ҲУҚУҚИНИ БИЛГАН ЮТҚАЗМАЙДИ
Ушбу саҳифа Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди гранти асосида тайёрланди.
Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш қонунбузилишларни олдини олади. Шу сабаб барчамиз ўз ҳуқуқларимизни яхши билишлигимиз зарур. Бу борада жамоатчилик билан ишлаш, уларни амалдаги қонунлар ва қонунларимизга киритилаётган ўзгартиришлардан хабардор этиб бориш олдимизда турган асосий вазифалардан бири.

“Ҳамкор пресс” газетаси ташаббуси билан Андижон вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида ташкил этилган давра суҳбатида юқоридагилар тўғрисида сўз борди. Дастлаб Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Жасурбек Иброҳимов.Андижон вилоят Адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот шўъбаси бош маслахатчиси Ботиржон Юлдошев ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Мадад” ННТ Марҳамат туман бўлими бошлиғи Одилжон Ботиров мавзу юзасидан иштирокчиларга тушунча берди. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари, давлат идораларига мурожаат қилиш тартиби, иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларга бағишланган маърузалар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Бир қарашда барчамиз бирдек ҳуқуқларимизни яхши биладигандекмиз. Бироқ айрим ҳолларда ўз ҳуқуқларимиздан фойдалана олмаймиз. Ёзма равишда юритилиши керак бўлган ҳужжатларга эътиборсизлик билан қараймиз. Бу кези келганда муаммоларга сабаб бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тадбир доирасида викторина ташкил этилди. Ҳуқуқшунослар томонидан “Ўз ҳуқуқингизни биласизми?” дея берилган саволларга муассаса ходимлари жавоб бердилар, билмаганларини ўргандилар.
-Бугунги тадбир биз учун фойдали бўлди,-дейди марказ ходими Жанона Мамадалиева.-Конституциямизда белгиланган ҳуқуқ ва бурчларимизни ёдга олдик. Иш жараёнида қандай ҳуқуқлардан фойдаланишимиз мумкинлигини ўргандик. Ишга жойлашишда ва ўринсиз ишдан бўшатиш ҳолатларида қандай йўл тутишни очиғи билмас эканмиз. Тадбир ташкилотчиларидан миннатдормиз.


Тадбир якунида фаол иштирокчилар “Ҳамкор пресс” газетаси таҳририяти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Абдуғаффор КАРИМОВ,
Абдували Кабиров олган суратлар

