“HAMKORBANK”НИНГ ЧИРОЙЛИ КЎРИНИШИ

Темур Салимов, асли Самарқанддан. Хизмат вазифаси билан айни пайтда пойтахтда яшамоқда. Шайхонтоҳур универсал банк хизматлари офиси КХБ бўлими бошлиғи-бошқарувчи ўринбосари лавозимида ишлайди. Ёш, бироқ билимли, изланувчан ва ташаббускор йигит. У билан суҳбатимиз кадрлар билан ишлаш менежери тавсияси билан бўлиб ўтди.
— Темур, “Hamkorbank”га қандай келиб қолгансиз?

— Ишонсангиз, “Hamkorbank”нинг биноси чиройли бўлганлиги учун резюме топширганман. Суҳбатлардан ўтиб, иш бошлаганман ва бундан ҳеч қачон афсус­ланмайман.
— Сизни билимли йигит дейишди…
— Бироз ошириб юборишибди. Касбимни севишим ва бу борада изланишда эканлигимни мақтанишга йўйманг. Эсимни танибманки, ҳисоб илмини севдим. Шу сабаб иқтисодиёт-молия соҳасига қизиқишим юқори.
— Ота-онангизнинг қўллаб-қувватлашлари…
— Ота-онам доим хоҳиш — истакларимга қараб ҳар томонлама қўллаб – қувватлашган. Ишга кирганимдан кейин оилада ёлғиз ўғил бўлишимга қарамай, банк томонидан бошқа УБХОлардан (яъни Чирчиқ УБХОда) бўлган таклифларга кўниб ишлашимга, карьера қилишимга шароит яратиб беришган. Ҳозиргача ишдан чарчаган вақтларимни сезишса, кўнглимни кўтаришга ҳаракат қилишади, дуо қилиб муваффақиятларга эришишимга ишонч беришади. Ҳалол бўлишим кераклигини, меҳнатдан қочмасликни такрор-такрор уқтиришади.
— Сизни кўп тил билади дейишди, бу ҳам ростми?


— 3-4 та тилни биламан холос. Иқтисодий билимларимни Россия давлатидаги университетда олганман. Демакки, рус тилини мукаммал билишим тайин. Инглизчада фикрларимни яхши тушунтира оламан, немис тилида ҳам шундай. Тожик тилини болалигимда ўрганганман. Чунки мен кўҳна Самарқанд фарзандиман. Тожик дўстларим кўп бўлган. Мана, нечта тил билишимни ҳам билиб олдингиз.
—Болаликдаги, ёшликдаги орзуларингиз ушалдими, ютуқларингиз қай даражада?
— Нега энди ушалдими, ушаляптими денг? Ҳозир ёшман. Шу кунга қадар орзу қилганларим ушалди ва янгилари пайдо бўлди. Улар ҳам секин-аста амалга ошяпти. “Hamkorbank”да ишлаётганимнинг ўзи энг катта ютуқ. Бошқа банкда ишлашни тасаввуримга сиғдиролмайман. Асосийси, ўз ишимни севаман ва уни виждонан бажараман. Ният тўғри бўлса ҳаммасига аста-секинлик билан эришиш мумкин.
— Жамоадошларингиз сизни яхши дўст, ҳамсуҳбат, талабчан ва намунали ходим, ўз навбатида қаттиққўл дейишди.
— Шунақа, лекин қаттиққўл эмас­ман (кулади). Қаттиққўл сўзини жиддийга алмаштириш мумкин. Одатим ҳар бир инсонга ишонаман. Айниқса, ҳамкасбларимга. Улар билан бир оила бўлиб кетганмиз-да. Чунки кўп вақтимизни бирга ўтказамиз. Шундай экан яхши ҳамсуҳбат бўлишим аниқ. Кейин ўзимга нисбатан жуда талабчанман ва баъзида бошқалардан ҳам шуни кутаман. Талаб қилмайман, кутаман. Эътиборимни бажараётган ишимга қаратаман, доим изланишдаман. Шундан бўлса керак юқоридаги “таърифлар”.
— Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз? Қизиқишларингиз — спорт, саёҳат, мутолаа, дўстларнинг қувноқ давраси…
— Саёҳат жону дилим. Ҳар йили таътилда бу одатни канда қилмайман. Футбол билан мунтазам шуғулланаман. Бўш вақтларимни оила, дўстлар ва ҳамфикрлар билан ўтказишни яхши кўраман. Яшириб нима қилдим мутолаа учун вақт ажратолмаслигим менинг камчилигим.
— Топганларингиз…
— Банк тавсияси билан Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида таҳсил олдим. Топганларим дўстлар, қадрдонлар, янги танишлар, тажрибали устозлар. Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истардимки, “Hamkorbank” меҳнат қилганни юксалтирадиган, орзуларни ушалтирадиган даргоҳ. Такрор бўлса-да айтаман жамоа менинг катта оилам. Шунинг ўзи муваффақият.
— Суҳбатингиз учун ташаккур, ишингизда муваффақиятлар тилайман.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА суҳбатлашди.