“HAMKORBANK” АТБ БОШҚАРУВИ РАИСИ БАХТИЁРЖОН ЖЎРАЕВНИНГ ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИГИ
Ҳаётимизда ўчмас из қолдираётган 2023 йил билан хайрлашиб, қутлуғ қадамларла кириб келаётган 2024 йилни қарши олмоқдамиз. Байрам арафасида юртдошларимизни, жамоамиз аъзолари, ҳамкорларимиз ва мижозларимизни Янги йил билан чин қалбимдан табриклайман.
Якунланаётган йилда юртимиз ҳаётида, хусусан, бизнинг банкимизда сезиларли ютуқ ва марралар кўп бўлди. Соҳадаги ижобий ўзгаришлар, янгиланишларда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор. Давлатимиз раҳбари бошлаган Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ғояси бизнинг тизимда ҳам якдиллик билан қўллаб-қувватлангани бир мақсад йўлида қилаётган меҳнатимизда ўз самарасини бермоқда.
Биз нафақат жамоамиз, мижозларимизнинг иқтисодий-молиявий манфаатини кўзлаб фаолият олиб борамиз. Шунинг баробарида, халқимизни фаровон, хотиржам ва бахтли ҳаёт кечиришини истаймиз. “Биргаликда юксалиш сари” шиори остида янги марралар сари қадам ташлаймиз. 32 йилдирки, мана шу ғоя, мана шу эзгу мақсад сари олға интилмоқдамиз.
Жорий йил якунларини сарҳисоб қиладиган бўлсак, натижалар қувонарли. Жумладан, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва банкимиз ўртасида хусусий сектордаги инвестицияларни молиялаштириш учун 35 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ажратиш тўғрисида кредит шартномаси имзоланди. Мазкур шартнома Ўзбекистондаги микро, кичик ва ўрта корхоналарни молиялаштириш имкониятларини янада кенгайтириш учун маблағлар ажратиш ва хусусий сектордаги инвестицияларни оширишга қаратилган.
Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки 20 йилдан буён давом этаётган ўзаро ҳамкорлик натижасида “Hamkorbank” АТБни Ўзбекистондаги етакчи ва фаол ҳамкори сифатида бир неча бор эътироф этган. Бунинг самараси сифатида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 15 миллион АҚШ доллари миқдоридаги исломий молияштириш йўналиши бўйича келишувга эришилди.
Жидда шаҳрида банкимиз ва Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси ўртасида Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун молиялаштириш бўйича шартнома тузилди. Бу бизнесни исломий молиялаштиришнинг асосий усулларидан бири бўлган “Муробаҳа” тамойили асосида амалга оширилади.
Шунингдек, миллий ва хорижий валюталардаги узоқ муддатли банк депозитлари рейтинги ва базавий кредит рейтинги “Б1” ва контрагент таваккалчилик рейтинги “Ба3” даражасида баҳоланди.
Кези келганда айтиш лозимки, фаолиятимизни рақамлаштириш, трансформация қилиш, янги банк маҳсулотлари ва хизматларининг онлайн тизимга ўтказилаётганлиги мижозлар учун қўшимча қулайликлар яратмоқда. Бу банкимизни ривожлантиришга, молия бозоридаги ижобий рақобатни енгишига олиб келяпти.
2024 йилда фаолиятимизни янада кенгайтириш ва даромадларимизни ошириш, хизмат сифатини юқори даражага олиб чиқиш бош мақсадимиз. Бу халқимиз турмуш фаровонлиги ва иқтисодиётимизни юксалтиришга хизмат қилади. Пировардида банкимизнинг молия бозоридаги ўрни янада мустаҳкамланади. Ишонаманки, бу ҳаракатда ҳамкасбларимиз четда турмайди.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор кириб келаётган 2024 йил билан самимий табриклайман. Янги йил, энг аввало, янги лойиҳалар, бизнес-режалар, улкан мақсадлар туғиладиган, унинг рўёби учун кенг имкониятлар йили бўлсин. Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман. Хонадонингиздан файз-барака, шодлик, тинчлик ва осойишталик аримасин!
Янги йилингиз муборак бўлсин!