“HAMKORBANK”ДАН ТУРКИЯГА 1 МИЛЛИАРД СЎМ ХАЙРИЯ
Яқинда Туркияда рўй берган зилзила бизнинг ҳам ташвишимизга айланди. Табиий офат ҳақида гапиришнинг ўзи қанчалар оғир.
Бутун дунё аҳлини ташвишга солган зилзила қанча инсонларнинг умрига зомин бўлди, минглаб фуқаролар яқинларидан, уй-жойларидан айрилди. Мусулмон турк биродарларимизнинг бошига тушган офатга бизлар ҳам бефарқ эмасмиз, қардошларимиз қайғусига ҳамдардмиз.
Асли турк халқи билан ўзбек халқларининг кўнгиллари яқин, қарашлари бир, мақсадлари муштарак. Оғир кунда ҳам улар билан биргамиз. Фожиа қурбонларини Яратгандан ўз раҳматига олишини, уларнинг оиласи ва яқинларига сабр ва бардамлик беришини сўраймиз.
Дўст бошга кулфат тушганда билинади, деган гап бор. Оғир кунда табиий офатдан жабр кўрганларга моддий, маънавий кўмак бермоқ чин дўстнинг иши. “Hamkorbank” АТБ жамоаси ходимларнинг иш ҳақи ҳисобидан бир миллиард сўм маблағни зилзила оқибатларини бартараф этиш учун хайрия қилди. Шу муносабат билан банк бошқарув раисининг ўринбосари Жасур Ҳасанов Туркия элчихонасида бўлиб, бу хайрли ташаббус ҳақида уларга маълум қилди.
“Hamkorbank”чиларнинг эзгу мақсадни кўзлаб қилган муруввати икки қардош халқ ўртасидаги қадимий ва абадий дўстликнинг ифодаси бўлиб қолиши шубҳасиз.