9 БОРА КРЕДИТ РИВОЖЛАНИШ АСОСИ

“Hamkorbank”нинг Шайхонтоҳур филиали 2015 йилда ташкил қилинган. Мижозлар қадами узилмайдиган бу муассасадаги ходимларнинг муомала маданияти юксак. Филиал фаолиятидан мақола ёзишни ният қилгандик. Аммо улар ўз мижозлари — “Сhirchiqmash” масъулияти чекланган жамиятига бўлган ҳурмати боис завод хақида ёзиш таклифини беришди.


— Филиалимизда барча хизмат турлари мавжуд. Шу боис мижозларимиз ҳам талайгина. Банкнинг энг биринчи ва энг йирик мижозларидан бири — “Сhirchiqmash” МЧЖ. Ҳозирги кунда юксалаётган энг йирик заводлардан. 1996 йилда кичик корхона сифатида фаолият бошлаган. Айни вақтда экспорт билан ҳам шуғулланади. Ва айтиш мумкинки, тартибли ва масъулиятли ҳамкоримиз, — дейди филиал корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи Зуҳриддин Абдураҳимов.
— Дастлаб иш бошлаганмизда хомашё етишмаслиги боис бир кун иш бўлса, икки кун дам олинарди. Ҳамма муаммолар маблағ билан боғлиқ эди, — дейди МЧЖ раҳбари Руслан Ҳуснутдинов.
2016 йилда муаммолар “Hamkorbank” АТБ нинг Шайхонтоҳур филиали томонидан тузилган шартнома орқали бартараф этилди. Корхонанинг мақоми ўзгарди — заводга айлантирилди. Банк кредити ёрдамида айланма маблағларини тўлдириш орқали завод анча ўзини тиклаб олди. Чет элдан хомашё ва зарур техник жиҳозлар харид қилинди. Албатта, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари ҳам кўпайди.


Ҳар хил металл ва металл бўл­маган материаллардан тайёр­­лан­ган маҳсулотларнинг нуқ­сонларини аниқлаш усули (дефектоскопия) хизматини амалга ошира бошлаган заводга, табиийки, ишчи кучи зарур эди. Кундан-кунга ишчилар таркиби кенгайди ва ишлаб чиқариш самарадорлиги ортди.


2016 йилдан бугунга қадар олинган жами 560 минг АҚШ доллари ва 2.3 млрд. сўм миқдоридаги кредит эвазига нефть-кимё саноатига мўлжалланган ностандарт ускуналар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ҳажми ортди. Натижада “Сhirchiqmash” филиалнинг энг катта тижорий ҳамкорига айланди.
Завод банкнинг 9 бора кредит мижозидир. Ушбу маблағлар эвазига маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми айни дамда 19, 7 млрд. сўмни ташкил этди. Икки йилда 30 млрд. сўмга етказиш кўзда тутил­ган. Асосийси, иқтисодий ўсишга эришилмоқда.

Нилуфар Тўрақулова.