ҲУМОЮН — ЭНГ ЯХШИ БХО МЕНЕЖЕРИ
Айни пайтда “Hamkorbank” номи остида республикамиз бўйлаб 108 та банк хизматлари офиси фаолият кўрсатади. Ана шулардан бири Избоскан туманининг Пойтуғ шаҳрида жойлашган Избоскан БХО. Навқирон, умидли ходим Ҳумоюн Абдуманнопов мана шу тармоқда универсал менежери сифатида ишлаб, салмоқли ютуқларга эришди.
У шу йилнинг 6 ойида 4 марта “Энг яхши БХО универсал менежери” номинациясида ғолиб деб топилди. Яъни, январь, февраль, март, май ойларида БХО универсал менежерлари орасида чакана йўналишида энг кўп амалиётни амалга оширди. Бу натижа орқали Ҳумоюн бошқа ҳамкасбларига ўрнак ва намуна тисмолига айланди. Демак, ҳар қандай ишда муваффақиятга эришиш инсоннинг ҳаракати ва интилишига боғлиқ. “Ҳумоюн бундай натижани қандай уддалади?” дерсиз. Келинг, унинг тажрибаси билан ўртоқлашамиз.
“2021 йилдан 2024 йилнинг июнь ойига қадар Избоскан БХОда фаолият олиб бордим. Аввало, БХОмиз жойлашган ҳудуд гавжумлиги жиҳатидан мижозлар оқимининг доимийлигини таъминлайди. Ён атрофимизда бир қанча корхона-ташкилотлар, унча узоқ бўлмаган масофада катта деҳқон бозори фаолият кўрсатади. Шахсан мен универсал менежери сифатида бир кунда ўртача 300 нафар мижозга хизмат кўрсатдим. Асосан пул ўтказмалари, пластик карта очиш, ҳисоб-рақамлар юритиш бўйича кўп мурожаатлар бўлади. Иш вақтида асосий эътиборни фақат ишга қаратаман. Масалан, телефонга ёки бошқа воситаларга чалғимайман. Хизматни тез ва сифатли бажаришга ҳаракат қиламан. Тезкорлик ходимга ҳам мижозга ҳам фойда келтиради. Ишни диққат билан, хатосиз амалга оширишга интиламан. Бу эса вақтнинг ортиқча исроф бўлишидан сақлайди. Жамоадаги муҳитнинг позитивлиги ҳам ишимдаги самарадорликда муҳим роль ўйнади. Яхши жамода ишлаш ҳам ярим муваффақиятдир. Дастлаб БХОлар орасида энг кўп амалиётни бажарганимдан хабар топганимда қувондим. Ғолиблик ҳисси ва қўшимча равишда 2 миллион сўм мукофот пули билан тақдирланганим менга янада куч, иштиёқ бағишлади. Кўтаринки руҳда ишлаб, 4 марта биринчиликни қўлга киритдим. Бу биз каби ёш мутахассисларга фақат олдинга қараб интилиши учун катта мотивация вазифасини ўтайди”.
Ҳумоюн Абдуманнопов шу йилнинг июнь ойидан бошлаб фаолиятини Амалиёт бошқармасининг чакана бизнес бўлимида давом эттириб келмоқда, бу орада тоифа ҳам олди. Ҳозирда иккинчи тоифали универсал менежери. Бу эса оддий гап эмас. Шундай экан, ёш қаҳрамонимизнинг ютуқлари, катта довонлар сари интилиш, изланишлари бардавом бўлсин.
Н. ТЎХТАМАТОВА