101 ЁШЛИ МЕҲР МАЛИКАСИ
Хоразм вилояти Урганч туманидаги Қумравот маҳалласида яшовчи Бекпошша момо Ибрагимованинг хонадонига келувчиларнинг кети узилмайди. Сабаби 101 ёшни қарши олган онахон чин маънода меҳр булоғи. Давраларда фақат меҳр ва оқибат, одамийлик ва ҳалолликдан сўзлайди. Маслаҳатларини олганлар борки, дуолари билан йўлини топади, муаммолари ечилади.
Момо бир умр халқнинг хизматида бўлди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари фронт ортида меҳнат қилиш баробарида жамоатчилик орасида эртанги кунга ишонч, тинчлик ва хотиржамлик борасида тарғибот ишларини олиб борди. Маҳалладошлари ҳам унга ўрганиб қолганди. Кимнинг оиласида бир муаммо юзага келса, онахон етиб борарди. Кўплашиб ечимини топардилар.
Бекпошша чевар номи билан бутун Урганчда танилди. Аёлларнинг кўйлакларидан тортиб кўрпа-тўшакларни тикишда мактаб яратди. Қанча шогирдлар етиштирди. Ҳозир ҳам ёшларга йўл кўрсатиб туради.
Ортга назар ташлаб, ҳаёт хотираларини ўртоқлашаётган онахон бирдан ўлан айта бошлади. Мазза қилиб тингладик. Билсак, шеърият шайдоси ҳам эканлар. Халқ оғзаки ижодини жондан севади. Шу ёшида ҳам лапарлар айтиб, давраларга файз киритади. Айниқса, маҳалланинг Наврўз тантаналари онахон билан бошқача ўтади.
Бекпошша момонинг оиласи ҳам ибрат оларли. Турмуш ўртоғи Абдусалом бобо (охиратлари обод бўлсин) билан бир ўғил ва бир қизни вояга етказдилар. Ҳозир уларнинг қаторига 9 набира, 20 чевара ва 7 нафар эваралар қўшилган.
— Бувим билан ҳамма вақт фахрланамиз, — дейди набираси Музаффар Маҳмудов. — Вақт топдим, суҳбатларига ошиқаман. Сўзлари дур, айтганлари бир мактаб. Яна ҳалолликни, одамийликни, меҳрни ўрганамиз. Санъатга ошнолик менга у кишидан ўтган. Оқшом вақтлар оила даврасида шеърхонлик қиламиз, рақсга тушамиз. Ўтган кунларини эслаб, бизга тўғри йўл кўрсатадилар. Кўп яшасинлар. Хонадонимиз бувим билан баракали.
Бекпошша момо доим ардоқда. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бундан бутун маҳалла қувонди.
Меҳр-оқибат ва инсонийликдан сабоқ олишни истасангиз, Урганчнинг «меҳр маликаси» номини олган онахоннинг хонадонига боринг. Бу сиз учун энг ишончли мактаб.
Акбаржон НАзаров.