“HAMKORBANK”ДА ҚАДР ТОПДИМ

“Агар инсоннинг ички дунёси ўзгармаса, қўлига қандай нарса тушгани ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Дўст, жигарлар, яқин инсонларнинг бўлиши зарур. Шунда ҳаётда тарбияланасиз ва инсоний фазилатларингизни кучайтирасиз. Ҳар қадамда яхшиликлар қилишни истайсиз. Ёнингиздагиларда сизга эътибор кучайса, бахтиёрлик ҳиссини туясиз”, дея такрорловчи ҳамкасбимиз Шуҳрат Ҳамидов нафақат ишда, балки, ҳаётда ҳам ҳамиша бизга ибрат.
У 2004-2007 йиллар Яккасарой ва Авиасозлик универсал банк хизматлари офисларида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган кезларидаёқ “Hamkorbank” АТБнинг етакчи мутахассиси сифатида танилган. Кейинчалик Наманган минтақавий ҳамда Юксалиш универсал банк хизматлари офисларида фаолият олиб борди.
2018 йилда янги очилган Чуст универсал банк хизматлари офисига тажрибали ҳисобчи зарур эди. Бу вазифага Ш. Ҳамидов муносиб топилди. Шундан буён ушбу лавозимда фаолият юритиб, ёшларга соҳа сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.
Унинг айтишича, болалик орзуси иқтисодчи бўлиш эди. Ҳаёти орзуга, орзулари эса воқеликка айланганидан хурсанд. Ҳали касбидан кутганлари кўплигига ишонади.
— Инсон ўзини ўзи ҳурмат қилиши ва севиши керак. Шундагина мақсад сари интилади, курашади ва эришади, -дейди у.
Бугун наманганлик ҳамкасбларимиз Шуҳрат акани ўзларига “устоз” деб билишади. У билганларини ёшларга ўргатишдан чарчамайди. “Hamkorbank” АТБнинг Наманган вилоятидаги муассасаларида фаолият олиб бораётганларнинг аксарияти унинг шогирди.
— Банк иккинчи уйимга айланиб қолган. Бу ерда шаклланган қувноқ, аҳил ёш жамоа билан куч-қувватга тўлиб, завқ билан ишлайман. “Устоз” деб йўқлаб келишса бағрим тўлади. “Hamkorbank”да қадр топганимдан хурсандман.

Нодира УСМОНОВА,
ходимлар билан ишлаш менежери