“Hamkorbank” АТБ бошқаруви раиси Бахтиёржон Жўраевнинг байрам табриги
Айни кунларда Ўзбекистонда энг улуғ ва энг азиз байрам — давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги кенг тантана қилинмоқда. “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” деган бош ғоя остида ўтказилаётган бу байрам биз учун қўшалоқ шодиёна демакдир. Чунки Истиқлол тенгдоши бўлган банкимиз ўзининг 33 йиллигини нишонламоқда.
Мустақиллик — юртни, миллатни бирлаштирадиган ягона куч, кўп миллатли халқимизнинг иродаси, унинг ҳуррият ҳақидаги азалий орзуларидир. Ўтган қисқа давр мобайнида юртимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Йирик саноат корхоналари, янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, юзлаб уй-жойлар, ижтимоий инфраструктура объектлари барпо этилди. Буларнинг замирида, шубҳасиз, иқтисодиётимиз юксалиб бораётгани, яратувчиларни молиявий қўллаб-қувватланаётгани мужассам.
Албатта, амалга оширилаётган ислоҳотларда банкимиз жамоасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Бугун республикамизнинг барча вилоятларида “Hamkorbank” номи билан фаолият юритаётган муассасаларда сифатли ва тезкор хизматлар йўлга қўйилган. Ҳамкорларимиз ва мижозлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Тижорат банклари орасида ўз ўрнимизга эгамиз. Молия бозорида маҳсулотларимизга қизиқиш ортиб боряпти. Халқаро молия ташкилотлари томонидан алоҳида эътироф этилаётганимиз ҳам бежиз эмас.
Айни кунларда Тошкент минтақавий ва Шаҳрихон универсал банк хизматлари офислари ўзининг 30 йиллик, Авиасозлик ва Яккасарой УБХО 20 йиллик, Навоий МБХО 15 йиллик, Гулистон, Жиззах МБХО ва Боғишамол, Шайхонтоҳур УБХО 10 йиллигини нишонламоқда. Мазкур муассасаларимиз учун мана шу вақт ривожланиш даври бўлди. Ана шу ҳудудларда янги ҳамкорлик қадамлари ташланди.
Қадрли ҳамкасблар!
Сизларни, ҳамкорларимиз ва барча мижозларимизни байрам тантаналари билан самимий табриклайман. Юртимиз иқтисодиётини юксалтириш ва халқимизга сифатли банк хизмати кўрсатиш йўлида янги зафарлар тилайман.
Байрамлар муборак бўлсин!

