдаги фаолият сарҳисоб қилиниб, филиаллар ва ходимлар ўртасида ўтказилган танлов ғолиблари муносиб тақдирланади. 2021 йил якунига бағишлаб ўтказилган йиғилишда навбатдаги ғолиблар эълон қилинди. Ютуқлар сири нимада? Айни шу савол билан ғолибларга мурожаат қилдик.

Ўтган йили Нодирабегим филиали корпоратив хизматлар бўлими транзакцион менежери бўлиб ишлаган, айни кунда Бош банкда ходимлар билан ишлаш департаменти ходимларни ўқитиш ва ривожлантириш бўлими мутахассиси лавозимида фаолият юритаётган Севара Қобулова “Энг яхши ҳисоб-рақам менежери” номинациясида ғолиб бўлди. Келинг, унинг таассуротлари билан ўртоқлашайлик.

— 2021 йил мен учун жуда омадли келди. Қизим Тошкент Халқаро Вестминс­тер университетига, ўғлим Андижон шаҳридаги Президент мактабига ўқишга кирди. Тўғриси, ўзим билан боғлиқ бундай эътирофни кутмагандим. Хушхабарни эшитиб, шошиб қолдим. Дарҳол бу номга қайси хизматларим учун эришдим, нима ишлар қилдим, дея ўзимга савол бердим ва ортга боқиб, фаолиятимга назар ташладим.
Энг аввало, “Банк сири” тўғрисидаги қонун ва ички тартибга амал қилиб ишлаганим катта ютуғим бўлди, дея ўйлайман. Вазифам мижозларнинг сўмдаги ва валютадаги ҳисоб-рақамларига хизмат кўрсатиш бўлгани учун сифатли хизматга ва янги мижозларни жалб этишга катта эътибор қаратдим. Деярли масофадан хизмат кўрсатиш усулига ўтиб бўлганмиз. Мижоз бирон нимага тушунмай қолса, йўл-йўриқ кўрсатишдан ҳеч қачон эринмаганман.
Қоидаларимиз бўйича йирик мижозларимиз бизга исталган пайт­да мурожаат қилиши мумкин. Бу банк стандартларига киритилган. 2021 йилда янги таърифлар бўйича Банк хизмат кўрсатиш шартномаси жорий этилди ва унда кўп хизматлар бепул бўлгани учун бу янгиликни ҳар битта мижозга етказдим. Айниқса, “Hamkorbank”нинг 30 йиллигига бағишланган махсус “юбилей” таърифи кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Қолаверса, йирикми, ўртами, ҳар қандай мижознинг қўнғироғига ўз вақтида жавоб беришга ҳаракат қилдим. Агар олдимда мижоз бўлса, “Ўзим сизга боғланаман” деб смс ёзаман. Шу тариқа йил давомида бир кунда ўртача 30 нафар мурожаатчига хизмат кўрсатдим. Мана шу меҳнатларимни эътибордан четда қолдирмай ўз йўналишимда ғолиб деб топишгани учун Банк бошқаруви ва раҳбариятидан чексиз миннатдорман. Мазкур ютуқни қўлга киритишимга ёрдам берган Нодирабегим филиали жамоасига ташаккур билдираман. Мени фақат дуо қилган ва қўллаб-қувватлаган ота-онамга чин юракдан раҳмат, дейман.
Н. Тўхтаматова.