“EVEREST” БРЕНДИ ОСТИДА
“EVEREST” бренди остидаги қурилиш материалларининг бозори чаққон. Харидорлари бутун республика бўйлаб топилади. Бу юқори сифат натижаси.
Корхонамиз ўз фаолиятини бундан 11 йил аввал шифер ишлаб чиқариш билан бошлаган. Ҳозирги кунга келиб унинг қаторига цемент, асбест қувурлари, металл труба, профиллар, замонавий композит шиферлар, шиша ва ойна тола ҳамда арматура каби қурилиш ашёлари ҳам қўшилди.
Маҳсулотларимиз юқори технологиялар ёрдамида тайёрлангани учун кўриниши ва сифати билан тубдан ажралиб туради. Масалан, Россия технологияси асосида ишлаб чиқарилаётган шиферлар 50 йилгача бемалол хизмат қилади, турли таъсирларга чидамли. Жаҳон стандартларига мос келувчи металл труба ва профилларга ҳам шундай баҳо бериш мумкин.
Биз нафақат ички, балки, ташқи бозорда ҳам муваффақият қозониш мақсадини кўзлаганмиз. Биргина металл труба ва профил заводимизнинг ўзига 5 млн. доллар инвестиция жалб қилиш орқали маҳсулот ҳажмини 60 минг тоннага етказдик. Бу маҳсулотларнинг бир қисми экспортга йўналтирилади.
Айни пайтда “Everest” таркибидаги корхоналарда жами 600 га яқин ишчи ходимлар меҳнат қилмоқда. Улар бепул иссиқ овқат, ётоқхона, кунлик тиббий кўрик билан таъминланган. Яқин кунларда эса ишга келиб кетувчиларга қулайлик яратиш мақсадида бир қанча йўналишларда транспорт ташкил этмоқчимиз.
Малакали мутахассисларни бирга ишлашга таклиф қилиш билан чегараланиб қолмай, кадрларни ўзимизда тайёрлаш тизимини ҳам йўлга қўйганмиз. Мақсад — аҳолини сифатли қурилиш ашёлари билан таъминлаш ва ҳаёт фаровонлигини ошириш.
Сервис хизматларини ҳам юқори даражада ташкил этдик. Маҳсулотларимиз ўз харидорларига қулай усулларда етказиб берилади. Энг муҳими, ёнимизда режа ва мақсадларимизнинг амалга ошишида ҳамиша ҳаммаслак ҳамкоримиз “Hamkorbank” бор. Биз бу банкнинг Асака филиалига 11 йилдан буён мижозмиз. Ҳамкорлигимиз давомида банк билан бир неча марта лизинг ва кредит шартномаларини имзоладик. Насиб қилса, келгусида биргаликда катта лойиҳаларни амалга оширамиз
Авазбек НАСРИДДИНОВ,
корхона иш юритувчиси.

