2021 ЙИЛДАН СОВҒА ОЛДИНГИЗМИ?
Янги йил эшик қоқмоқда. Тарихга айланаётган яна бир йил кимга қандай совғаларни туҳфа этди? Яқинларингиз учун байрам совғаси тайёрми? Юртдошларимизга мана шу саволлар билан мурожаат қилдик.
Икромжон БОБОЖОНОВ,
“Hamkorbank” АТБ информацион технологияларни қўллаб-қувватлаш бўлими етакчи мутахассиси:
— 2015 йилда банкимизнинг информацион технологиялар бошқармасига иш ўрганувчи бўлиб келдим. Шу давр мобайнида соҳамни пухта эгаллашга эришдим.
Ортда қолаётган 2021 йил мен учун унутилмас таассуротларга бой бўлди. Банкимизнинг 30 йиллиги тадбирларида фаол иштирок этдим. 1-тоифали мутахассисдан етакчи мутахассис даражасига кўтарилдим. Эришган натижаларимдан кўнглим тўлди. Келаётган йил ҳам ютуқларга тўла бўлсин. 2022 йилда ҳам оилам, яқинларим, ҳамкасбларим, жамоадошларим — барчасини соғ-саломат кўришни истайман.
Байрамларда яқинларимга совға қилишни сира ёддан чиқармайман. Бу гоҳида моддий, гоҳида номоддий кўринишда бўлиши мумкин. Яқинлашиб келаётган Янги йил айёми учун ҳам ота-онамга ажойиб туҳфа ўйлаб қўйдим. Аммо бу сир, унинг нималигини олдиндан айта олмайман.
Азиз юртдош! Сизнинг ҳаётингизда 2021 йил қандай из қолдирмоқда? Янги йил совғаларини унутмадингизми? Бу тўғрида бизга ёзиб юборинг.

Марина Дубченко,
Қўқон филиали чакана бизнес бўлими биринчи тоифали менежери:
— 21 йилдан буён шу филиал менинг иккинчи уйим. Ҳар бир йил инсонга турли совғаларни тақдим этади. 2021 йилда ҳам ҳаётимда ажойиб воқеалар юз берди. Банкимизнинг 30 йиллиги арафасида кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу кутилмаган мукофотдан бошим кўкка етди.
Янги йилни совғаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мен ҳам яқинларимга, дўстларимга ўзларининг истак-хоҳишларидан келиб чиқиб совғалар улашаман. Масалан, турли кўринишдаги сувенирлар бўлиши мумкин. Умид қиламанки, бу йилги совғаларим ҳам уларни хушнуд этади.
2022 йил ҳаммага омад, тинчлик-хотиржамлик, муваффақият олиб келсин. Энг муҳими, соғлик тилайман. Ким нимани орзу қилган бўлса, ортиғи билан эришиш насиб этсин.

Шерзод Менглиев,
Чирчиқ филиали корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи:
— 2007 йилда Яккасарой мини банкига бошлиқ бўлиб келганман. Бир неча филиалларда бош ҳисобчи ўринбосари, бош ҳисобчи сифатида фаолият олиб бордим. Орзуим кредит бўлимида ишлаш эди. Омадни қарангки, шу йилнинг февраль ойида Чирчиқ филиалига корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи лавозимига таклиф қилиб қолишди. Бу 2021 йилнинг унутилмас совғаси бўлди. Йил давомида зиммамдаги ҳамма режаларни бажариб, ишончни оқладим. Насиб қилса, 2022 йилдан бунданда катта совғаларни кутяпман. Ниятим тез орада бошқарувчи ўринбосари, кейин эса бошқарувчи бўлиш.
Янги йилга яқинларим учун китоб сотиб олдим. Уларни отамга ва турмуш ўртоғимга совға қиламан. Китоб инсонга жуда керакли манба эканлигини англаб етдим. У шахсни ҳамма томонлама ривожлантиради. Шу сабаб мунтазам китоб ўқишга ва бошқаларга ҳам совға сифатида беришга одатланмоқчиман.
Н. ТЎХТАМАТОВА.